« Back

Сержант Суяров Ҳусниддин Зокирович хотирасига 09.05.2020 13:54

Жасорат – мангу, хотира – муқаддас

2020 йил 1 май... Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборидан сув чиқиши оқибатида содир бўлган сув тошқини кўплаб аҳолининг ҳаётини хавф остида қолдирди.

HOTIRA 1 Мазкур ҳодисада аҳолини эвакуация қилиш ишларига биринчилардан бўлиб Миллий гвардия тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи шахсий таркиби етиб келган. Тезкорлик билан амалга оширилган ишларга Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, сўнгра Мудофаа вазирлиги шахсий таркиби ҳам қўшилган. Сув босиши хавфи мавжуд бўлган аҳоли пунктларини эвакуация қилиш жараёнига барча махсус техникалар, автомашиналар жалб қилинган, сув босган ҳудудларда қолиб кетган фуқароларни қутқариш ишларида эса вертолётлардан фойдаланилган.

Юзага келган фавқулодда вазиятда 70 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди, 56 нафар фуқаро турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.

Минг афсуски, эвакуация ишларига жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларидан бири 3-даражали сержант Ҳусниддин Суяров Зокирович табиий офатга қарши курашиш жараёнида қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У ўз жонини фидо қилиб, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолди.

– Миллий гвардия йигитлари ҳеч нарсага қарамасдан, уйма-уй юриб, қолиб кетган фуқароларни қутқариб юрди. Томларни устидан, деразалардан чиқишларига ёрдам бериб, аҳолини хавфсиз ҳудудга ўтказишда катта ҳисса қўшдилар. Ҳарбий йигитлар пастда туриб, ёрдамга учиб келган вертолётларга аҳолини чиқишига кўмаклашди. Миллий гвардия йигитларига раҳмат, улар бўлмаганида кўп кўнгилсизлик бўлиши мумкин эди, – дея миннатдорчилик сўзларини билдириб ўтди “Учтом” маҳалласи фуқароси Умар Маматқулов.

Ёз ойида эндигина 32 ёшни қаршилаши керак бўлган Ҳусниддин Суяров Ўзбекистон Қуроллли Кучлари сафида 2007 йилдан буён хизмат қилиб келган. Эндиликда у оила аъзоларининг, халқимизнинг қалбида ҳамиша ёш ва навқирон қаҳрамон сифатида гавдаланди.

Қутқарилган фуқаролардан бири Даврон Қудратовнинг сўзларига кўра, сув тошқини пайтида у уйидан чиқиб кетишга улгурмаган, шу вақтда Миллий гвардиядан уч нафар ҳарбийлар ёрдамга келган. Улар унга тошқиндан чиқишга ёрдам бериб, қутқарувга учиб келган вертолётга чиқиб олишда кўмаклашганлар. Давроннинг сўзларига кўра, ўша куни Миллий гвардия ходимлари нафақат аҳолига, балки барча ёрдамга муҳтож бўлган уй ҳайвонларига ҳам ёрдам беришган. “Миллий гвардияга катта раҳмат, улар туфайли мен тирик қолдим”, дейди Даврон.

Паҳлавондек ўғлини йўқотганига ҳали юрагини ишонтира олмаётган онаизор, 54 ёшида қадди букилган ота фарзандининг бу дунёдан шунчаки эмас, қаҳрамонлик кўрсатиб, ўзининг ҳаёти эвазига кўплаб бошқа инсонлар ҳаётини сақлаб қолганидан фахр туйғусини туймоқда.

Ҳусниддин Суяровнинг волидаси ҳар дақиқада фарзанди тўғрисида, у билан гаплашган суҳбатларини эсламоқда... “Муддатли ҳарбий хизматдан қайтгач, ҳарбий соҳада ишлайман деб туриб олди. Баъзи вақтларда қийналганини сезиб қолсам, қўй, ўғлим, кеч шу ҳарбий ҳаётдан десам, рози бўлмаган. “Онажон, мен қасамёд қилганман, Ватанимни ташқи таҳдидлардан асрайман, юртим учун, халқим учун хизмат қиламан” деганди. Мана, айтганини қилди. Юрти учун жонини фидо қилди болам... Мен фахрланаман, ғурурланаман ўғлим билан...”

