« Back

Рейтинг 28.04.2020 12:25

Ўзбекистондаги илмий журнал дунё рейтингида юқорилади

Ўзбекистондаги ягона халқаро илмий журнал “Applied Solar Energy” (“Гелиотехника” журналининг инглиз тилидаги нашри) Scopus халқаро библиографик ва рефератив маълумотлар базасида бир поғона юқорилади.

Ушбу илмий нашр савиясининг ошиши таҳрир кенгаши аъзоларининг жаҳонда тан олинган етук мутахассислар экани ҳамда илм-фанда кўчирмакашликнинг олдини олиш бўйича Польшанинг “Plagiat.pl” компанияси билан ўзаро ҳамкорлик натижасида антиплагиат тизимини мамлакатда биринчилардан бўлиб қўллаб келаётгани туфайлидир.

Журналда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштириладиган илмий тадқиқот ишлари натижалари мунтазам ёритиб борилаётгани илм-фан соҳасидаги ваколатли давлат органи билан ҳамоҳанг фаолият юритилишидан далолат.

– Таҳририят кенгаши аъзоларини танлашда уларнинг салоҳияти, охирги ўн йилликдаги фаоллиги, шогирдлар тайёрлаш тажрибаси эътиборга олинади, – дейди журнал бош муҳаррири Нилуфар Авезова. – Шунингдек, журнални тайёрлашда Европа мамлакатлари, АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон каби ривожланган давлатлар илмий марказларининг етук мутахассислари жалб қилинаётгани ютуқларга эришишда муҳим омил бўлди.

Мазкур нашрнинг дунё илмий ҳамжамияти маълумотлар базасида сезиларли ўринга эга бўлишида, авваламбор, “Гелиотехника” илмий журнали бош муҳаррири, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида етук олима Нилуфар Авезованинг хизмати беқиёс. У ўз фаолияти давомида журналнинг илмий аҳамияти ва савиясини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Унинг раҳбарлигида журналнинг жаҳон андозалари даражасидаги веб-сайти яратилгани нашр жамоасининг яна бир ютуғидир.

Мазкур нашр 2017 йилда Clarivate Analytics компанияси томонидан Марказий Осиёдаги энг яхши илмий журнал деб топилди ва Web of Science Awards 2017 мукофотига сазовор бўлди. Журнал келажакда мамлакатда давлат тилидаги илмий нашрларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш ва ягона илмий нашрларга ҳаволалар кўрсаткичини ташкил қилишда олимлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

ЎзА