« Back

Савол-жавоб 19.06.2020 12:45

«Яшил» тоифадаги ҳудудларда сув спорти билан бемалол шуғулланиш мумкинми?

Куни кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматов иштирокида АОКА ҳузуридаги штабда брифинг бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим саволларга жавоб олинди.

Карантин вақтида лицензиясини янгилай олмаган мураббийлар қачон малака ошириш курсларида ўқишлари мумкин?

Карантин даврида мураббийлик лицензиясининг амал қилиш муддати жорий йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилган.

Маълумот учун: 2020 йил май ойида масофадан ўқитиш орқали шартнома асосида 118 нафар тренер малакасини оширди.

*   *   *

5 июндан бассейнлар фаолиятига рухсат берилди. Демак, «яшил» тоифадаги ҳудудларда бемалол сув спорти билан шуғулланиш мумкинми?

Бассейнлар фаолиятига «яшил» ҳудудларда рухсат берилган бўлиб, бунда фақат ўша ҳудуддаги спорт таълим муассасаларининг ёш спортчилари машғулотлар олиб бориши мумкин.

Соғломлаштириш гуруҳлари ва аҳоли вакилларига эса хавфсизлик нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда ҳозирча рухсат берилгани йўқ.

*   *   *

«Яшил» ҳудудларда спорт иншоотлари ва тўгаракларига рухсат берилди. Фарзандларимиз маҳалладаги сунъий қопламали футбол майдонида футбол ўйнашганига маҳалла нозири жарима солди. Шу тўғрими?

Агар футбол майдони санитария-гигиена қоидаларига мувофиқ тегишли ускуналар билан таъминланмаган бўлса (дезинфекцион «тўшак», пирометр, антисептик воситалар ва ҳоказо), ўйиндан аввал дезинфекция ишлари олиб борилмаган ва маҳалла нозири бу ҳақда огоҳлантирилмаганда ўйинни тўхтатиш ва тақиқлаш мумкин.

ЎзА