Онаизорнинг ва Ҳусниддиннинг 25 ёшида икки фарзанди билан бева қолган турмуш ўртоғининг кўз ёшларини, уларнинг ҳолини тасвирлаш эса жуда қийин. 4 ёшли тўнғич қизи, бор-йўғи 2 ойлик бўлган кенжа қизалоғи отасиз ўсиш нима эканини ҳали тўлиқ англамайди. Фарзандининг “Дадажонимни соғиндим” деган сўзлари ҳар бир инсоннинг қалбини ларзага келтиради...

– Мен шундай инсоннинг турмуш ўртоғи бўлганимдан фахрланаман... Турмуш қурмасимиздан олдин ҳарбийнинг ҳаёти оғир бўлади дегандилар, лекин бу даражада оғир бўлади деб ўйламагандим... – дейди йиғлаб фарзадини қучаётган Ҳусниддин Суяровнинг беваси Нозима Суярова.

Ёшлигидан тиришқоқ бўлган Ҳусниддин мактаб даврлариданоқ ҳарбий соҳада хизмат қилишни ният қилган. Ҳамиша ёрдамга шай бўлиб юрган йигитни, ҳаётининг сўнгги чоғида ҳам ёрдам қўлини чўзганча, ҳаётдан кўз юмган ўқувчисини, синфдошини хотирлаётган Ҳусниддиннинг устози ва синфдошлари унинг табиати, ҳарбий соҳада ишлашни ният қилгани ва ёшлигидан тузган режалари ва орзуларига етишгани ҳақида сўзлаб бердилар.

Шарқий ҳарбий округ сержантлар тайёрлаш мактаби ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Самарқанд сержантлар тайёрлаш мактабини аъло ва яхши баҳоларга тамомлаган бу ҳарбий хизматчи хизмат ўташ давомида ўзининг намунали ҳарбий интизоми, шунингдек, ўзига юклатилган вазифа ҳамда мажбуриятларига виждонан ёндошиши билан алоҳида ажралиб турган.

Одамларни бошпанасидан айирган, ёш йигитлар умрига зомин бўлган Сирдарёдаги фавқулодда ҳолатда Ҳусниддин билан бирга хизмат қилган хизматдошларининг аҳволи эса маълум... Ўша машъум кунни, хизматдошидан айрилган онларни эслаш ҳар бир ҳарбий хизматчи учун оғир...

– Сув тошқини юз берган кунда сувнинг оқими жуда тез эди. Баланд оқаётган сув йўлида бўлган ҳамма нарсани оқизиб кета бошлади. Агар бу лойқа сувда турли чиқиндилар, қамишлар, дарахтларнинг шох-шаббалари-ю уйнинг томидан оқизиб кетилган шиферлар бўлмаганида эди, ҳозир сафдошларимиз биз билан бирга бўлардилар... шу каби ўйлар билан Миллий гвардия ходимлари ўз сафдошларини хотирламоқдалар...

Ҳусниддин Суяров вафотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлигининг “Намунали хизматлари учун” I даражали кўкрак нишони билан тақдирланди.

Жасорат – мангу, хотира – муқаддас... Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси 3-даражали сержант Ҳусниддин Суяровнинг қаҳрамонларча кўрсатган жасоратини юртимиз, айниқса ҳаёти сақлаб қолинган фуқароларимиз ҳеч қачон унутмайди. Унинг хотираси ўзбек халқи қалбида абадий яшайди.

Нафосат ЗАФАРОВА, 
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Медиамарказ мутахассиси, оддий аскар