« Back

Саломатлик 01.05.2020 12:54

Соғлиқни сақлаш вазирларининг навбатдан ташқари йиғилиши

2020 йил 28 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар соғлиқни сақлаш вазирларининг видеоконференция шаклидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 апрель куни Туркий кенгашнинг видеоконференция шаклида бўлиб ўтган навбатдан ташқари саммитида илгари сурган ташаббуси доирасида ташкил этилди.

Йиғилишда Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Венгрия соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари, шунингдек, Туркий кенгаш Бош котиби ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори иштирок этди.

Томонлар янги турдаги коронавирус инфекциясини профилактика қилиш ва даволаш бўйича маълумот ва тажриба алмашди. Пандемияга қарши курашда соғлиқни сақлаш соҳасида кўп томонлама ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатларига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Томонлар эътироф этишича, мулоқот фойдали бўлди ва янги коронавирус ва уни даволашнинг амалий усуллари тўғрисидаги билимларни ўзаро бойитиш имконини берди.

Музокараларда ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш ва бу каби тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

ЎзА