« Back

Портал 26.05.2020 12:34

“Истеъмолчи кутубхонаси” номли портал яратилмоқда

Биз барчамиз – истеъмолчимиз. Кундалик ҳаётимизда товарлар сотиб олганимизда, иш ва хизматларга буюртма берганимизда истеъмолчи ҳуқуқларидан фойдаланамиз. Аммо ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз ҳақида тўлиқ маълумотга эгамизми? Умуман, бугунги кунда ҳар биримизда истеъмол маданияти қай даражада шаклланган?

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, аҳоли ўртасида истеъмол маданиятини янада ривожлантириш мақсадида ҳудудларда “Истеъмолчи кутубхонаси” қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Эндиликда ҳар бир фуқаро мазкур кутубхоналар фондидан ўрин олган Ўзбекистон қонунлари ва истеъмолчилик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар, сиёсий-иқтисодий қўлланмалар, маърифий, бадиий, илмий оммабоп китоблар, республикамизда нашр қилинадиган газета-журналлардаги маълумотлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда. Бу каби кутубхоналар замонавий “Book cafe” ва бепул WiFi тизими ҳамда интернет орқали зарур адабиётларни топиш ва харид қилиш имконини берувчи “eReader” электрон ўқув қурилмалари билан таъминланган. Шу кунга қадар федерация томонидан Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон, Боғдод, Фарғона туманларида, Навоий вилоятининг Қизилтепа ҳамда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманларида “Истеъмолчи кутубхонаси” қуриб фойдаланишга топширилди.

Эндиликда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида, Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳар, Данғара ва Қўштепа туманларида, Андижон вилоятининг Избоскан, Қўрғонтепа ва Асака туманларида, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон, Наманган туманларида, Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида, Бухоро вилоятининг Олот, Бухоро туманларида, Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида, Қашқадарё вилоятининг Косон, Касби, Муборак, Деҳқонобод туманларида, Сурхондарё вилоятининг Бойсун ва Қумқўрғон туманларида қуриб битказилган “Истеъмолчи кутубхонаси” ҳам фойдаланишга топширилиш арафасида. Мазкур кутубхоналарнинг фонди федерация буюртмаси асосида Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган 15 номдаги ўқув-қўлланма ва адабиётлар билан бойитилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мутахассислари томонидан “Истеъмолчи кутубхонаси”нинг электрон портали яратилмоқда. Эндиликда сиз мазкур портал орқали уйда ўтирган ҳолда истеъмолчи сифатидаги билимларингизни янада мустаҳкамлашингиз мумкин.

ЎзА