« Back

Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллигига 10.06.2020 12:43

Халқчил ижодкор

Касб тақозоси билан, ҳам адабиёт мухлиси сифатида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад иштирокидаги тадбир, адабий учрашув, ижодий мулоқотларда кўп қатнашганман.

Устоз ёзувчи оддий, самимий тарзда гапирарди. Шу қадар оддийки, дилданки, гўё суҳбатдоши билан юз йиллар чамаси танишдек, дилдан сўзларди. Бурама-ясамалик, баландпарвозликдан йироқ сўзлар адабиёт ихлосмандларининг юрагига тезда етиб борар эди.

Завқли, кулгуга бой воқеаларни юз-кўзи қилт этмай, сира кулмай ҳикоя қиларди. Ортиқча гапбозлигу маҳмадоналикка берилмас эди устоз ижодкор. Айни пайтда ўзи бошидан кечирган изтиробга тўла кечмишларига оид ҳикоялар юракни сирқиратмай қолмасди. Ажабмаски, Саид Аҳмад истеъдодининг ўзига хослиги ҳам, халқчиллиги, жайдарилиги ҳам унинг халққа яқинлигидан эди.

Оқила, сабри саботи метин инсон, умр йўлдоши, ижодкор Саида опа Зуннунова ҳақида хотирлаганида эса ҳамиша ҳурмат, эҳтиром билан унинг номини тилга олар эди. Ажаб, Саида опанинг суратларини ёзувчи ва шоирларимизнинг ёрқин хотираларга оид китобларида кўп кўрганман. Лекин ҳеч жойда Саида опанинг ғамгин, маҳзун, аламзада фотосуратини учратмаганман. Ёруғ, нурли, истарали чеҳрали Саида опа унинг умр йўлдоши каби шўронинг зуғумли замонидаги таъқибу маломатларига қандай бас келган экан? Шунча сабру матонатни, ирода қувватини қайдан топа олган, ҳали ҳамон шуни ўйлайман...

Саид Аҳмаднинг "Уфқ", "Жимжитлик" каби романлари тинчликнинг қадр-қиммати, эзгулик ва ёвузликнинг мангу курашидан сўзлайди. Унинг асари асосидаги "Келинлар қўзғолони", "Куёв" спектакллари ҳамон ойнаижаҳондан ҳам, мухлислар кўнглидан ҳам тушмай келмоқда. "Киприкда қолган тонг" номли тўпламига кирган қисса ва ҳикоялар эса шўро даврининг жирканч қиёфаси, қонли қўлларини ҳозиргача "ўша даврда автобус беш тийин, ширин сув уч тийин эди..." қабилида соғинувчиларга яна бир бор эслатиб қўяди. Борини борича тасвирлаш Саид Аҳмад ижодининг ўзига хос жиҳатларидан эди.

... Пойтахтимизнинг Адиблар хиёбони. Саид Аҳмад ҳамда Саида Зуннунованинг якдиллиги, ҳамжиҳатлиги, уларнинг садоқати, ибратга арзигулик фазилатларни моҳир ҳайкалтарош, Ўзбекистон халқ рассоми Равшан Миртожиев яққол ифодалаб бера олган.

Бугун "саводи", дунёқараши ижтимоий тармоқлардаги ола-таъсир ёзишмалар орқали шаклланаётган ёшлару катталар борлиги афсусланарли. Адиблар хиёбони каби муаззам масканлар, миллий адабиётимизнинг энг сара намуналари, устоз адибларимиз ижоди бадиий дид ва саводнинг тўғри шаклланиши, сўз санъатининг мафтункор оламидан баҳра олиш, ҳаётнинг оқу қорасини фарқлай билишда яхши маёқдир.

Назокат УСМОНОВА,
ЎзА