« Back

Пленум 18.07.2020 14:01

Судьялар холис ва адолатли бўлишга қасамёд қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий судида навбатдан ташқари бўлиб ўтган пленум мажлисида илк бор лавозимга тайинланган судьялар қасамёд қабул қилди.

Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тадбирда вилоят судлари раислари, судьялар ва масъул ходимлар иштирок этди.

Тадбирда илк бор судьялик лавозимига тайинланган 24 нафар судьянинг қасамёди эшитилди.

Илк бор судьялик лавозимига тайинланган судьялар ва уларнинг меҳнат фаолиятига оид маълумотлар ўқиб эшиттирилди ва судьялар қасамёд қилишга киришди.

- Кўп йиллар Олий судда меҳнат қилдим, - дейди илк бор судьяликка тайинланган судья Н.Зияева. - Мана бугун судьялик мақомига эришдим. Бундан ҳурсандман. Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, холис ва адолатли бўлишга ҳаракат қиламан.

Олий суд раисининг ўринбосари Икром Муслимов судьяларга фаолиятларида қасамёдга содиқ бўлган ҳолда, қонун асосида фидойилик билан хизмат қилиши зарурлигини билдирди. Юксак ишончини тўлиқ оқлаш йўлида уларга муваффақият тилади.

Тадбирда илк лавозимга тайинланган судьяларга гувоҳнома ва Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси, судья Нуриддин Муродовнинг яқинда нашрдан чиққан “Фитна қурбонлари” ҳамда “Менинг фалсафам” китоблари топширилди.

Муаттар Рўзибоева,
ЎзА