« Back

Саломатлик 13.05.2020 12:25

Жонимиз хатарда қолмасин!

Кундалик тановул қиладиган маҳсулотларимиз сифати бузилган бўлса борми, бундан нафақат меъдамиз, балки саломатлигимиз ҳам жиддий зиён кўради. Қолаверса, бу омил ҳайвонлар ва истеъмолчилар ўртасида юқумли касалликлар қўзғатувчилари тарқалишига хизмат қилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни шундай хавфнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудига давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришга худди шу турдаги товарларни ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиганлар реестрига киритилган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахсларга рухсат берилади.

Бундай ветеринария рухсатномаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади. Мазкур тартиб фавқулодда вазиятларда, халқаро кўргазмаларда қатнашишда, лаборатория таҳлиллари учун намуналарда, шунингдек, дипломатик корпус, ўқув муассасалари, илмий ва давлат мақсадлари учун олиб келинадиган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.

ЎзА