« Back

Саломатлик 18.05.2020 12:15

Бемор мониторлари янги стандарт асосида метрологик текширувдан ўтказилади

Жорий йилда “Ўзбекистон миллий метрология институти” Давлат корхонаси мутахассислари томонидан Oʻz DSt 8.087:2020 “Ўзбекистон Республикасининг ўлчашлар бирлигини таъминлаш давлат тизими Бемор мониторлари. Қиёслаш усуллари ва воситалари” давлат стандарти халқаро тавсиялар асосида ишлаб чиқилди.

Бемор мониторлари беморларнинг ҳаётий белгиларини доимий равишда стационар шароитда кузатиш учун қўлланадиган, артериал босимни ноинвазив (организм тузилмаларининг, масалан терининг яхлитлигини бузмайдиган) ўлчаш, пульсоксиметрия, тана ҳароратини, пулс тезлигини ўлчаш, электрокардиография ўтказиш, шунингдек фармакологик дозаларнинг дастурланган ҳисоблаш ҳамда ST сегмент ва аритмиялар таҳлили учун мўлжалланган.

Мазкур стандартга мувофиқ бемор мониторлари бугунги кунда юқори аниқликдаги Бемор симулятори ProSim-8 туридаги ўлчаш воситаси орқали лаборатория шароитида ҳамда тиббий муассасаларда кўрсатиладиган хизматларни узлуксизлигини таъминлаш мақсадида уларни эксплуатация жойида метрологик текширувдан ўтказиш йўлга қўйилган.

Ушбу стандартни кўллаш билан бир қаторда лабораторияларда амалга оширилаётган ўлчашлар халқаро тавсиялар асосида ташкил этилиши таъминланади.

Бемор мониторларини метрологик текширувини тўғри ташкил этиш ундан олинадиган натижаларни ишончлилигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади.

ЎзА