« Back

Савол-жавоб 17.05.2020 13:15

Пандемия даврида мусиқа ва санъат мактаби учун тўлов сўралмоқда. Бу қонунийми?

Маълумки, карантин сабаб барча таълим муассасалари ёпилган ва масофавий ўқитиш тизимига ўтган. Бугун кўпчилик ота-оналарни қизиқтирадиган яна бир савол ўртага чиқди. Болалар мусиқа ва санъат мактабининг масофавий таълим ўтилган ойлари учун ҳам тўлов қилинадими?

Баъзи мурожаатларга кўра, фарзандлари мусиқа ва санъат мактабида таълим олаётган ота-оналар фарзандлари синфдан-синфга ўтиши учун тўлов қилиши кераклиги айтилган. Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Таълим муассасалари ва тармоқларни методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Азимов билан боғландик.

– Бу мактабларнинг асосий мақсади ёш авлоднинг мусиқа ва санъатга қизиқишини ошириш, қобилиятини ривожлантириш, халқимиз анъаналари ва миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш, маънавий ва маърифий савиясини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат, – деди И.Азимов. – Афсуски пандемия сабаб карантиннинг жорий қилингани мусиқа мактабларидаги жараёнларга ҳам таъсир кўрсатди. Ўқитишлар онлайн режимга ўтказилди.

Бошқа йўналишларда белгиланган чоралар қаторида карантин даврида ота-оналарни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг ўқиши учун белгиланган ойлик тўловлари, яъни апрель-май ойлари учун бадалларни бошқа ойларга қўшиб, яъни шу йилнинг охирига қадар тўлаш имконияти яратилди. Фақат бу битирувчиларга тааллуқли эмас. Битирувчи ўқувчиларнинг ойлик бадал тўловларини амалга ошириш кераклиги мажбурий этиб белгиланган. Ойлик бадалларни умуман тўламаслик кераклиги ҳақида айтилмаган.

Масофавий таълим орқали ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари ҳамда ижрочилик маҳоратлари самарадорлигини ошириш, уларнинг дарс билан машғуллигини назорат қила олиш мақсадида ўқитувчилар томонидан ота-оналар билан ҳамкорликда “Ўқитувчи+ота-она назорати” шаклидаги назорат услуби йўлга қўйилган.

Шу боис, ота-оналар ҳам тўғри тушуниши керакки, карантин шароитига қарамасдан, белгиланган дарсларни ўқитувчилар онлайн, масофавий тарзда олиб борди. Бу юзасидан барча тавсия ва чоралар кўрилди. Кўриниб турибдики, ўқув режадаги дарс тўлиқ ўтиб борилмоқда ва йил якуни бўйича назорат дарслари ҳам ташкил этиляпти. Карантин даврини инобатга олиб, ота-оналарга имконият яратиш учун, болалар техник сабабларга кўра билимларни эгаллай олмаган, мавзуларни ўзлаштира олмаган бўлса, дарслар кейинги ўқув йили давомида ўтиб берилади.

Демак бу ўқув йилида қолган муддат учун тўловлар тўлиқ тўланиши керак. Шундагина фарзандингиз мусиқа мактабининг навбатдаги синфига ўтади. Бунда ота-оналар учун яна бир имконият яратилган, яъни карантин муддати учун қолган тўловни мактаб маъмурияти билан келишган ҳолда йил якунига қадар бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин бўлади.

Барно МЕЛИҚУЛОВА ёзиб олди.