« Back

Семурғ қушини излаб  28.04.2020 17:15

ёки хайр-саховат йўлида

Эмишки бир гала қушлар йиғилишиб, Семурғ қушини излаб йўлга чиқибдилар. Йўлда уларни анча-мунча қийинчиликлар кутар эди. Қанотлари толганда, очлик ва ташналик азоби қийнаганида уларнинг йўлбошчиси бўлган қуш ҳамроҳларининг кўнглини кўтариш ва ярим йўлда орқага қайтмасликлари учун ибратли ҳикоят ва ривоятлар айтар эди. Ушбу ҳикоятлар қушларга далда берар ва уларга сабр-тоқат ва жасорат бахш этар эди. Бу қушлар Семурғ қушига етиб боришлари учун еттита водийни босиб ўтишлари шарт эди. Алал-оқибат барча водийларни босиб ўтишгач, қушлар шуни тушуниб етишдики, Семурғ қуши уларнинг ўзлари (яъни «се – ўттиз», «мурғ – қуш») экан. Босиб ўтилган машаққатли аммо шарафли йўл ягона маслак атрофида бирлашган ушбу қушларни комиллик сари элтибди...

Бутун дунё бошига оғир ташвиш бўлиб тушган Коронавирус пандемиясига қарши миллатидан, динидан, танасининг рангидан қатъий назар бирлашган дунё аҳли худдики Ҳазрати Навоий асарида таъриф этилган қушлар каби ягона мақсад йўлида ҳаракат қилмоқдалар. 

Айниқса юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида карантин вақтида фуқароларнинг ночор аҳволга тушмасликлари учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Жойларда хайрия манзиллари ташкил этилиб, қийинчиликка тушиб қолган аҳоли қатламларига 1197 рақами орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотлари фақатгина кам таъминланган оилаларга эмас, балки зарурат туғилган барча оилаларга тарқатилмоқда. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон Экологик партияси Бектемир тумани Кенгаши раиси, ЎзННТМА Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси бош координатори Дилдора Мавлянова ҳам ўз жамоси билан биргаликда синовли кунларда бир қанча хайрли ишларни амалга оширмоқда. 

Дилдора Мавлянова Тошкент шаҳар «Тадбиркор аёллар» марказида «Бизнес кўникма» йўналишидаги психология дарсларини ҳам олиб боради. Ўзининг депутатлик фаолияти доирасида у  маҳаллалар фаоллари билан боғланиб, қийинчиликка тушиб қолган оилаларга ёрдам қўлини чўзмоқда. Д. Мавлянова билан телефон орқали боғланиб бир нечта саволларимизга жавоб олдик.

–  Дилдора Ҳайдаровна, ҳозирги кунда қандай ишлар билан бандсиз?

– Дунё аҳли синовдан ўтаётган бир пайтда, юртимизда ҳам бу касаллик авж олишини олдини олиш борасида аниқ тартибда белгиланган амалий ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан чиқарилаётган Фармонлар, халқимизга қилинаётган Мурожаатномалар замирида инсон ҳаёти нақадар қадрли эканини кўрамиз. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистон коронавирус эпидемиясига қарши кескин, самарали курашаётган мамлакатлардан бири дея эътироф этмоқда. Халқаро экспертлар эса Ўзбекистон ҳукумати қўллаётган оммавий карантин усулини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда. Дарҳақиқат, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш билан бирга юртдошларимиз ижтимоий шароитига катта эътибор қаратилмоқда. Авваллари ҳам кам таъминланган, ёлғиз яшайдиган ҳамда ўзгалар ёрдамига муҳтож оилалар билан боғланиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш билан шуғулланар эдик. Ҳозирги қийинчилик пайтида эса мен ва ёнимдаги қадрдонларим ўз ташаббусимиз билан ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни керакли озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаб турибмиз.

– Кези келганда албатта қизиқишимиз табиий, мана шу озиқ-овқат маҳсулотларининг манбаи ҳақида ҳам қисқача маълумот берсангиз.

– Бунинг учун биз кўнгилли ҳомийларни қидириб топамиз. Бу инсонлар ўз ишининг устаси бўлган саховатпеша тадбиркорлар, бизнесменлар. Маълумки, юртдошларимиз орасида меҳр-саховат кўрсатаман дегувчи инсонлар кўплаб топилади.

– Юқорида айтганингиздек, дори-дармонлар етказиб бериш масаласи. Бунга муҳтож кишилар учун керак бўлган препаратлар қаердан олинади?

– Ушбу масалада Ўзбекистон «Саратонга қарши кураш» жамоаси билан ҳамкорлик қилган ҳолда иш олиб бормоқдамиз. Биласизки, онкология билан касалланган беморларни асло дори-дармонсиз қолдириб бўлмайди. 

–  Сизлардаги дорилар фақат саратонга қарши препаратларми?

– Йўқ, бизда ўткир буйрак етишмовчилиги, асабларни тинчлантирувчи ҳамда шамоллашга қарши дорилар ҳам бор. Биз бу дориларнинг рўйхатини телеграм каналлари орқали тарқатамиз. У ерда махсус телефон рақамлари бор. Қўнғироқ қилган муҳтож кишиларга албатта бепул етказиб берамиз. Озиқ-овқат масалалари ҳам худди шу зайлда ҳал этилади.

– Жамоада сиз билан елкадош бўлиб келаётган ҳамкасблар деймизми ёки маслакдошлар кимлар?

– Бизнинг жамоани Ўзбекистон Республикаси Президентининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Мансурбек Оллоёров ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дадаали Зуфаров қўллаб-қувватлаб келади. Жамоада эса доимо мен билан елкама-елка туриб келувчи маслакдошларим Муҳаббат Бобомуродова ва Халит Салямиевлар бўлади. Бундан ташқари, МФЙлар фаоллари билан доимо алоқада бўлиб турамиз. Улар кенгроқ маънода бизнинг жамоадошларимиз ҳисобланишади. Мен бу инсонлардан чин дилдан миннатдорман.

–  Ҳозирги синовли кунларда юртдошларимизга нима деган бўлардингиз?

– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт». Ҳурматли юртдошлар, бу вирус деган балога ўзимизни тутиб бермайлик, оиламиз билан уйда қолайлик. Мана шу даврда озодалик қоидаларига янада эътиборли бўлиб, оиламиздаги ёш болалар, катта ёшлиларни асрайлик, соғлигидан муаммоси борлар эҳтиёт чораларини кўришини истардик.

– Ҳаётда яшашдан мақсадингиз?

– Мен ўз юртимни, элимни жуда яхши кўраман. Токи тирик эканман, ўз кучим ва билимим билан юртдошларимга хизмат қиламан. Менинг билимим орқали ҳаётда қийналган хотин-қизлар ўз ўрнини топиб, яхши бир касб эгаси ёки тадбиркор бўлсалар ҳамда шу ишлари ортидан кишиларга меҳр-мурувват улашишса, мен ўзимни бахтли ҳис қиламан. Ва бу хизматларимни Ватан олдидаги бурчим деб биламан.

– Қимматли маълумотлар учун раҳмат. Инсонларга эзгулик улашиш йўлида асло чарчаманг, деб қоламиз.

Райҳон ТАНИҚУЛОВА суҳбатлашди