« Back

Спорт мактаблари 05.06.2020 13:18

«Яшил» ҳудудлардаги спорт секциялари фаолияти карантин қоидалари асосида йўлга қўйилмоқда

Юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 29 майдаги қарорига асосан 2020 йил 1 июндан «яшил» ҳудудларда спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолиятига рухсат берилди.

Жорий йил 4 июндан бошлаб Тошкент вилоятининг «яшил» ҳудудлар тоифасига кирувчи Олмалиқ шаҳридаги болалар-ўсмирлар спорт мактабида карантиндан сўнг илк бор айрим спорт секциялари ўз фаолиятини бошлади.

Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Олмалиқ шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактаби шаҳар санитария ва эпидемиология марказининг рухсати асосида ҳамда карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда (муассасага киришда, тана ҳароратини ўлчовчи пирометр воситаси орқали текширувдан ўтгач, машғулотларда қатнашишга рухсат этилмоқда) фаолиятини бошлади ва кун давомида спорт зали дезинфекция қилиб турилмоқда.

Республика бўйлаб «яшил» ҳудудларда қайтадан фаолиятини бошлаётган спорт секциялари мутасаддиларига Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 645-сонли буйруғида кўрсатиб ўтилган талабларга асосан, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, машғулотлар ўтказиш бўйича керакли тавсиялар берилмоқда.

ЎзА