« Back

Таҳлил 22.04.2020 13:43

Шахс ҳуқуқларидан жамиятнинг соғлом бўлиш ҳуқуқи устундир

Чекловчи тартиблар (карантин) ҳамда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши киритилган кучайтирилган тартиб 10 майга қадар узайтирилди.

Аҳолининг аксар қисми буни тўғри тушуниб, жорий этилган барча қоидаларга онгли равишда амал қилиб келмоқда. Бироқ шу билан бирга, баъзи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “карантин чоралари беҳуда жорий этилгани“, “зарарланиш муқаррарлиги“ тўғрисидаги хабарлар урчиб, ёлғон эпидемиологик қоидалар важ қилиб кўрсатилмоқда.

Баъзи фуқароларнинг фикрича, чекловчи тадбирларни жорий этиб, давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қиляпти. Аммо бизнинг ҳуқуқларимиз чегараси бошқа шахснинг ҳуқуқлари бошланган жойда тугашини ёдда тутмоқ даркор. Эпидемия ҳолатида чекловчи тадбирлар “ҳаддан зиёд“ бўлмайди. Бундай вазиятда шахс ҳуқуқларидан жамиятнинг соғлом бўлиш ҳуқуқи устун қўйилади.

Карантин чораларига риоя қилмай туриб, бехосдан нафақат яқин кишилар, балки бегона шахсларнинг ҳам зарарланиш эҳтимолини ошириш мумкин. Бундан ташқари, шифокорлар ва тиббиёт ходимлари ҳам касалхоналарда навбатчилик қилиш ўрнига ўз оила аъзолари билан вақт ўтказишга, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вакиллари 24 соат навбат алмашмай ишлаш ўрнига дам олиш ва тиниқиб ухлашга ҳақли эди. Карантин чораларини кўпчилик қанча тез онгли равишда қабул қилиб, уларга амал қилса, касалликни енгишда шунча юқори самарага эришиш мумкин. Ваҳимага ва манипуляцияга берилмай, ишончли манбаларда берилаётган ахборотга асосланиб иш кўриш, айниқса, муҳимдир.

Хорижий давлатлар тажрибаси

Вазиятни тушуниш учун хорижий давлатлар тажрибасига мурожаат қиламиз. Аввало, рақамларга юзлансак. 19 апрель ҳолатига Ўзбекистонда 1 495 зарарланиш ҳолати қайд этилди, бу кўрсаткич бир ой олдинги ҳолатга қараганда 65 баробар кўп (19 мартда зарарланиш ҳолатлари 23 тани ташкил этган). Таъкидлаш жоизки, зарарланиш суръатлари асталик билан ўсяпти, касалланганлар, ўлим ҳолатлари сонининг кескин ортиши кузатилмаяпти. COVID-19 коронавируси сабабли қайд этилган ўлим ҳолатлари Ўзбекистонда 0.3 фоизни (5 та ўлим ҳолати) ташкил этади. Қиёслаш учун, бу кўрсаткич Буюк Британияда 13.4 фоиз, Италияда – 13.2, Францияда 0 13, Испанияда –10.5, АҚШда – 5.3 фоизни ташкил этади. Мутахассисларнинг фикрича, касалланиш ва ўлим ҳолатлари ортишига олиб келувчи асосий омиллардан бири – тезкор чораларнинг кўрилмагани (карантинни жорий этиш, ўзини яккалаш, ижтимоий масофа сақлаш), шифокорлар тавсияси ва гигиена қоидаларига бепарво бўлиб, бу соғлиқни сақлаш тизими касалларнинг бундай катта оқимига хизмат кўрсата олмаётганига сабаб бўлди.

Самарали натижа берган Хитой тажрибасига тўхталсак. Коронавирус инфекциясининг илк ўчоқларидан бўлган ХХРда қатъий карантин чоралари жорий этилиши натижасида эпидемик жараён жиловлай олинди. Ҳозирги кунда Хитойда COVID-19 билан зарарланганлар 84 минг нафар атрофида, бу АҚШга қараганда 10 баробар, Испания, Италияга қараганда икки баробар кам, ўлим ҳолатлари эса 5.5 фоизни ташкил этмоқда. Кенг кўламли тестдан ўтказиш ва зарарланганларни яккалаш, қатъий қоидалар жорий этилган Корея Республикаси ва Японияда касалланганлар сони 11 минг атрофида, ўлим билан якун топиш даражаси 2.2 фоизни ташкил этади. Мутахассислар Японияда инфекция тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар қаторида мактабларнинг ёпилиши, оммавий тадбирларнинг бекор қилиниши, фуқароларнинг тартиб-қоидаларга интизомли риоя қилиши, жумладан, гигиена қоидаларига амал қилиш, оммавий тарзда махсус ниқоблардан фойдаланишни санаб ўтишди.

Эпидемиологик занжирни узиш

Ўзини яккалаш режими ва ижтимоий масофа сақлаш амалиётини қабул қилиш, карантин ва гигиена қоидаларига риоя қилиш нима учун муҳим?

Лондон мактаби директори Питер Пиот таъкидлашича, инсон зарарланганидан сўнг бир неча кун давомида ҳеч қандай аломатларни сезмайди, бироқ шу даврда инфекцияни бошқаларга юқтиради. Касаллик юқтирганларнинг 80 фоизи грипп ёки мавсумий шамоллашдаги каби лоҳаслик ҳис этади, ҳар бешинчи киши эса соғлиғида умуман ўзгариш сезмаслиги, аммо инфекция ташувчиси бўлиши мумкин. Агар шу даврда у атрофидагилар, ҳатто дўкон ёки кўчадаги нотаниш киши билан алоқа қилишда давом этаверса, вирусни изоляция қилиш ва эҳтимолий касалланганларни аниқлаш жараёни мураккаблашади.

