« Back

Онлайн учрашув 20.07.2020 13:25

Гиёҳвандлик аср вабоси: ахборот-кутубхона муассасалари олдида турган вазифалар

Инсоният таррақиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб колмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир. Глобал муаммога айланган ушбу иллатга қарши курашишда давлатлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

photo_2020-07-20_13-26-48 Ўтган асрдан бизга «мерос» бўлиб қолган трансмиллий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури инсоният келажагига ҳавф солиб келмоқда. Хусусан халқаро терроризм, дин ниқоби остидаги экстремистик, фундаменталистик ва сепаратистик хуружлар, наркотик моддалар билан савдо қилиш (наркобизнес), одам савдоси ҳисобланади. Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфланаётган харажатларидан анча кўплиги билан фарқланиши ҳеч кимга сир эмас.

Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофонининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади. Шу боисдан, гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш мақсадида БМТ томонидан «Наркотик моддалар тўғрисида»ги, «Психотроп моддалар» ҳамда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши қураш тўғрисида»ги конвенциялар қабул қилиниб, 1987 йил 7 декабрдаги 47/112-сонли резолюциясига кўра «26 июнь – Халқаро наркотик моддаларини суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни» деб эълон қилинган.

Дунё бозорида тарқаладиган қора дорининг асосий қисми Афғонистонда етиштирилиб, уни ноқонуний йўл билан Марказий Осиё мамлакатлари орқали Ғарбга етказишга бўлган уриниш йилдан йилга кучайиб бормоқда. Шунинг учун юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи омиллардан бири сифатида қараб келинмоқда. Ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида бир қатор қонунлар ва халқаро шартномалар қабул қилинди.

Бугунги кунда гиёҳвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди, десак асло муболаға бўлмайди. Соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёҳванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар.

Баъзан гиёҳвандлик қурбонига айланиб қолган инсонларнинг қисматини кўриб, уларга нисбатан нафрат, қаҳр ва раҳм туйғуларининг уйғониши табиий. Уларнинг қуриётган дарахт мисол умри эвазига айрим қора ниятли ёвуз кимсаларнинг ҳамёни фойда кўрмоқда. Одам қиёфасидаги бундай маҳлуқларнинг қора оғуни вояга етмаган ёшлар орасида тарқатиб, уни истеъмол қилишга тарғиб қилаётганига жим қараб туриб бўлмайди, албатта. 

Дунёқараши эндигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим. 

Тошкент шаҳар "Bilim" АКМ ҳамда М.Улуғбек туман АКМ ва Сергели тумани АКМ ҳамкорлигида ZOOM дастури орқали “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида онлайн-учрашув, маърифий-ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда "Гиёҳвандлик аср вабоси: ахборот-кутубхона муассасалари олдида турган вазифалар"(Каримова Ҳафиза - Тошкент шаҳар "Bilim"  ахборот кутубхона маркази директори); Алимходжаева Татьяна  - Тошкент шаҳар М.Улуғбек тумани АКМ директори “Ёшлар гиёҳвандликка қарши” мавзуси орқали аввало оилавий муҳит бунга катта таъсир этишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, "Гиёҳвандлик" ўзи нима, унинг келиб чиқиши ва қайси йўллар билан ёшлар айнан ушбу иллат исканжасида қолаётгани ҳақида батафсил маълумот берди. 

Носиров Хумоюн Сергели тумани Ёшлар иттифоқи етакчиси томонидан "Ёшларни гиёҳвандликдан қандай қутқариш мумкин" каби маърузаси билан ўз тажрибасидан келиб чиқиб, гиёҳвандлик нима, унинг салбий оқибатлари, қандай ҳолатларда, қайси ёшларда, қандай оилаларда учраётганлиги ҳақида қизиқарли маълумотларни тақдим этди.

