« Back

Саховатли халқмиз 21.04.2020 14:11

“Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”: эзгуликка чорлаётган ташаббус

Халқимиз маънавий бисотида бошқа тилларга таржима қилиш қийин бўлган сўзлар борки, бу унинг миллий табиатини, маънавиятимиз асосларини яққол кўрсатиб беради. “Мурувват”, “жомардлик”, “ҳиммат”, “тантилик”, “саховатпешалик” каби сўзлар биз, ўзбеклар фазилатининг ўқ илдизини ташкил этиши шубҳасиз.

Давлатимиз раҳбари куни кеча саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш бўйича ўтказган йиғилишида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурганида ногаҳон миллий табиатимиз ҳақида ўйга толдим.

Азалдан йиқилганни суяш, қийналганга елка тутиш, муҳтожларга ёрдам қўлини узатиш, эзгу ва савобли юмушлар йўлида бирдам, ҳамжиҳат бўлиш миллий фазилатларимизнинг устуни бўлиб келган.

Бу жиҳатлар кеча ё бугун шаклланмаган. Улар асрлар давомида қон-қонимизга сингган, ўзлигимизни, кимлигимизни, аслимизни кўзгудек намоён этувчи фазилатлар сирасидандир.

Наинки мамлакат, балки курраи замин бошига тушган ҳозирги мураккаб, қалтис ва синовли вазиятда ҳам Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган қатъий интизом, ижтимоий адолат, қонун устуворлигини таъминлашга асосланган амалий саъй-ҳаракатлар дунё ҳамжамияти томонидан юқори даражада эътироф этилмоқда, намуна сифатида тан олинмоқда. Кўпларга андоза, ўрнак бўлмоқда.

Зеро, ҳали давоси топилмаган дарддан беморларни халос этиш, хасталик эҳтимоли бўлиши мумкин ҳамюртларимизни давлат ҳисобидан карантинда сақлаш, оғир кунларда кексалар, камхарж оилалар, боқувчисини йўқотганлар, барча-барчага амалда ёрдам кўрсатилаётганини бутун дунё кўриб, билиб турибди. Бу эса меҳр, саховат, тантилик, оқилликнинг ҳаётий кўриниши десак муболаға бўлмайди.

Эҳтиёжманд оилаларни оёққа тургазиш, қаровчисиз қолган қарияни дарддан фориғ этиш, боқувчисини йўқотган оилага далда бўлиш, етимлар бошини силашда барчага ибрат бўлишга арзигулик олийҳиммат юртдошларимиз кўп. Ишнинг кўзини билувчи тадбиркорлар, қозону рўзғорларимиз, дастурхонимизга барака киритаётган фермерлар, ўзига тўқ саховатпеша юртдошларимиз мудом эл ташвишини ўзиники деб биладилар. Қарангки, саховатни умр мазмунига айлантирган инсонларга Яратганнинг ўзи ҳам қут-барака ато этавераркан!

Қутлуғ Рамазон ойи арафасида бошланган эзгу ташаббус эса мамлакат бўйлаб қулоч ёйиши, ҳиммати баланд ҳамюртларимизга қанот бўлиши, эзгуликнинг тобора кенгроқ қулоч ёйишига имкон бериши шубҳасиз.

Назокат УСМОНОВА