« Back

Суд тизими 07.09.2020 13:35

Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади

Бугунги кунда, давлатимиз томонидан судлар фаолиятининг моддий-техник базасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур чора-тадбирлар бевосита инсон ва тадбиркорлик субъектларининг, ўзларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли судларга мурожаат қилиш тартиб-таомилларини янада эркинлаштириш ҳамда судлар фаолиятида шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Хусусан, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида ахборот алмашинувини амалга ошириш учун судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилиши шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 3 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Мазкур қарорга кўра, келгуси йилдан бошлаб судларда суд мажлислари белгиланган тартибда аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш, апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш, иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, 2022 ва 2023 йиллардан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда тақдим этиш ва соҳага оид бўлган 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади ҳамда суд ишларини давлат архивига электрон шаклда топшириш ва қабул қилиш жорий этилади.

Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни уларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш йўлга қўйилади.

Эндиликда, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш имкониятини берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига жорий этилади.

Мухтасар қилиб айтганда, суд органлари фаолиятига ахборот-технологияларини кенг жорий этилиши ҳамда судларнинг ва давлат идора ва ташкилотлари ўртасида ахборот алмашинувини янада яхшиланиши одил судлов самарадорлигини оширишга бевосита хизмат қилади.

Д.БАЗАРОВА,
Тошкент давлат юридик университети Жиноят-процессуaл ҳуқуқи кaфедрaси мудири