« Back

Сессия 16.05.2020 13:43

Депутатлар Давлат хизматлари марказларининг фаолиятини ижобий баҳолашди

Жорий йилнинг 15 май куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг ўн биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессиянинг асосий масалаларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада копмлекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги қарорининг Тошкент шаҳридаги ижроси юзасидан ҳисобот берилди.

– Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан давлат хизматларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий тизимига кашф қилинишида катта қадам бўлди десак муболаға бўлмайди.

Чунки, фармон билан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланиб, давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

Масалан, бугунги кунда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 11 та Давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилнинг бошида жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 137 га етди (қарийб 3 баравар). 2020 йилда Марказлар орқали 170 дан ортиқ хизматларни кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Марказлар орқали 2017 йилда 17 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, хизмат турлари ортганлари ҳисобига, кўрсатилган давлат хизматлари сони 2019 йилда 931 451 тани ташкил этади (2018 йилга нисбатан деярли 2 баравар кўп). Маълумот учун 493 148 та давлат хизматлари кўрсатилган, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Санжар Абдуллаев.

Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2020 йилда белгиланган вазифалар тўғрисида маълумот берилди.

Амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар юзасидан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан бир овозда маъқулланди.

ЎзА