« Back

Самарали механизм 02.06.2020 12:26

Халқ қабулхоналари фаолиятини илмий ва амалий жиҳатдан ўрганмасдан туриб уларни такомиллаштириш мушкул

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналарнинг аҳамияти беқиёс.

Мазкур тизимнинг асоси бўлган Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари бевосита давлат раҳбарига мурожаат қилиш, халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида самарали ҳал этишнинг таъсирчан механизмига айланди.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда, бошқарув тизими сифатини оширишда «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз зарур”.

Қонунчиликни таҳлил этиш шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунининг 10-моддасида уч асосий бўғиндан таркиб топган Халқ қабулхоналари тизими белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) Халқ қабулхоналаридан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг энг самарали тизими фаолиятини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Айни вақтда мамлакатимизда жойларда 208 та Халқ қабулхоналари самарали фаолият юритмоқда. 2019 йилдаги статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, Виртуал ва Халқ қабулхоналарига жами йилига 1 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушган.

Халқ қабулхоналари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда уларга энг яқин бўлган ҳақиқий халқчил демократик институт ҳисобланади. Шу боис ҳар бир жисмоний ва юридик шахс мурожаати Халқ қабулхоналари томонидан ҳар томонлама чуқур таҳлил этилган ҳолда ўрганиб чиқилмоқда. Зарурат вужудга келганда эса мурожаатлар ўз ўрнида бошқа тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда. Бироқ мавжуд амалиёт ва таҳлиллар шуни кўрсатадики, муаммолар ўз вақтида, жойида ҳал қилинмаганлиги, фуқаролар мурожаати қаноатлантирилмаган, пайсалга солиб келингани, раҳбар ходимларнинг масъулиятсизлиги ва давлат ташкилоти вакилларига фуқаролар ишончсизлиги сабаб Халқ қабулхоналарига мурожаат қилинаётганлигини ҳам кўрсатмоқда. Халқ қабулхоналари томонидан мурожаатлар ўрганилганда энг аввало мурожаатнинг юзага келтираётган омиллар, сабаблар ва шарт-шароитлар тўлиқ ўрганиб чиқилади. Бу эса ўз навбатида, биринчидан, такрорий мурожаатларни олдини олса, иккинчидан, бир турдаги мурожаатларни ҳал қилиш амалиёти самарадорлигини ошириш имконини беради. Чунки камчилик ва муаммо бор жойда ҳеч қачон ўсиш, ривожланиш ва тараққиёт бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни татбиқ этилмайдиган мурожаатларни Халқ қабулхонаси кўриб чиқмайди. Бундай ҳолатларда фуқаролар ўз мурожаатларининг мазмуни, предмети ва тегишлилиги бўйича судлар ва бошқа масъул идораларга бевосита мурожаат этишлари мумкин. Халқ қабулхонасининг асосий вазифаси аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун зарур шароитлар яратиш билан белгиланади.

Изланишлар шуни кўрсатдики, айни вақтда давлатимизда Халқ қабулхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича махсус илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмаган. Бу эса истиқболда мазкур соҳани янада ривожлантиришга қаратилган фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб бориш ва илмий ва амалий жиҳатидан тадқиқ этиб ўрганишнинг нақадар долзарблигини кўрсатмоқда. Шунингдек, келажакда Халқ қабулхоналари билан тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ўзаро фаолияти ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш талаб этмоқда. Дарҳақиқат, бунда асосий эътибор Халқ қабулхоналарини ташкилий кадрлар билан таъминлаш, ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда уларни мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ҳисоботини танқидий муҳокама этиш, ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш аҳволи, сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш тизими ва уни қай даражада самарали ташкил этиш даражаси ва натижаси каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Халқ қабулхоналари ўзларига тегишли ҳудудларда аҳоли ўртасида долзарб мавзуларда рақамлаштирилган технологиялардан фойдаланган ҳолда сўровномалар ўтказиш амалиётини кенг жорий этиш лозим. Бундай амалиёт ҳудудлардаги ижтимоий муҳитни ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиш ҳамда аҳоли муаммоларини ҳал қилишда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш имконини беради. Бу эса ҳудуддаги аҳолини қийнаётган муаммоларни тезда аниқлаш орқали уларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўриш имконини беради. Бундай жараёнларда ҳудудий давлат органлари, шунингдек фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аҳолининг таклиф ва тавсияларини олишнинг самарали усуллари ва воситаларини ишлаб чиқиш ҳам келажакда ҳал этилиши лозим бўлган муҳим масалалардан ҳисобланади. Билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳамда мурожаатларда кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш асосида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Давлат бошқарувининг самарадорлиги давлат хизмати лавозимларини эгаллаган шахсларнинг ўзларига юклатилган вазифаларини малакали, виждонан ва холис бажаришларига бевосита боғлиқдир. Айрим ҳолатларда баъзи бир маҳаллий даражадаги раҳбар кадрлар ҳали-ҳануз эскича бошқарув усуллари ва ёндашувлардан воз кеча олмаяпти. Ижро органлари раҳбарлари ишига баҳо беришда Халқ қабулхоналари ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ўрни ва ролини янада оширишни тақозо этмоқда.

