« Back

СOVID-19 13.04.2020 13:12

ДОЛЗАРБ САВОЛГА ТЕЗКОР ЖАВОБ

Бугун АОКА штабида Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

〰️〰️〰️〰️〰️

❓ Карантин даврида нонга, бозорга, озиқ-овқат олишга кўчага чиқяпмиз. Шунда ички ишлар органлари ходимлари бир неча маротаба паспортимни сўрашди, мен паспорт олиб юришим шартми?

❗️ Ички ишлар органларига бошқа идоралар билан ҳамкорликда фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя этишларини назорат қилиш, тартиб бузганларга нисбатан кескин чора кўриш вазифаси юклатилган.

Агар Сиз карантин даврида кўчага чиқсангиз, билингки, ҳар бир ички ишлар органи ёки Миллий гвардия ходими Сизни тўхтатиб, кўчага чиқиш мақсадингизни сўрайдилар. Бунда албатта шахсингизга аниқлик киритиш зарур. Агар ёнингизда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, Сизни Ички ишлар органига олиб бориб, шахсингизни аниқлаштиришга зарурат туғилиши мумкин.

❗❗ Шунинг учун, ҳаётий зарурат туғилганида кўчага чиқсангиз паспортингиз ёнингизда бўлиши ШАРТ!

► Агар Сиз ишга кетаётган бўлсангиз, қўшимча, ишхона гувоҳномаси ва Сиз ишга жалб этилганингиз ҳақидаги раҳбар тасдиқлаган маълумотнома қўлингизда бўлиши шарт.

► Кўчада бемақсад юрганингиз аниқланса, Сизга нисбатан жарима қўлланилади.

〰️〰️〰️〰️〰️

❓ Маҳаллага киришда погонли шахслар ҳар қанақа "доставка" (етказиш хизмати) киришини ТАҚИҚЛАМОҚДА. Одамлар аркага (маҳаллага кириш) буюртмаларини олиш учун тўда бўлиб боришади. Нега погонли ходимлар буюртмани уйгача етказиб беришга рухсат беришмайди?

❗️ Ҳақиқатан, ҳозирги вақтда автотранспорт ҳаракатланишини назорат қилиш мақсадида муайян турар-жойларга кириш тақиқланган.

Автотранспорт ҳаракатланиши мумкин бўлган йўллар ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари томонидан назоратга олинган.

❗️❗️ Афсуски, вазият тақозосига кўра, погонли ходимлар турар-жойларга бегона автотранспортларни КИРИТА ОЛИШМАЙДИ, ҳатто етказиш хизматини ҳам.

✔️ Бу нотаниш одамлар билан назоратсиз алоқаларни камайтириш ёки чеклаш зарурати ҳисобланади.

Илтимос, бу заруратга тушуниш билан ёндашишингизни сўраймиз.

〰️〰️〰️〰️〰️

❓ Мен хориж университетига ҳужжат топширяпман, "қизил паспорт" керак. Нима қилсам бўлади?

❗️ Чэт элга ўқишга ҳужжатни онлайн топшираётган бўлсангиз керак. Афсуски, ҳозирда хорижга чиқиш паспортини олишнинг ИЛОЖИ ЙЎҚ.

Карантин чекловлари тугатилганидан сўнг, Сиз ҳудудий миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига мурожаат қилиб, ўрнатилган тартибда хорижга чиқиш паспортини олишингиз мумкин.

〰️〰️〰️〰️〰️

♦ ФАКТ:

Бугунги кунда карантин қоидаларини бузганлар — 55 403 нафар шахс. Уларнинг аксарияти ёшлар, яъни 18-30 ёшдаги фуқароларни ташкил этади. Қоидабузарларнинг 90 фоизидан кўпи — тиббий ниқоб тақмаган фуқаролар.