« Back

Расмий баёнот 19.04.2020 12:48

Ўзбекистонда карантин тадбирлари 10 майга қадар узайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 1495 бемор рўйхатга олинган. 194 фуқаро соғайиб, реабилитация марказларига ўтказилди. Кечанинг ўзида бу каби реабилитацияга ўтказилганларнинг сони 38 нафарни ташкил этди.

Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 87 беморнинг 27 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 93 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 165 бемордан 53 нафарида пневмония клиник белгилари бор, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Ҳурматли юртдошлар!

Карантин тадбирлари давом этяпти. Хабарингиз бор, карантин тадбирлари шу йилнинг 10 майига қадар узайтирилди. Ушбу карантин тадбирлари нима учун керак? Биз аниқ биламиз: қачонки, карантин тадбирларига риоя қилсак, вазиятни барқарор ушлаб қоламиз. Яққол мисол сифатида Хитой Халқ Республикаси ва Жанубий Корея давлатида қилинган ишларни келтириш мумкин. Халқ билан биргаликда ҳосил қилинган қаттиқ ирода, қаттиқ тартиб ва сабр касалликни енгишга сабаб бўлди.

Статистик маълумотларга кўра, охирги бир куннинг ўзида АҚШда 18 мингдан ортиқ ҳолатда коронавирус касаллиги, 1 минг 100 ҳолатда ўлим, Англия давлатида 5 мингдан, Россияда 4 мингдан кўпроқ ҳолатда касаллик қайд этилди. Тасаввур қилинг: агар бу каби кўрсаткичлар Ўзбекистонда аниқланганида ҳолимиз нима бўларди!? Шундай экан, ҳар биримиз қилинаётган ишларни тўғри тушунишимиз, уйда қолишимиз, карантин тадбирларига тўлиқ риоя қилишимиз шарт. Қачонки, биз ҳам Хитой, Корея халқи намоён этган сабр-қаноатни, бардошни намоён қила оларканмиз, касалликни енгамиз.

ЎзА