« Back

Реабилитация маркази 10.05.2020 13:26

Ҳимоясиз қолаётган аёлларни ҳимоя қиламиз

Пандемия билан боғлиқ карантин бутун дунёда вирусдан ҳимояланишнинг ягона чораси бўлди. Аммо бу оддий ҳол эмас, балки одамлар ҳаётига ҳар томонлама таъсир қилган мураккаб жараён бўлди.

Оилаларда барчанинг узоқ вақт бирга бўлиши, нафақат катталар, балки болаларнинг кундалик бажариладиган ишлар, одатларни тарк этиб фақат уйда қолиши кучли руҳий босимни ҳам келтириб чиқарди. Бу эса эр-хотинлар ўртасида зиддиятлар пайдо бўлишига ҳам олиб келди.

Айнан ушбу ҳолатга БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) эътибор қаратиб, инқироз марказлари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг “Ишонч телефонлари”га бўлаётган мурожаатлар таҳлилидан келиб чиқиб дунёда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ортиб бораётганини маълум қилди.

Бундан Ўзбекистон ҳам холи эмас, албатта. Шунинг учун ҳам жабр кўраётганларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Гендер тенглик масалалари комиссияси ташаббуси билан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад мушкул аҳволга тушаётган шахсларга тезкор зарурий ёрдам кўрсатишдир.

Республика реабилитация мослашув маркази ва унинг жойлардаги тизимлари орқали тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга хуқуқий, психологик, тиббий ёрдам кўрсатиш йўналишида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳамкор ташкилотлар билан онлайн мулоқотлар тез-тез ўтказилаётгани туфайли ишлар самарадорлиги ортди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган.

Марказимизнинг ҳудудий бўлимларига жорий йилнинг январь ойида 1755, февраль ойида 1473, март ойида эса 1243 мурожаат, апрель ойида эса 671 нафар мурожаат бўлди.

Кўпинча мурожаат қилувчиларга шу заҳоти психолигик, ҳуқуқий масалаҳатлар берилади. Амалий ёрдам бериш зарур бўлган ҳолатларда эса реаблитация марказларига жойлаштирилмоқда.

4 май ҳолатига ҳудудий Реабилитация марказларига оилавий зўравонликдан жабр кўрган 42 шахс жойлаштирилган бўлса, улардан 24 нафари аёллар ва 17 нафари болалардир.

Уларга керакли ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Марказимизнинг бош психологи ва болалар психологи томонидан биринчи ўринда карантин вақтида юзага келиши мумкин бўлган зўравонликнинг олдини олиш хақида видео тренинглар тайёрланган.

Мунтазам равишда зўравонликларнинг турлари бўйича ҳафталик маълумотлар таҳлил этилиб, натижаларига кўра жойларда фаолият юритаётган психологлар учун қўлланма яратилди ва электрон кўринишда тарқатилди.

Бундан ташқари, психологларимиз томонидан барча эхтиётмандларга онлайн психолог маслаҳати хизмати ҳам йўлга қўйилди.

Шу ўринда карантин вақтида эр-хотинлар учун ацйрим психологик тавсиялар бериб ўтсак. Жумладан, ҳар бир турмуш қурган эркак ва аёл азалий қадриятлардан келиб чиқиб ўз оилавий қадриятларини яратиши керак. Ўзаро ҳурмат, амалга ошириладиган ишларда баҳамжиҳатлик, кун давомида қилинадиган ишларни бирга режалаштириш, бири-бирини эшитиш ва тушуниш қадрият асосини ташкил этиши зарур.

Буни амалга оширишга аёл ҳаракат қилса-ю,бунинг уддасидан чиқа олмаса, қолаверса эри томонидан қўполлик ҳаддидан ошиб, зўровонлик юзага келса, буни яшириш керак эмас.

Буни бошқа оила аъзоларига, яқин қариндошлар маълум қилиш керак. Бу ҳаракат эса тажовузкор одамда ҳайиқиш, масъулият ҳиссини уйғотиши мумкин. Бунинг ҳам имкони қолмаганда, яъни ҳимоя имкони қолмаганда эса бизга мурожаат қилинг. Биз сизга имкон қадар ёрдам берамиз. Жамиятимизда ҳар бир шахс, айниқса аёларимиз эътиборга, ҳурмату эҳтиромга лойиқ.

Насиба МИРОДИЛОВА, 
Республика реабилитация мослашув маркази раҳбари