« Back

Саховат ва кўмак 29.04.2020 15:01

Аҳолининг ижтимоий муҳофазаси ва бандлигини таъминлаш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда

Ҳар они катта синов мисол ўтаётган бугунги мураккаб даврда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, давлатимиз ва кенг жамоатчилигимизнинг диққат марказида турган энг муҳим вазифалардан бирига айланган.

Бу борада даставвал аҳолининг бандлигини таъминлаш, маълум бир кундалик ишга жалб этиш, оиласи ва фарзандлари учун таъминот асосларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз куни кеча аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳозирги синовли кунлар барча жабҳалар қатори тадбиркорлар фаолияти ва иқтисодиёт соҳасига ҳам жиддий таъсир кўрсатганлигини таъкидлаб ўтди. Эндиги вазифа эса мазкур мураккаб ҳолатдан босқичма-босқич чиқиш чораларини кўриш, бунинг баробарида янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш зарурлигига тўхталди. Бу борада Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида амалга оширилаётган ишлар таҳлилий кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур икки ҳудуд ҳам мамлакатимиздаги аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган вилоятлар сирасига киради. Бу эса жойлардаги мавжуд давлат ва хусусий иқтисодиёт ташкилотлари, тадбиркорлар ва кичик бизнес вакиллари олдига катта масъулият юклаши баробарида, аҳоли бандлигини мунтазам равишда таъминлаш заруратини қўяди.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, карантин даврида Фарғона вилоятида 10 минг корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларида пасайиш кузатилган бўлса, Қашқадарёда бу рақам 11 мингни ташкил этмоқда. Бу эса ўз-ўзидан ишсизлар ҳамда эҳтиёжманд оилалар сонининг ошишига олиб келади.

Президентимиз келтириб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадида касаллик юқтириш хавфи юқори, ўрта ва паст даражада бўлган мазкур ҳудудлардаги туман ҳамда фаолият турларини таҳлил қилиб, аниқланган хулосалар асосида карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида бир неча кун олдин қурилиш ишларини давом эттиришга рухсат берилганлигини инобатга олиб, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидаги қурилиш объектларидаги режалаштирилган ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида хонадонлардаги мавжуд томорқа ерларидан унумли фойдаланиш зарурати бугун ҳар қачонгидан ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, одамларимизни зарурозиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва бунинг натижасида ички бозорлардаги нархлар барқарорлигини сақлашда фуқароларнинг шахсий томорқаларидан олинадиган маҳсулотларнинг ўрни ва салмоғи катта. Сабаби, ер билан тиллаша олган, ундан унумли фойдаланишни йўлга қўйган киши аввало, ўз рўзғори бутлигини таъминласа, эҳтиёжидан ортган маҳсулотлари билан бозорларимиз тўкинлиги ҳамда нарх-наво барқарорлигига катта ҳисса қўшади.

Бу борада Фарғона вилоятидаги мавжуд 584 264 та аҳоли хонадонларидаги 41 039 гектар томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, уларга баҳорги эртаки экинлар экиш бўйича ҳозирда барча чоралар кўрилмоқда. Вилоятдаги вақтинча ишсиз фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича эса ҳозирда бир қатор зарур ташаббуслар илгари сурилиб, уларнинг ижроси бўйича керакали чоралар олиб борилмоқда. Мисол сифатида Фарғона туманидаги “Новкент”, “Ямбарақ” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 20 гектар, “Қораянтоқ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 60 гектар бўш ер майдони ҳудуддаги кам таминлаган, боқувчисини йўқотган оилалар, доимий иш ўрнига эга бўлмаган ёшларга коперация шаклида бириктирилганлигини айтиш мумкин. Ажратилган мазкур ерларга анор, беҳи, малина, ёнғоқ кўчатларини экиш, шунингдек, фуқароларнинг ўз тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун АТБ Агробанк Водил филиали томонидан 100 млн сўм кредит маблағлари ажратилди.

Қашқадарёда ҳам аҳоли томорқаларидан фойдаланишда юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида вилоятдаги 85 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларда “Бир маҳалла бир маҳсулот тамойили” асосида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида жорий йилда аҳоли томорқаларидан жами 1 млн. 132 минг тонна маҳсулот олиш, шундан 520,8 минг тоннасини шахсий истеъмолга, 408,2 минг тоннасини ички бозорга, 203,2 минг тоннасини экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Президентимиз йиғилиш давомида жойларда олиб борилаётган ҳар бир кичик ташаббусни ҳам жадал суръатда ривожлантириш кераклигини таъкидлар экан, эндиги вазифа қўшимча маҳсулот ва иш ўринларини яратиш учун янги имкониятлар топиш зарурлигини таъкидлаб ўтди. Бу борада боғ ва токзорлар қатор ораларига маълум бир экин экиш амалиётини кенгайтириш таклифини илгари сурди.

Мазкур янги амалиётни йўлга қўйиш мақсадида Фарғона вилоятида 34 минг гектар, Қашқадарёда 22 минг гектардан ортиқ майдонларда боғ ва токзорлар борлиги, аммо уларнинг фақат 20 фоизидангина фойдаланиш етарли эмаслигини алоҳида айтиб ўтди. Шунингдек, кам таъминланган оилаларга қорамол, парранда ва асалари уяси тарқатиб, кооперация асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш бўйича масъулларга керакли кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш давомида халқимизнинг юксак инсоний ҳаркатерини ўзида мужассам этган, ўзбек ҳимматининг тимсоли сифатида йўлга қўйилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати фаолиятига тўхталар экан, ҳозирги муборак Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга манзилли моддий кўмак бериш бўйича мазкур ташаббус имкониятларини юқори баҳолади. Ҳаракат доирасида ён-атрофимиздаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор, ёлғиз яшовчи юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш, уларга имкон қадар ёрдам бериш энг олий қадрият саналишини таъкидлаб ўтди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги таркибидаги Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, фонднинг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил этилди.

Жамғарма маблағлари қай тартибда шакллантирилади ва кимларга берилиши назарда тутилган?

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, биринчи навбатда ҳомий ташкилот ва фуқароларнинг хайрия маблағларини қабул қилиш мақсадида “Маҳалла” фонди республика бошқаруви, Фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар бўлинмаларига хизмат кўрсатаётган тегишли банкларда “Саховат ва кўмак” жамғармасининг сўмдаги махсус ва зарур ҳолларда чет эл валютасидаги алоҳида ҳисоб рақамлари очилди ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Жамғарманинг мазкур ҳисоб рақамларига келиб тушган пул маблағлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган, ёлғиз яшовчи, шунингдек, вақтинча ишсиз фуқароларни пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун ишлатилади. Бу жараён “Маҳалла” фонди Васийлик кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларининг тасдиқланган қарор ва рўйхатлари ҳамда қатъий тартиб асосида олиб борилади.

Жорий йилнинг 27 апрелига қадар “Саховат ва кўмак” жамғармасига республика бўйича 19 миллиард 722 миллион 245 минг сўмдан зиёд хайрия маблағлари келиб тушди. Энг муҳими, саховатпеша халқимизнинг фаоллиги натижасида бу ғоя қисқа фурсатларда умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда.

Раҳмат МАМАТОВ, 
Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш вазири