« Back

Озиқ-овқат 11.06.2020 12:59

Йил якунига қадар 350 га яқин озиқ-овқат корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган

Коронавирус эпидемияси таъсир ва оқибатларига қарамай, мамлакатимизда озиқ-овқат соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ишлари изчил давом этмоқда.

2020 йилнинг январь-май ойларида «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси, инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида қиймати 268,2 млрд. сўм, қуввати 168 минг тонна бўлган 50 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилди.

Йил якунига қадар ҳудудий лойиҳалар асосида жами 350 га яқин озиқ-овқат корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган. Бу ҳақда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Озиқ-овқат соҳасида тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари ҳисобига ҳудудий лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш жойларини яратиш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда халқ фаровонлик даражасини оширишга ёрдам беради.

ЎзА