« Back

Суд 31.08.2020 11:53

Суд тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичи

Мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари 2017 йилдан янги босқичга кўтарилиб, суд соҳасида бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатлари суд тизимини тубдан ислоҳ этиб, суд тизимидаги йиғилиб қолган муаммоларга ечим бўлди. Суд тизимидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонидир. 

Ушбу Фармонда суд тизимида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди. Фармон билан фуқаролик, иқтисодий ва жиноят судлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва Қорақалпоғистон Республикаси умумюрисдикция судлари сифатида ташкил этилиши, бунда ушбу судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этиш белгиланиб, бу билан фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчилигини олдини олиш, ишларни сифатли ва адолатли кўриб чиқилишини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш назарда тутилган.

Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни жиноят судларига олиб бериб, маъмурий судлар ихтисослашуви ва ташкилий таркибий тузилмасини қайтадан кўриб чиқилиши белгиланди.

Шунингдек, жойларда аҳоли сонидан келиб чиқиб, айрим туманларда фуқароларга ноқулайликлар бўлганлиги сабабли, туманларда янги фуқаролик судларини ташкил этиш белгиланди.

Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларга таъсир кўрсатишни олдини олиш ҳамда суддаги ишларни йиллаб кўрилишининг олдини олиш мақсадида назорат инстанциясини ва назорат тартибида протест келтиришни бекор қилиниши кўзда тутилган.

Ушбу Фармон билан яна жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилди. Бу эса ўз навбатида судга келиб тушган жиноят ишини судья томонидан тайинлаш чоғида тарафлар судга келиб, жиноят иши юзасидан тергов жараёнида йўл қўйилган камчиликлар маълум қилиниб, ушбу камчиликларни эрта бартараф эти имконини юзага келтиради.

Фармон билан суд тизимида бир қатор ташкилий ва таркибий тузилмалар ташкил этилиши белгиланиб, ушбу ташкилий ва таркибий тузилмалар суд тизимида юзага келаётган муаммоларни ўрганиб бориш ва таҳлил қилиш, ушбу камчиликлар ва муаммолардан келиб чиққан ҳолда қонунчиликка таклифлар бериш имконини юзага келтиради. 

Бу эса ўз навбатида судьялар томонидан кўриладиган ишлардан ташқари бошқа ишлар билан шуғулланиши олдини олиб, судья фақатгина иш юритувидаги ишларга янада кўпроқ вақтини сарфлашига олиб келади.

Фармон билан яна суд тизимида бир қатор қонун ва кодексларни янги таҳрирда қабул қилиш белгилаб берилди.

Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши натижасида суд тизимидаги ислоҳотлар янги босқичга чиққанлиги кўришимиз мумкин. Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ ислоҳотларини доимий назоратга олиб, ўз ташаббуслари билан амалга ошираётганликлари бу соҳада амалга оширилиши керак бўлган ишлар талайгина эканлигидан далолат беради. 2017 йилдан буён суд тизимида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб, бунда оқлов ҳукмларининг чиқарилиши бунга яққол мисолдир. Бироқ, ҳали суд тизимида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўп эканлиги, муаммолар борлиги ушбу ислоҳотлар натижасида намоён бўлди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар биринчи навбатда, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиб, судда ишларни шаффоф ва ошкора кўрилишини таъминлаш, судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигини ҳимоя қилишга қаратилгандир.

Алишер Жалилов,
жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси