« Back

Шукроналик 03.06.2020 20:23

Ўз уйингга нима етсин!

Негадир хорижга чиқишга кўп ҳам ишқибоз эмасман. У ердаги ҳашаматли, башанг бинолар, осмонўпар уйларга маҳлиё бўламану, лекин барибир "дом"нинг тепасидаги одми, лекин қадрдон уйимни соғинавераман...

Қадрдон хонадон ҳақида бежиз сўз очмадим. Негаки, ҳар кимнинг ўз уйи, яшаш маскани бўлганига нима етсин!

Бир куни фотограф ҳамкасбим кўп қаватли уйда ота-онаси, ўзининг бола-чақаси, ҳам акасининг оиласи битта квартирада яшаганидан сўз очиб қолди. Дам олиш кунлари овсинлар бир-бирига ҳалақит этмаслик мақсадида галма-гал ота уйларига болаларни олиб кетишаркан. Йиллар ўтиб уларнинг уй билан боғлиқ муаммоси ҳал бўлди. Ўшанда бош оғриқли бу масала ака-укалару келинларнинг ортиқча "сан-ман"га бормасдан, ўзаро ҳурмат, аҳиллик, ҳамжиҳатлиги билан ечим топганини ушбу хонадон соҳиблари ҳозир ҳам ёруғ юз ва шукроналикда эслайдилар.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Аёллар ижтимоий реабилитация маркази ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Бинонинг очилиши қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Яшаш шароити оғир аёллар, оилаларга янги уйларнинг ҳужжатлари тантанали топширилганди ўшанда.

Янги уй соҳибларининг кўпи миннатдорлик билдиришга ҳам имкони йўқ эди. Сабаби аслида ҳаяжондан юраги йиғлаётган бу аёлларнинг кўз ёшлари, бор изтиробу қувончи бўғзида қотиб қолганди гўё...

– Уйлар муборак бўлсин энди, – юзландим улардан бирига.

Аёл қўлтиқтаёғини маҳкамроқ тутиб, бироз ўнгланишга ҳаракат қилди. Ёши ўтиброқ қолган бу аёл йўғу бор имконини ишга солиб, чеварлик билан кун кўраркан.

– Тўғриси, ижарада умрим ўтиб кетади, деб ўйлагандим, – деди у кўз ёшларини аста артиб. – Аҳволим маҳалла-кўй, фаол хотин-қизларни бефарқ қолдирмади. Энди менинг ҳам ўз уйим, чин бошпанам бор!

...Сағбон маҳалласининг дераза-ромлари ичкарига қараган, ростмана лой сувоқли ўзбекона уйлари. Муҳтарам Ҳабибуллаева турмуш ўртоғию ўғли, овсин-эгачилари, қайиноғалари, бир ҳовли бола билан узоқ йиллар шундай тор, ҳаво айланмайдиган жойда қандай яшаганига энди ўзи ҳам ажабланади. Эски шаҳарнинг томлари бир-бирига маташиб, улашиб кетган ҳовли-жойлари ҳамон кўпларимизнинг кўз ўнгимизда. Пойтахтнинг асосий қисмидаги бу жойларда на канализация, на рисоладагидек санитария тармоғи бўлмагани боис шахсий гигиенадан сўз очиш ҳам малол келарди. Ҳозир ҳовлидаги ҳар бир оила Нурафшон кўчасидаги замонавий кўп қаватли уйларнинг квартирасида алоҳида-алоҳида истиқомат этади.

Муҳтарам опадек қанчадан-қанча қийналган, мураккаб шароитда яшаган оилалар эндиликда яп-янги, файзли, кўркам хонадонларга кўчиб ўтди. Ҳар кимнинг ўз уйи, бошпанаси, Ватандаги мўъжаз ватани бўлганига не етсин!

Назокат УСМОНОВА