« Back

Сўз жамият 04.05.2020 13:17

Сўз эркинлигини таъминлаш давлатимиз эътиборида

Сўз эркинлигисиз журналистикани, эркин жамиятни, тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди. Сўнгги уч-тўрт йилда илгари тасаввуримизга сиғмаётган сўз эркинлиги кириб келди. Пировардида, бугун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мисли кўрилмаган баҳслар, мунозаралар иштирокчиси ва гувоҳи бўлмоқдамиз.

Тўғри, орамизда “Сўз эркинлиги бизнинг бошимизга битган бало бўлмадимикин?” дея таҳликага тушиб қолганлар ҳам бор. Лекин мен уларга Уинстон Черчилнинг гапи билан жавоб қайтараман: “Демократия – бошқарувнинг энг ёмон шакли бўлиши мумкин, аммо инсоният ҳали ундан яхшисини ўйлаб топгани йўқ!”.

Сўз эркинлиги, бу – муқобил фикр, дегани. Муқобил фикрлардан энг ҳаққонийсини танлаш, дегани. Рости, бизда ҳали бунга кўникма ва тажриба кам. Аммо ҳеч қачон ҳеч қайси бир давлатчилик осонликча қурилмаган. Бунга узоқ ва яқин тарихимиз гувоҳ. Мақсадга эришмоқ йўлидан кўп синовлар ҳамда қурбонликлар, йўқотишлар билан ўтилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилги сайловлардаги ғалабасидан сўнг демократик давлат сари интилиш, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги ва баҳслашуви бош устувор вазифа сифатида белгиланди.

Ҳеч кимни ва ҳеч нимани танқид қилиш ниятим йўқ. Аммо бундан илгари вазият қандай бўлганини тажрибали ва ҳатто тажрибасиз журналистлар ҳам яхши билади. У пайтларда ҳали “блогер” атамаси йўқ эди. Ижтимоий тармоқда ёзган одам ҳам ҳадик билан ёзарди. Сталин даврини кўрган бирор одам чиқиб, кўзга тик қараб “Сен давлат сиёсатига қаршимисан?” ёки “Сиёсат билан ўйнашяпсанми?” деган таҳдид билан исталган “қаҳрамон”ни ҳам инига тиқиб қўярди.

Биз ўзимизникидан кўра хориждаги вазирлар ва амалдорлар ҳаётини яхши билардик. Бирорта сиёсатчининг маҳаллий телевидениеда чиқишига изн йўқ эди. Энди тасаввур қилинг: сўнгги уч йилда бизнинг вазирлар ҳам, сенатору депутатлар ҳам, ҳукумат аъзолари ҳам халққа яқинлашишга мажбур бўлди. Уларни Президентнинг очиқ ва янги сиёсати бунга мажбур қилди. Биз ҳокимлар, вазирлар билан юзма-юз гаплашишга, аччиқ ва очиқ саволлар беришга ўргандик. Ҳатто уларнинг нутқини эшитиб, ҳаяжондан адашган пайтларида “қовун туширди” дея танқид қилиш урфга айланди.

 Интернетда илгари хориждаги хайплар модага кирди. Тўғри-да, бир умр оғзига толқон солиб келган амалдорлар бирданига сўзлай бошлади. Бир умр лом-мим демаган одамнинг қовун тушириши табиий эди-да. Ахир биз уларни Англия ёки Жанубий Кореядан олиб келмагандик. Ҳаммаси худди ўзимиз сингари эски тузумнинг одамлари эди.

Майли, бундан ҳам ўтармиз. Бизнинг амалдорларимиз ҳам қовун туширмасликка ўрганишар. Аммо биз бу “грипп”дан бирга даволанишимиз керак.

Ўзбекистон бугун Шарқ ва Ғарб давлатлари орасидаги энг сара тажрибани олмоқчи. Баъзида аччиқ меваларни ейиш ҳам насиб қиляпти. Ва бу табиий...

