« Back

Онлайн семинар 20.06.2020 13:31

Партия ОТМга қабул квоталарини бекор қилиш ташаббусини илгари сурган эди

Бугунги пандемия шароитида олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш онлайн шаклда амалга оширилмоқда. Имтиҳонлар эса карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилиши лозимлиги белгиланди. Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида ҳужжат топшириш мумкин бўлган олий таълим муассасалари сони учтадан бештага етказилди.

«Адолат» СДП, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳамкорлигида «Олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда 2020-2021 ўқув йилидаги қабул жараёнларидаги ўзгаришлар» мавзусида ташкил этилган онлайн семинарда шулар ҳақида сўз юритилди.

Семинарда бугунги кунда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда 2020-2021 ўқув йили учун бўладиган қабул жараёни ва унда амалга оширилиши керак бўлган ишлар таҳлил қилинди.

– Партиямиз 2019 йилдаги сайловлар жараёнида халқимизнинг таклиф ва мулоҳазалари асосида олий таълим тизимида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор ташаббусларни илгари сурган эди, – деди Ўзбекистон «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. – Орадан қисқа вақт ўтган бўлишига қарамасдан бу ташаббусларнинг кўпи ҳукумат ва давлат раҳбари томонидан қабул қилинган қарорлар орқали амалиётга жорий қилинмоқда. Жумладан, партия ОТМга қабул квоталарини бекор қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Шу билан бирга кириш имтиҳонларини бекор қилиш масаласи ҳам дастурдан ўрин олган. Жорий йилда имтиҳонлар сони бештадан иккитага туширилгани бу борадаги катта қадамлардан бўлди.

Ҳозирги пандемия шароити туфайли барча олий таълим муассасалари қисқа фурсатларда замонавий ахборот технологиялари билан таъминланиб онлайн таълим олиш тизими жорий этилди. Бу эса мамлакатимизда замонавий онлайн таълим тизимини амалга оширишда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янги босқичга олиб чиқди. Шунингдек, ўтган қисқа вақт давомида дунёнинг етакчи университетлари филиалларини юртимизда очиш борасида ҳуқуқий база яратилди. Бунинг натижасида бўлажак кадрларда танлов имкониятлари кенгайди.

Бугунги пандемия даврида бу каби онлайн семинарлар сонини кўпайтириб олий таълим тизимида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотнинг туб моҳиятини ёшларга етказиш орқали яна ҳам кўпроқ самара ва натижага эришиш мумкинлиги таъкидланди.

Экспертларнинг якуний хулосалари тингланиб, шу йўналишдаги онлайн семинарларни қисқа вақт ичида барча ҳудудий кенгашлар томонидан ҳам ташкил этиш белгилаб олинди.

Хуршид ҚОДИРОВ,
ЎзА