« Back

Сўровнома 28.08.2020 14:03

”Ижтимоий фикр” Маркази комплекс сўровнома ўтказди

”Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги куни арафасида аҳоли ўртасида “Ўзбекистон: давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги” мавзусида комплекс сўров ўтказди. Тадқиқот давомида мамлакат, жамият ва ўзбекистонликлар ҳаётидаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижалари ва сўнгги йилларда юз берган ўзгаришлар тўғрисида фуқароларнинг фикрлари ва тасаввурлари аниқланди.

Ушбу сўров доирасида бутун дунё учун ҳақиқий синов бўлган коронавирус инфекцияси пандемиясига мамлакатимизнинг тайёрлиги даражаси ҳақида ҳам аҳолининг фикри аниқланди. 65,1% телефон сўрови иштирокчиларининг фикрича, Ўзбекистон COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазиятга тўлиқ даражада тайёр бўлган. Айни пайтда 23,5% респондентларнинг қайд этишларича, мамлакатимизнинг коронавирус пандемиясига тайёрлиги “тўлиқсиз даражада” эди, бошланишида шахсий ҳимоя воситалари, тиббиёт ниқоблари ва дезинфекцияловчи воситалар етишмовчилиги юз берди. Тез тиббий ёрдам хизмати ва касалхоналар фуқаролардан келиб тушаётган ва ўсиб бораётган мурожаатларни қондира олмади.

Ўтказилган телефон сўрови натижалари шуни кўрсатдики, коронавирус инфекцияси пандемияси ва COVID-19га қарши курашиш даврида фуқаролар дуч келаётган қийинчиликлар Ўзбекистон халқини янада жипслаштирди, давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес муҳити вакиллари ва оддий фуқароларни умумий куч-қувват билан касаллик тарқалишини имкон қадар тезроқ тўхтатиш ва мамлакатдаги санитар-эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш учун сафарбар этди ва бирлаштирди.

Ушбу ижтимоий аҳамиятга эга телефон сўровида қатнашган фуқароларнинг ярмидан кўпи (57,2%) ушбу фикрга қўшилдилар. Сўралганлардан учдан бир қисмининг фикрига кўра, мамлакат аҳолиси тўла даражада жипслашмади ва карантин талабларига риоя қилмади, айрим фуқаролар вужудга келган вазиятни жиддий қабул қилмаяпти.

Шунингдек, телефон сўровининг аниқлашича, коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва карантин чекловлари шароитида фуқароларнинг кўпчилиги (70,4%) кўтаринкилик руҳини сақлаб қолмоқда ва мамлакатимиз, Ўзбекистон халқи ушбу мураккаб вазиятдан энг кам йўқотишлар билан чиқишига ҳамда коронавирус пандемияси туфайли дунёда пайдо бўлган барча иқтисодий қийинчиликларни яқин вақтда енгиб ўтишига қатъий ишонадилар.

Юқоридаги таҳлиллар 2020 йилнинг 11-17 август кунлари аҳоли ўртасида телефон ва интернет сўровлари, шунингдек, ахборот технологияларини қўллаган ҳолда якка тартибдаги видео-сўровлар хулосасидир.

Сўровларда республиканинг барча минтақалари аҳолиси, 18 ёш ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, шаҳарликлар ва қишлоқдагилар, турли соҳа ва тармоқларда меҳнат қилаётган турли миллатлар ва ижтимоий қатламлар вакиллари иштирок этган.

ЎзА