Бизнинг сиёсий воқелигимизда Президентнинг вилоятларга ташрифлари ва видеоселекторлари янги реаллик бўлди. Шавкат Мирзиёев “планли” ташрифларни ёқтирмайди. Олдиндан тайёрланган сценарийларни инкор этади. Танланган ва ўргатилган одамлар билан эмас, профессионаллар билан гаплашади. Кўргазмали учрашувларни-ку умуман қабул қилолмайди. Ўта расмиятчилик билан ўтадиган йиғилишлар ҳам унинг табиатига зид.

Ёдингизда бўлса, бир постимда айтгандим: видеоселектор бўладими ёки учрашув бўладими, Президент шошмайди. Хоҳ у тажрибали мутахассис бўлсин, хоҳ катта амалдор, хоҳ вилоят ёки туман ҳокими, Президент шошмайди, сўзини бўлмай тинглайди. У ўз қарорида профессионалнинг фикрига таянади.

Шавкат Мирзиёев Президентликка номзод бўлганида Қорақалпоғистонга борганида минглаб одамлар орасига кириб кетди. Уни одамлар зич ўраб олди. Кимдир буни одамлар аввал мамлакатнинг биринчи раҳбарини кўрмаганлигига йўйди, кимдир одамларнинг муаммолари тўпланиб қолгани, улар билан олий даражадаги мулоқот бўлмаганлиги билан изоҳлади.

Халқ дарду ташвиши, одамлар ғами Президент учун қанчалик яқин эканини биз Бухоро ва Сардобага режадан ташқари тезкор ташрифларда ҳам кўриб, гувоҳи бўлдик. Пандемия шароитида Президент ҳимоя воситаларисиз оддий одамлар орасига кириб кетди. Сирдарё вилоятида давлат раҳбари икки сутка яшади, одамлар ичида бўлди. Уч-тўрт мингкишилик лицейлар, мактабларга, шунингдек, маҳаллаларга бориб, одамларни тинчлантирди, кайфиятини кўтаришга ҳаракат қилди. Уларни кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлашга бош-қош бўлди. “Уйларингиздан сувни чиқариб берамиз, йўлларингизни таъмирлаб берамиз, далаларингизни ҳайдаб берамиз” дея уларни ишонтирди. “Фақат руҳингизни туширманг, кайфиятингизни кўтаринг!” дея уларга кўтаринкилик бағишлади.

Бу ишларни пойтахтдаги муҳташам кабинетдан туриб қилса ҳам бўларди. Ва одатда кўп раҳбарлар шундай қилади ҳам.

Мен буни Президентни мақташ учун ёзаётганим йўқ. Президент бунга муҳтож ҳам эмас. Мен ёзаётганим уч ҳолатда: коронавирус пандемияси, Бухоро ва Сардоба талафотларида сўз эркинлиги ҳамда вазиятни яширмасдан, ошкора кўрсатишни ўз-ўзидан деб билиш керак эмас. Бу Президентнинг сиёсий иродаси, унинг ўз йўлидан қайтмаслигини кўрсатди.

Коронавирус бўйича биринчи кунлардан шундай бўлди. Биз касални яширмадик. Чунки яширилганида албатта иситмаси ошкор қилар эди. Буни баъзи бир қўшни давлатлар мисолида ҳам кўряпмиз.

Бизда шу мураккаб пандемиянинг келиши, қанча одам касаллангани, унга қарши қандай чоралар кўрилиши Президентнинг ҳар бир селекторида очиқ, халқдан яширилмай ёритилди. Пировардида, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш борасида мақтовга арзирли тажриба юзага келди. Кундан-кунга касаллар сони камаймоқда. Мамлакат карантиндан ёруғ юз билан чиқяпти.

Бухоро ва Сардобада ҳам юз берган воқелар халқдан яширилмади. Керак бўлса, вертолётдан ва дрондан олинган фото ҳамда видеотасвирлар пешма-пеш намойиш қилиб борилди. Одамлар дезинформация, маълумотсиз қолдирилиш сиёсати остида яшамади.

Лекин биз яна бир нарсага ўрганишимиз керак. Бу – сўз масъулияти. Сўз эркинлигини асло суиистеъмол қилмаслигимиз лозим.

Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖАЕВ, 
журналист, сиёсий фанлар номзоди