« Back

Суҳбат 05.06.2020 13:16

Мусаффо табиат – ёрқин ҳаётимиз гарови

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1972 йили Стокгольм шаҳрида ўтказилган конференцияда 5 июнь “Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилинган эди.

Бу кун 100 дан ортиқ мамлакатда нишонланиб, инсониятни табиатни асрашга, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга чорлаб туради, эзгу ташаббуслар рўёбига замин яратади. Шунингдек, сана муносабати билан барча халқлар бирлашиб она сайёрамизни муҳофаза қилишга ўз ҳиссасини қўшиш имконига эга бўлишади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Атроф-муҳит ифлосланишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Собиров билан ЎзА мухбирининг суҳбати ҳам ана шу долзарб мавзуга бағишланди.

– Ўлмас Алиқулович, аввало, Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунининг мазмун-моҳияти ҳақида гапириб берсангиз.

– Атроф-муҳит муҳофазаси ниҳоятда муҳим. Яшаш учун табиатни асрашимиз, табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорлик билан фойдаланишимиз зарур. Шунингдек, бугунги кунда ер шаридаги кўплаб экотизимлар захираси деярли буткул тугаб, ортга қайтариб бўлмайдиган даражага юз тутган, боз устига аҳоли нуфуси ўсиб бораётган, иқтисодий тараққиётга эҳтиёж кун сайин ортаётган вазиятда экологияни сақлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа саналади.

Шу боис, инсоният табиий бойликлардан тежаб фойдаланиш, табиат билан уйғун яшаш, атмосферани соф тутишга интила бошлади. 5 июнь – Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни барчамизни бу ҳақда яна бир бор ўйлаб кўришга чорлаши билан ҳам аҳамиятлидир.

Бу кунда дунё миқёсида миллионлаб одамлар иштирокида кенг кўламли тадбирлар ўтказилади. Ёшу қари турли кўргазмалар, ҳашарлар, хайрия концертлари, танлов ва мусобақаларда қатнашади.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ер юзида 370 минг ўсимлик тури аниқланган. Уларнинг 60 мингга яқин тури, 7 мингдан ошиқ ҳайвон тури йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди. БМТ маълумотида қайд этилишича, ҳар йили 13 миллион гектарга яқин ўрмонзор йўқолиб кетмоқда. Ҳозирги кунга қадар сайёрамиздаги барча ўрмонларнинг ярми кесиб ташланган. Ер сайёрасининг қарийб 60 фоиз экотизими инқирозга учрамоқда. 87 сув ва сув ёнбағирлари, 46 чўл ва 43 тоғ экотизими йўқолиб кетиш арафасида.

1913 йилда бир киши йил давомида ўз турмуш эҳтиёжини қондириш учун 4,9 тонна табиат инъомидан фойдаланган бўлса, 1940 йилга келиб бу кўрсаткич 7,4 тоннага ортган. 1960 йили 14,3 тоннани ташкил этган. Ҳисоб-китобларга қараганда, яқин келажакда ҳар бир одамнинг табиат неъматларидан фойдаланиши 35-40 тоннага етар экан.

БМТ Бош Ассамблеяси 2010-2020 йилларни – Халқаро биологик хилма-хилликни сақлаш декадаси, деб эълон қилган эди. Бу йил мазкур декаданинг сарҳисоби қилинади. Шунга ҳамоҳанг тарзда Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни “Биохилма-хиллик” шиори остида ўтказилмоқда.

– Атроф-муҳит муҳофазаси тамойиллари Ўзбекистонда қандай амалга оширилмоқда?

– 1992 йил Рио-де-Жанейрода ўтказилган БМТ анжумани Ўзбекистоннинг глобал экологик мувозанатни ўрнатишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириши учун кучли туртки бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистон турли соҳаларда халқаро муносабатларни тартибга солувчи кўплаб конвенция ва келишувларни имзолади, нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон минтақадаги экологик муаммоларни бартараф этишга жуда муҳим эътибор қаратмоқда.

Биргина, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича мисли кўрилмаган ишлар қилинмоқда. Денгизнинг қуриган ҳудудида ўрмонзорлар яратиш, “яшил белбоғ”лар барпо этиш каби долзарб масалалар қатъий вазифа қилиб белгиланган.

Очиғини айтиш керак, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар кўнгилдагидек эмас.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурсларни сақлаш ва қайта тикланишини таъминлаш мақсадида давлат экология инспекторлари фаолиятида 2020 йилнинг биринчи чораги давомида 7914 қонунбузарлик ҳолати (шундан 112 нафари мансабдор шахс) аниқланган. Уларга нисбатан 6,42 миллиард сўм жарима белгиланган. 192 ҳолат бўйича 1,8 миллиард сўм жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга киритилди.

– Бугунги кунда миллий бойлигимизнинг ажралмас қисми бўлган ландшафтлар хилма-хиллиги ҳам ривожланиб бормоқда. Бу борада қандай самарали ишлар қилинмоқда?

– Дарҳақиқат, ландшафтлар бир неча минг йиллик эволюция давомида юзага келган ҳамда аждодларимиз томонидан бизга қолдирилган улкан меросдир. Зиммамизда бу меросни авлодларга хилма-хил ва барқарор тизим кўринишида қолдиришдек улкан ва масъулиятли вазифа турибди. Шу сабабли табиатга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига нисбатан нотўғри муносабатда бўлишга чек қўйиш, табиат инъомлари, бойликларини, табиий ресурларни муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ва уларни кўпайтириш барчамизнинг асосий бурчимиз бўлиши лозим.

Озода Бекмуродова суҳбатлашди