Халқ қабулхонаси зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун бир қатор ҳуқуқлар берилган. Хусусан, секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш назарда тутилган. Бундай ҳолатларда мансабдор шахслар ва ходимларни рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар тегишли халқ депутатлари Кенгашларида очиқ ва кенг муҳокама этиш амалиётни жорий этиш мақсадга мувофиқ. Бу эса мазкур жараёнда чинакам халқ вакиллари иштироки орқали эришилган ижобий тажрибани оммалаштириш ва муносиб эътироф этиш имконини берса, жиддий камчиликлар учун эса келажакда муносиб ва асосли таъсир чораси қўлланилишига эришиш имконини беради.

Шу билан бирга, Халқ қабулхонаси давлат органларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати берилган. Бироқ қонунчиликда давлат органлари томонидан мазкур тақдимномани кўриб чиқиш муддатлари, тегишли давлат органларида муҳокамалар ташкил этиш натижаси ва энг муҳими, тақдимномага асосли жавоб йўллаш каби тартиб-таомиллар аниқ белгиланмаган. Шу боис истиқболда барча даражадаги раҳбар кадрлар масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида тақдимномаларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари қонунчиликда қатъий мустаҳкамланиши лозим.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Халқ қабулхоналарини шакллантиришда ҳокимлар иштирокини қайта кўриб чиқиш лозим. Халқ қабулхоналарини шакллантиришда тегишли ҳокимлар иштироки бирмунча баҳсли масаладир. Халқ қабулхонаси айрим ходимларининг тегишли ҳокимлар томонидан тайинланиши амалиёти бир томондан, уларни ўз фаолиятида бевосита ҳокимга бўйсунишига имкон берса, бошқа томондан эса кўриб чиқилиши лозим бўлган мурожаатларни ҳал этилишига ҳам маълум маънода ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Шу боис Халқ қабулхоналари ходимлари фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси тавсиясига асосан тегишли депутатлар Кенгаши томонидан тасдиқланса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай амалиётни жорий этилиши Халқ қабулхонаси ва унинг ходимлари фаолияти учун тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ҳам масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ўрганиш шуни кўрсатадики, яқин келажакда Халқ қабулхоналари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга оид қонун ижодкорлиги фаолиятини янада янги босқичга кўтариш муҳим истиқболли йўналишлардан бирига айланиши зарур. Бироқ қонунчиликни ривожланиши бир вақтда унинг ижросини таъминлаш масаласи ҳам янада долзарб аҳамият касб этишини асло унутмаслик лозим. Шу боис мазкур институтни илмий ва амалий жиҳатидан тадқиқ этиб ўрганиш доирасини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Айниқса, бу борада Халқ қабулхоналари конституциявий мақомига аниқлик киритиш ва янада ривожлантириш, давлат органлари ва ҳар бир депутатнинг Халқ қабулхоналари билан доимий ишлаш механизми ва унинг тартиб-таомилларини қонунчиликда мустаҳкамлаш долзарб илмий тадқиқот йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада илғор хорижий давлатлар ва ноёб миллий тажрибамизни чуқур ўрганган ҳолда келажакда Халқ қабулхоналари фаолиятини тўғридан-тўғри амал қиладиган махсус қонун билан тартибга солиш мақсадга мувофиқ. Мазкур қонунда Халқ қабулхонаси мақоми, Халқ қабулхонаси фаолиятни баҳолаш тартиби ва мезонлари, Халқ қабулхоналарининг давлат органлари, депутатлар корпуси билан ўзаро ҳамкорлиги ва бошқа шу каби муҳим масалалар ўз ифодасини топиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, Халқ қабулхоналари фаолиятини илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиб ўрганмасдан туриб улар фаолиятини янада такомиллаштиришга эришиш мушкул масаладир. Шу боис мазкур демократик институтни ҳар томонлама илмий ва амалий жиҳатидан ўрганиш аввало фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини янада оширишга, фуқаролар ҳуқуқларини самарали таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Сирожиддин ҲАСАНОВ,
Тошкент шаҳар Миробод тумани Халқ қабулхонаси мудири, изланувчи