« Back

Сабоқ  18.05.2020 11:25

Гулу чечакларимизи асрайлик

Ҳаёт – беқиёс устоз, ҳаёт – мураббий. Сабоқлари билан инсонни тоблайди. Ўйлашга, фикр қилишга ундайди. Унинг гоҳ илиқ меҳри, гоҳ совуқ қаҳри бизни матонат-ла тарбиялаб бораверади.

Ҳаёт –  беминнат маслаҳатгўй. Фақат унинг нима демоқчи эканлигини ўз вақтида англаш ўринли.

Гарчанд, бугун мен ҳам муқаддас илм масканида устозман. Не-не қора кўзларга таълим бераман. Ўрганганларимни улар билан бўлишаман.

Дарҳақиқат, илм олишда бир ҳикмат бор экан. Баъзан каттадан, баъзан кичикдан ибрат оларкансан киши...

Баҳорнинг илк кунлари эди. Қишнинг совуқ тафти ҳали кетиб улгурмаган, табиат кўзларини базўр очаётган палла. Одамлар залворли кийимларини эгнидан ечиб улгурмаган онлар.

Шундай қилиб, дарс жадвали бўйича эрта тонгдан қизғин баҳс мунозарага бой сабоқларим бошланади. Шошилганча илм даргоҳим сари йўл олдим. Таниш кўчалардан ўтарканман, 10-11 ёшли боланинг йиғлаб турганига кўзим тушди. Рости шошиб турганим учун унинг овоз чиқариб йиғлаб турганига ҳам қарамай ёнидан ўтиб кетдим. Бироқ, бироз юргач таққа тўхтадим. Ақлим “кеч қолаяпсан, ўқитувчининг масъулиятсизлиги болаларга салбий таъсир қилади” деса, кўнглим...

–  Нега йиғлаяпсиз, ўғлим?! – ортга қайтгач унга илк саволим шу бўлди.

–  Ўзим, – базўр гапирарди у.

Мен хайрон эдим. Болакай ўзи бир аҳволда, лекин, қўлида кичкинагина “фикус” гулини идиши билан бағрига маҳкам босиб турарди. Унинг ғайритабиий ҳолати янада қизиқишимни кучайтирди.

– Сизни ким хафа қилди? Нега гул кўтариб олдингиз? Ахир ҳаво совуқ, уйга киринг, онажонингиз қани? – бечорагинани бир неча саволларга кўмиб ташладим.

Унинг ёш тўла кўзлари жовдирар, кўнгли бир нажоткор излаётганди, гўё.

– Болажоним, қўрқманг, –  унга тасалли бериб аста қўлларидан тутдим, аммо, у ортга қадам ташлади.

– Кирмайман, – деди у норози оҳангда.

– Нега, тойчоғим?!

– Уйимизда  дадам билан онам жанжаллашаяпти. Мени ҳам хафа қилди. Улар ёмон. Уйга киргим келмайди,  –   унинг дил “қулфи” очилди.

– Ақлли болалар ота-онасини ёмон демайди. Сиз ақлли боласиз-ку!

– Улар мени яхши кўрмайди, яхши кўрмайди,  –   у бетоқат қичқирарди.

–  Йўқ, асло! –   уни қандай қучиб олганимни билмай қолдим. – Зинҳор бундай деманг. Ота-оналар фарзандларини жуда қаттиқ яхши кўради. Тўғри, баъзан койиб ҳам беради, лекин, бундан ранжимаслик керак. Чунки, улар сизни билимли, одобли бўлиб камол топишингизни истайди. Шунинг учун улардан хафа бўлиш яхши эмас.

Унга ота-она тўғрисида яна тўлиб-тошиб сўзлагим келардию аммо, ўринли жавоб тополмасдим. “Ота-она бизни койиса ҳам, юраги қон бўлиб, фарзандини ранжитгани учун ўзи минг бора азобланишини ҳеч бир сўз қамровига сиғдириб бўлмас экан...”

– Дадам гулларни ҳам синдириб ташлади, – у эндиликда паст оҳангда сўзларди. –  Билмадим, жуда жаҳли чиқди. Шу кичкина гулимни асраб қолдим, холос. – Болакайнинг киприклари пириллаб учарди.  – Гулларим ҳам “қўрқиб” кетди.

Унинг айни шу сўзи қалбимни тилка-пора қилди. Кичкина жуссаси, мурғак қалби билан борлиқни ҳис қила олган, нозик гулнинг “қўрққани”ни қалб кўзи билан кўра билган бу бағри кенг боланинг ўзи ва пок дилига устозлик меҳрим жўш урди. Кўзимда ёш қалқди. Юрагимда туғён турди.

– Сиз бор экансиз гуллар сира қўрқмайди. Чунки, сиздек кучли ҳимоячиси бор, – бироз сукунатдан сўнг унга далда бердим.

Бола билан бола сингари тиллашиб унинг дилига кириб бориш жуда муҳим босқич. Буни ҳеч бир илмий услуб билан тушунтириб бўлмайди. Шунда унинг ишонч билан порлаган кўзларини кўради инсон. Мен ҳам унинг кўзларида ўзига бўлган ишонч ифтихорини кўрдим.

Болакай ўз дунёсида, мен ҳам ўз оламимда хаёлга чўмиб қолибмиз чоғи дарвозанинг шарақлаб очилгани бизни ҳушёр торттирди.

– Ўғлим! – болакайнинг ота-онаси жўр овозда югуриб чиқдию  таққа тўхтади. Улар қаршимизда гуноҳ қилгандек хижолатли турарди. Бу онда насиҳатгўйлик керак эмасди.

– Ўғлингиз келажакда буюк инсон бўлади. У билан ўқишлари хусусида суҳбатлашдик-а!? –  унга маъноли кулиб қўйдим. – Фақат, ўғлингиз ва гулларни “қўрқитманг”, илтимос! – дея болакайни бағримга босиб, у билан хайрлашиб йўлимда давом этдим. Одимлар эканман, оёқларим ўзимга бўйсунмас, боланинг беғубор қалби менинг юрагимга кўчиб бўлганди, гўё...

Бугун ўқувчиларимга шундай сабоқ берайки, уларнинг онгу шуурида бир умрлик хотирага айлансин. Ҳаёт йўлига машъала бўлсин.

Хуллас, табиат ва инсон... Ҳеч бир илмий метод асослай олмайдиган ҳаёт сабоқлари!.. 

Фотимахон АБДУЛЛАЕВА