« Back

Статистика 27.07.2020 16:19

Аҳолини рўйхатга олиш 

Албатта, аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар уларни рўйхатга олиш асосида олинади. Шунга қараб ўтмиш ва бугун ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни фаразлаш мумкин. Шунингдек, бу аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, никоҳ ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир.

Бундай жараёнлар қадимги Греция, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. Лекин, бу аксар ҳолларда солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун қаратилиб, фақат эркаклар рўйхатга олинган. 

Аҳолини расмий рўйхатга олиш 1790 йил АҚШда, кейинчалик 1800 йил Швеция ва Финляндияда, 1801 йил Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо, бу узоқ муддатга чўзилган. Масалан, АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давом этгани ҳақида маълумотлар бор.

ХIХ асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш кенгайди. Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилиб, бу борада илмий дастурлар ишлаб чиқилди. Хусусан, ХIХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, ХХ аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин 151 та давлатда, 1965-1974 йиллар 179 та давлатда аҳоли рўйхати ўтказилган. 

Буюк Британияда 1920 йили Қўшма Қиролликда аҳолини рўйхатга олиш қонуни қабул қилинган. Мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда, одатда, апрель ойида ўтказилади. 

АҚШ Конституциясининг 1-моддасида: «Вакиллар палатасидаги жойлар ва тўғридан-тўғри солиқлар Иттифоққа кирувчи штатлар бўйича уларнинг аҳолиси сони асосида тақсимланади. Аҳолининг амалдаги сони Қўшма Штатлар Конгресси биринчи мажлисидан кейин уч йил мобайнида, кейин ҳар ўн йилда мунтазам ҳисоблаб чиқилади», деб қайд этилган. Бу каби ҳолат Польшада ҳам мавжуд бўлиб, бунга давлат аҳамиятига молик тадбир сифатида қаралади. 

Ҳозир деярли барча давлатларда аҳолини рўйхатга олиш олиб борилмоқда.

Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йил ўтказилган бўлиб, бу оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, 

этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йиллар ҳам аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган. Аммо мустақилликдан сўнг бу каби ишлар бажарилмаганди. 

Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонида алоҳида банд сифатида Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Қонун лойиҳасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг мақсади, тартиби, даври ва муддатларини аниқлаш, унда замонавий технология ва услуб асосида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларни ушбу жараёнларга қатнашиши учун аниқ механизмлар ва уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш манбаларини белгилаш, якуний натижаларни амалга ошириш учун ташкилий-амалий, ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни келтириб ўтиш назарда тутилган.

Узоқ йиллар юртимизда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмагани боис аҳоли сони, ёш-жинс таркиби, ҳудудий жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзгаришлар борасида аниқ маълумотлар йўқ. 

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепцияси» тасдиқланди. 

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясида аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг мақсади ва асосий вазифалари ёритилган бўлиб, тадбирни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш босқичлари белгиланган.

Шунингдек, тадбирни ўтказишнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш йўналишлари инобатга олинган.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларида барча фаол иштирок этади. 

Д.Рахмедова, 
Тошкент шаҳар Cтатистика бошқармаси 
Демография ва меҳнат статистикаси бўлими бошлиғи ўринбосари