Тадбир сўнгида Тошкент шаҳридаги барча туман АКМ ҳамда китобхон ёшлар ўзларининг қизиқарли фикр, мулоҳазалари билан иштирок этишди. Ёшларнинг айнан неча ёшида гиёҳвандликка ружу қўйиши, сабаблари ва салбий оқибатлари тўғрисида берилган саволларга спикерлар томонидан жавоб бердилар. Т.Алимходжаева ёшларнинг айнан 14-16 ёшида гиёҳвандликка мойиллиги кўпроқ эканлигини таъкидлади ва айнан улар билан ишлашнинг шакл ва усулларига тўхталди. 

Шунингдек, Сергели тумани Ёшлар иттифоқи етакчиси Ҳ. Носиров агар ёшларимизнинг ҳаётда бир аниқ мақсади бўлмаса, бирор қизиқарли машғулот билан шуғулланмаса, оиласида, ота-онаси фарзанд тарбиясига жиддий эътибор қаратмаса ёки бандлиги таъминланмаса, ана шулар гиёҳвандликка сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. 

Учтепа туманидан ёш китобхон А.Гулямов оддий гиёҳвандликнинг бошланиши бу дорихоналарда сотилувчи турли психотроп дори воситалари эканлиги, ушбу дори воситаларини назоратсиз сотилиши, ёшлар уларни билиб билмасдан, ҳавасга ёки синаб кўриш учун қабул қилишига йўл қўймаслик учун назоратни кучайтириш зарурлиги ҳақида фикр билдирди. 

Учтепа тумани АКМ директори Б. Ходжаева "Гиёҳвандликка қарши кураш" тадбирлари мунтазам ҳаттоки карантин вақтида ҳам онлайн тарзида ўтказилиши ҳамда ёшларимизни бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун китобхонлик маданиятини янада шакллантиришга хизмат қилади ва бу тадбирни Тошкент шаҳри бўйлаб барча ахборот-кутубхона марказларида ўтказилиши тўғрисида ўз таклифларини билдирди. 

Шунингдек, бу каби тадбирлар мунтазам амалга оширилса ўз самарасини бериши, ёшларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун аввало китобга бўлган меҳрини ошириш еераелиги таъкидланди.

Хулоса қилиб айтиш жоизки, Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни бу соҳада алоҳида бўлиши керак. Албатта бизнинг вазифамиз турли йўналишларни қамраб олган ҳолда амалга оширилиши назарда тутилган. Лекин бугунги мавзу ўзининг долзарблиги билан, мамлакатимиз, давлатимиз, жамиятимиз келажагига ўзининг салбий оқибатлари билан таъсирини инобатга олганимизда кейинга суриб бўлмайдиган, ёшлар камолотига жуда ҳам муҳимлиги билан диққат марказимизда туриши керак.

Ҳар бир АКМ ўз ҳудудидаги ИИБ лари, маҳаллалар, ёшлар бўлими, турли ННТ лар билан биргаликда албатта чуқур ўрганган ҳолда китоб тарғиботи, одоб ахлоқ масалалари билан бир қаторда, гиёҳвандлик нима, унинг оқибатлари қаерга олиб боради, ҳаёт тажрибадан мисоллар асосида тарғибот олиб бориш даврнинг талабидир. Кутубхоналарнинг асосий мақсади ҳам юксак маънавий, интеллектуал ёшлар сафини янада кенгайтириш.

Зеро, вояга етаётган фарзандларимиз ўтмиши қадим, тупроғи олтин, осмони мусаффо Ўзбекистоннинг келажак ворисларидир. Уларни мана шундай соғлом муҳитда, эзгу тушунчаларни юракларига жойлаб вояга етказайликки, ҳеч қанақа ташқи салбий хуружлар ва қора иллатлар ўпқони уларни ўзига жалб қила олмасин.

Бугунги ташкил этилган онлайн-учрашувимиз ҳам айнан гиёҳвандликни олдини олиш, ёшларимизни бундай нотўғри йўлдан қайтариш, ўз умрини, ширин ҳаётини заҳар билан заҳарламасдан, Президентимиз томонидан яратилаётган имкониятдан кенг ва мақсадли фойдаланган ҳолда ўзининг порлоқ келажагини яратишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

 Ҳафиза КАРИМОВА,
Тошкент шаҳар  “Bilim” ахборот-кутубхона маркази директори