« Back

СOVID-19 12.05.2020 12:52

Бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ!

Кўпи кетиб, ози қолди, деб ўйлагандим. Ҳали хотиржамликка берилишга эрта эканини ён-атрофимизда рўй бераётган жараёнлар яна бир карра исботламоқда.

Бир ҳафталар илгари касалланиш динамикаси анча пасайиб қолгани, карантин қоидалари эса босқичма-босқич юмшатила бошланганиданми, назаримда кўпчиликда шу каби фикр бўлгани рост.

Кимларнингдир ниқобсиз юрганига ҳам кўзимиз тушди. Бу ҳол айниқса, ўспиринлар, ёшларда кўпроқ кўзга ташланмоқда. “Менга юқмайди”, “Иммунитетим кучли”, “Унча-мунча касаллик мендан нари юради” қабилидаги қарашлар мутлақо нотўғри эканини, ҳеч ким бу тушунарсиз, кўринмас балодан кафолатланмаганини дунёда рўй бераётган воқеалар кўрсатиб турибди.

Юқиши ўта тез ва юқори, тузалиши эса анча қийин ушбу дард мамлакатимизда зарурий барча эҳтиёт чоралари, белгиланган қонун-қоидаларга оғишмай амал қилиш, шифокорларнинг фидойилиги, ҳарбийлар, ички ишлар, гвардиячилар, фавқулодда хизмат ходимларининг касбига садоқати туфайли бартараф этилмоқда.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, ҳудудлар инфекциянинг тарқалиши ва беморларнинг соғайиши кўрсаткичига қараб уч тоифага ажратилди. Таҳлиллар доимий олиб борилиб, уларнинг ҳар бирида чекловлар бекор қилиниши ёки кучайтирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кейинчалик вилоятлар, эндиликда эса туман ва шаҳарлар ҳам муайян тоифага ажратилишига эътибор қаратиляпти. Буларнинг бари ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг бир маромга тушиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Кўпчилик, айниқса, ёши улуғ ҳамюртларимиз, нуронийлар, саломатлигига масъулият билан қаровчилар карантин қоидаларига оғишмай, тартиб-интизом билан амал қилгани диққатга сазовор. Бироқ ҳануз ниқобда юриш, уни тўғри тақиш, ижтимоий масофаланиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этмаётган, уни қўпол тарзда бузаётган ҳамюртларимизнинг борлиги наинки уларнинг ўзига, балки атрофидагиларга ҳам хавф солмай қолмайди. Ахир мамлакат ичкарисида ҳам касаллик аломатлари аниқланаётганлар бор-ку! Гувоҳи бўлаётганимиздек, ўта хавфли бу касалликнинг оғиз, бурун, кўз шиллиқ пардаси орқали осонгина юқиши эҳтимоли жуда юқори экани, шу тариқа коронавирусни қандай бақириб олгани ўзи ҳам тузук-қуруқ англай олмаётганлар ҳам борлиги жуда афсусланарли.

Шундай экан, ўзимиз ва атрофдагиларнинг саломатлигига бефарқ бўлишга ҳаққимиз йўқ!

Назокат УСМОНОВА