« Back

Семинар 09.09.2020 13:24

Иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартиби, ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кучли ижтимоий муҳофаза амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий тамойилларидан бирига айланиб улгурди.

Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги "Адлия билан мулоқот" гуруҳида “Иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари” мавзуида “On-line” мулоқот ўтказилди.

Вазирлик юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари қонунчиликда иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартиби ҳамда иш берувчи ва ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича тушунча берди.

Мулоқот давомида меҳнат муносабатларининг такомиллашуви, жумладан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқиш зарурати ҳақида сўз юритилди. Бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходим ва иш берувчи манфаатларининг мувозанатини таъминловчи ҳамда фуқароларни иш билан таъминлаш, индивидуал меҳнат муносабатлари, ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда меҳнатга оид низоларни кўриб чиқишга оид қоидалар киритилиши мақсадга мувофиқ.

Жумладан, меҳнат шартномасида ходимнинг иш жойи, вазифаси, ишнинг бошланиш куни, иш ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари белгиланиши керак. Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида 2 нусхада ёзма шаклда тузилиши ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилиши зарур.

Қандай ҳолатларда дастлабки синов муддати қўлланилмаслиги, иш вақтининг қисқартирилган муддати кимларга нисбатан татбиқ қилиниши, ходимга нисбатан қандай интизомий жазолар қўлланилиши мумкинлиги ва ишсизлик нафақасини тўлаб беришга оид саволларга вазирлик ходимлари томонидан жавоблар қайтарилди.

Хусусан, иш вақтидан ташқари ишларга ходим рози бўлганда йўл қўйилади. Аммо иш сменасининг муддати ўн икки соатдан иборат бўлганда, шунингдек, меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди.

Муаттар Рўзибоева,
ЎзА