Италиядаги тадқиқотлар кўрсатишича, зарарланганларнинг 50-70 фоизи касалликнинг ҳеч қандай аломатларини сезмаган, бироқ атрофидагилар учун катта хавф туғдиради. Шунинг учун ҳам ижтимоий яккаланиш, фуқаролар фаоллигини сустлатишга катта аҳамият бериляпти. Бу касалликнинг юқори чўққисини пасайтиришга тиббиёт ходимларига юкламани камайтириш, керакли дори воситалари, махсус ускуналар, инсон ресурслари тақчиллигининг олдини олиш имконини беради.

Ломбардиядаги қариялар учун тиббиёт маркази директори Лоренцо Казани “Time” ҳафталик журналига берган интервьюсида шундай дейди: “Инсон ҳаётини сақлаб қолишга онт ичган италиялик шифокорлар даҳшатли танловни амалга оширишга мажбур бўлганлар. Ким яшайди, ким яшамайди, кимга монитор, ўпкани сунъий нафас олдириш ускунаси ва эътибор кимга “тегади“, кимга – йўқ. Интенсив терапия хоналарида бўш ўринлари қолмаган. Шунинг учун шифокорлар ноиложликдан коронавирус билан касалланган ёшроқ ва кучлироқ беморларни даволашни афзал кўришга мажбур бўлдилар“.

1941 йилда эпидемиолог, академик Лев Громашевский таъкидлаганидек, эпидемиологик жараён доим такрорланиб турадиган цикллардан шаклланади: “зарарланган организм – қўзғатувчи – зарарланмаган организм“. Ҳар бир шундай цикл, ўз навбатида, ўзаро боғлиқ учта қисмни ичига олади: инфекция манбасининг мавжудлиги, юқтириш механизмининг амалга ошиши ва мазкур инфекцияга аҳолининг мойиллиги. Ушбу қисмлар биргаликда “эпидемиологик занжир“ни ташкил этади. Ушбу омилларнинг ҳеч бўлмаса бирининг “ишламай қолиши“ эпидемик жараённи тўхтатади.

Лев Громашевский табиий ва ижтимоий воқеликлар эпидемик жараёнда бевосита бирламчи кучлар (инфекция манбаси, ўтиш механизми, мойиллик)га таъсир этиш воситасида сон ва сифат ўзгаришларини бошқаради, улар эса эпидемик жараённинг иккиламчи ёки билвосита кучларидир. Шу тариқа, аҳолининг ижтимоий фаоллик даражаси инфекцион ва эпидемик жараённинг кечиш интенсивлигига бевосита ёки билвосита таъсир этади. Аҳоли қанчалик ижтимоий фаол бўлса, инфекцион жараён шунчалар жадал кечади.

Бу ҳақда британиялик олим Адам Кучарски ҳам айтади, алоқаларни максимал даражада қисқартириш билан зарарланганларнинг ўртача кўрсаткичини (вирус ташувчи зарарлайдиган кишилар сони) қисқартириш мумкин. Бу ҳолда инфекция тарқалиш эҳтимоли камаяди. Зарарланишнинг янги ҳолатларини икки баробар камайтириш учун касалланганларнинг ўртача кўрсаткичини 10 фоизга камайтириш кифоя.

Икки хил сценарий

Умуман олганда, соғлиқни сақлаш тизимига етадиган зарарни камайтириш – тан олинган эпидемиологик принцип. Уни эпидемия ривожининг икки сценарийси мисолида кўриб чиқиш мумкин: чекловчи чораларсиз ва уларни фаол қўллаш билан. Биринчисида инфекция шиддат билан тарқалади. Натижада қисқа вақт ичида касалланганлар ва тез тиббий ёрдамга муҳтож фуқаролар сони мавжуд ресурслар (ўринлар, дори воситалари, ускуналар, тиббиёт ходимлари)дан бир неча баробар ортиқ бўлади. Ўлим даражаси экспонента бўйича ўсади. Иккинчи йўл тутилса, чекловчи чоралар ҳисобига коронавирус тарқалишини сезиларли даражада секинлаштириш имкони пайдо бўлади, эпидемия тарқалади, лекин оғир касалланган беморлар сони камаяди, натижада шифокорлар ёрдамга муҳтож барчага самарали хизмат кўрсата олади. Бундан ташқари, эпидемия вақтида “олд фронт“даги шифокорлар нисбатан тинч режимда ишлайди, уларнинг зарарланиш хавфи камаяди.

Нил Фергюсон бошчилигидаги Лондондаги Импер коллежидан олимлар гуруҳи АҚШ ва Буюк Британия учун иккала сценарийни математик моделлаштирдилар. Уларнинг хулосаларига кўра, қатъий “ушлаб туриш“ сценарийси – “бугунги кунда яшаб қолиш учун ягона стратегия“. Карантин чораларини ортга суриш учун сабаб фақат барча касалланганлар маълумлиги, зарарлаганлар карантинда сақланаётгани ва мамлакатда назоратсиз инфекция юқиш механизми йўқлигига ишонч бўлиши мумкин. Бундай ишонч, афсуски, ҳеч бир давлатда йўқ.

Акмал БУРХОНОВ, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати