« Back

Таҳлил 20.06.2020 13:18

Аёлнинг дарди жамиятники ҳамдир...

Республика ишчи гуруҳи фаолиятига чизгилар

Ўзбек аёли унча-мунчага бировга дардини айтмайди. Оиласидаги муаммони элга "достон" қилишга ҳаё қилади. Дардини ютади. Бу дардлар бир куни ёрилади – оқибати эса... Мардикор бозорига чиқади, жиноят кўчасига киради ёки иш излаб сарсон-у саргардон бўлади.

Деярли ҳар куни ижтимоий тармоқлар, турли ахборот манбаларида шу каби ҳолатлар билан боғлиқ маълумотларга кўзимиз тушади. Буларнинг туб илдизи нимага бориб тақалади? Оиласидаги носоғлом муҳитми? Ишсизликми? Оғир турмуш шароитими? Мутасаддиларнинг бепарволигими?

Давлатимиз раҳбари жорий йил парламентга Мурожаатномаси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида аёллар, уларнинг ёрқин истиқболини яратиш, турмушини фаровон этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди.

“Шундай оилалар борки, уйида ўтиришга гилами йўқ, дори-дармон олишга пули йўқ, йиғлашга кўзида ёши йўқ. Бундай шароитда яшаётган аёлларнинг аҳволини ким тасаввур этади? Биз бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарамиз”, дея таъкидлади Президентимиз.

Бу ташаббус бугун ҳаётимизда бўй кўрсатмоқда, ўз натижасини бермоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов раҳбарлигида давлат ва нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат Хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, ўтган даврда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида уйма-уй юриб, оилалар ва аёллар муаммоларини ўрганди.

Мақсад, муддао, эҳтиёж...

Агар уйида нотинчлик бўлиб, унга яшаш учун имконият яратиш сансалорликка солинган бўлса, у аёл жамиятдан рози бўладими? Фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинмаса, мактаблардаги аҳвол ночор бўлса, таълим тизимининг иши қониқарсиз топилса, яна ўнлаб ҳаммага, қолаверса, айрим хонадонларга тегишли, бироқ мутасаддилар томонидан ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, “халқнинг розилиги”ни қандай олиш мумкин?

Ишчи гуруҳ қийин аҳволга тушиб қолган, кўмакка муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш мақсадида ташкил этилди.

Ўрганиш давомида иш билан таъминлаш, уй-жой ва уни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам, тадбиркорлик, кредит ажратиш каби кўплаб муаммолар аниқланди.

Таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, барча муаммолар негизида ишсизлик ва моддий етишмовчилик масаласи бор. Чунки аксарият аёллар бир марталик моддий ёрдамдан кўра бандлик, яъни ишли бўлишни, доимий даромад манбаига эгаликни афзал кўрмоқда.

Муаммолар ва ечимлар

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидан бошлади. Кейинчалик “Сирдарё тажрибаси” бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштирилди.

Ўрганишлар натижасида муаммоларнинг 23 фоизи уй-жой, 21 фоизи саломатлик, 17 фоизи моддий ёрдамга муҳтожлик, 14 фоизи иш билан таъминлаш, 8 фоизи тадбиркорлик ва кредит ажратиш, 4 фоизи коммунал соҳа, 2 фоизи оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг нотинчлиги, 1 фоизи таълим, 10 фоизи бошқа масалалар экани маълум бўлди.

Сирдарё шаҳрида яшовчи Нина Григоровна кекса ҳолида болаликдан ногирон қизини парвариш қилиши, бугунги кунда олаётган нафақа пули озлиги, яшаётган уйининг томи таъмирга муҳтожлигини билдириб, ёрдам сўраган. Мурожаат шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, унга касаба уюшмалари маблағи ҳисобидан 5 миллион сўм пул тақдим этилди.

Сирдарё туманидаги ишсиз ва қарамоғида ногирон фарзанди бор 3 хотин-қизга тикув машинаси олиб берилди. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа объектларига 50 тонна кўмир учун сертификат, 13 кам таъминланган оиладаги аёлга касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан саломатликларини тиклаш учун зарур бўлган тиббий хизмат ва дори-дармон маҳсулотларига маблағ ажратилди.

Улар орасида Зиёкор шаҳарчасида яшовчи ҳаётнинг оғир синовига учраган Маъмура Аҳмедова ҳам бор. У боқувчисини йўқотгач, фарзанди ва онаси билан яшаётган, юрак дардига йўлиққан эди. Аёлга саломатлигини тиклашида ёрдам беришни айтишганида қанчалик суюнганини тасаввур қилиш қийин эмас.

– Юрак хасталигини даволаш мумкин, деб руҳлантиришди, – дейди М.Аҳмедова. – Мен каби давлат ғамхўрлигини ҳис қилган аёллар кўп. Барчамиз дуодамиз.

Ўрганишлар самарасида тумандаги 50 эҳтиёжманд оила фарзандлари учун кийим-кечак жамланмаси, кўрпа-тўшак, гилам, маиший техника, газ баллонлари тарқатилди. Шу билан бирга учта оиланинг коммунал тўловлардан қарзи тўланди. 3 оилага уйини таъмирлаш учун касаба уюшмалари ҳисобидан маблағ ажратилди. 15 хотин-қизга саломатлигини тиклаш учун сиҳатгоҳга йўлланма берилди. Туман халқ таълими бўлимига мактаб кутубхона фондини бойитиш учун 10 минг дона китоб топширилди.

– Турмуш ўртоғим вафот этган. 4 фарзандим билан ёлғиз яшайман. Яшаш уйимиз чала битган, таъмирталаб, – дейди Барно Намозова. – Эшигимизни қоққан яхши инсонлар сабаб оиламиз фаровонлиги учун янги қадам ташладик. Уй таъмири учун берилган маблағ билан хонадонимиз файзга тўладиган бўлди.

Бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ҳам амалга оширилди. Ишчи гуруҳ уч кун давомида тумандаги 14 маҳаллада 380 дан зиёд хонадондаги хотин-қизлар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқди.

Муқаддас Аҳмедова биринчи гуруҳ ногирони. Айни пайтда қизи билан "Оқбулоқ" ҚФЙдаги Алпомиш кўчаси, 13-уйда яшовчи Дилбар Жозилованинг қарамоғида яшайди. Унинг уйи йўқ. Ўн йилдан буён тўшакка "михланган". Мустақил ҳаракатлана олмагани учун мунтазам даволанишга, ўзгалар парвариши ва кўмагига муҳтож. Бу вазифани 2002 йилда туғилган қизи бажармоқда. Аммо у онасининг парвариши билан машғул бўлгани учун доимий иш жойи билан таъминланмаган. "Қора қозон" маҳалладан берилаётган моддий ёрдам пулига аранг қайнамоқда.

Матлуба Маллабоева "Дўстлик" МФЙда яшайди. Оиладаги аҳволни ўрганар экансиз, оддий турмуш шароити ҳам яратилмаганига гувоҳ бўласиз. Омонатгина тикланган уйнинг тобора нураб бораётган деворлари, ҳақиқатда хонадон аъзоларининг оғир турмуш шароитида яшаётганидан далолат. Мазкур оилада 6 киши яшаса-да, уларнинг 4 нафарининг саломатлигида жиддий муаммо бор. Шу сабабли, ўзлари яшаб турган уйнинг нураган қисмини ямаш, суваш ва енгил таъмирлашга қодир эмас.

Бундай таъмирталаб, маиший шароитлари яратилмаган уйда яшаш касалликни бартараф этишда ҳам қийинчилик туғдираётган бўлса, ажаб эмас. Ҳозирда мазкур оилага уй-жой қуриш учун 3 сотих ер майдони ажратиб берилди. Аммо амалий ёрдам кўрсатилмаса, оиланинг уй-жойни қуриб, барча шароитли бошпанага эга бўлиши орзулигича қолиб кетади.

Ишчи гуруҳ тавсияси билан ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳисобидан моддий-маънавий кўмак кўрсатилди. Жумладан, 15 кўмакка муҳтож аёлга 34,5 миллион сўмлик моддий ёрдам, 6 нафарига замонавий тикув машинаси, 7 нафарига фарзандлари саломатлигини тиклаш учун санаторийга бепул йўлланма берилди.

Энг муҳими, туманга иккита турар жой биноси қурилиши ҳамда ер ости сизот сувларини чиқариш учун сертификатлар топширилди.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани оилавий ажримлар борасида энг "пешқадам"лардан бири. Бу ерда расман рўйхатга олинган 4 мингдан ортиқ оиласи бузилганлар яшайди. Айни пайтда ёлғиз оналарнинг 39 фарзанди Меҳрибонлик уйида тарбияланмоқда.

Маълумотларга кўра, тез орада 2 сотихли 40 уй қурилиши режалаштирилган. 21 ёлғиз она ана шундай уй-жойлар билан йил поёнига етгунча таъминланади.

– Давлатимиз ҳам, маҳаллий раҳбарлар ҳам аёллар турмушига файз киритишга астойдил интилмоқда, – дейди "Камолот" МФЙда яшовчи М.Бекназарова. – Аммо қишлоқ шароитида рўзғорни тўкис қилиш осон эмас. Боқувчимизни йўқотганмиз, икки фарзандим бор. Қани эди, маошли иш бўлса…

Ўрта Чархин маҳалласида яшовчи Зарифа Умарованинг 5 фарзанди бор. Боқувчисини йўқотган бу оила қўл учида кун кўради. Ўзи ишсиз. Устига-устак, уйи ҳам йўқ. Опаси уйининг бир хонасини берган. Шу ерда қисиниб-қимтиниб яшаб келмоқда.

– Қўлнинг калталиги, чорасизлик қурсин, – дейди у. – Ночорликдан 5 фарзандимнинг бирортасига туғилганликни қайд этувчи гувоҳнома ҳам ололмаганман.

– Ўн беш жон, 5 оила бир ҳовлида яшаймиз, – дейди Сазаған маҳалласида яшовчи Ойсаҳат Неъматова. – Бир хонага 5 кишидан одам тўғри келяпти. Ҳовлидаги 4 аёл ишсиз.

Тўқбой маҳалласида яшовчи Гулшан Тўхтаева хонадонида ҳам муаммолар бир талай. Яшаш уйи абгор ҳолатга келган. Бутун оила бир хонада сиқилиб яшайди. Хонадон бекасининг айтишича, бу ҳолат оилавий можароларнинг авж олишига олиб келаётир. Ана шу жанжаллардан безган оила келини аразлаб кетганига анча бўлган…

– Қўлдан берганга қуш тўймас, деган мақолнинг мағзини ҳаётимда англадим, – дейди Сазаған маҳалласида яшовчи Фотима Ўсарова. – Ўзим ишсизман. Турмуш ўртоғим бир ойда 400 минг сўм маош олади. Оилада беш жонмиз. Бир қизим ногирон. Яшаш уйимиз чала-ярим. Бир хонада тиқилиб яшаймиз. Томимиздан чакки ўтади. Баъзида емак-ичмакдан ҳам қисилиб қоламиз. Қани эди менга ҳам иш бўлса…

– Турмуш ўртоғим Рамазон Худоёров дардга чалиниб ётиб қолганига анча бўлди, – дейди Маданият маҳалласида яшовчи Ойширин Худоёрова. – Кун-кунора мардикорликка чиқиб, тўрт-беш сўм топиб келаман. Тежаб-тергаб дори-дармонга, озиқ-овқатга сарфлаймиз. Ростини айтганда, турли идораларга югуришга фурсат ҳам, имкон ҳам йўқ. Шу чоққача бирор идора вакили эшигимизни чертиб, "Биздан қандай ёрдам керак?" деганини ҳам эслай олмаймиз. Давлатимизнинг биз каби қийналганларни қўллаб-қувватлаётганини хонадонимизга келган касаба уюшма вакилларидан эшитдик. Биз ногиронликни уйда ҳам белгиласа бўлишини, унга пул тўланишини билмаганмиз. Дардларимизни тинглаб, юрагимиз тафтини босган, биздек эътибордан четда қолган инсонларга кўмак кўрсатишга бел боғлаганлардан жуда миннатдор бўлдик.

Самарқанд вилоятидаги кичик саноат зоналари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, ипакчиликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш имкони бор. Оилавий тадбиркорлик қилиш истагидаги 37, ишга лаёқатли 551 хотин-қизга тикув машиналари, пазандалик маиший техникалари ва қорамоллар олиб бериш ҳамда иссиқхоналар ташкил этиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилди.

Умрини рўзғор, фарзанд ташвишидан бошқа нарсани ўйламай, на ичимлик суви, на гази бор, хароба уйда (агар уни уй дейиш тўғри бўлса) ҳали вояга етмаган фарзандлари билан жон сақлаётган аёлни кўз олдингизга келтира оласизми? Ҳатто, орзу қилишни унутган оилани-чи?

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги "Мирзо Улуғбек" МФЙда 3 фарзанди билан на девори, на дарвозаси бор, ўғри тушган оғилхонадек ҳувиллаб ётган кулбаи вайронада истиқомат қилаётган Зарифа Чинмирзаева ана шундай аёллардан бири. Зах босган хонадонида гилам у ёқда турсин, ҳатто тузукроқ шолчаси ҳам йўқ бу хокисор аёлнинг энг катта ва биттаю-битта орзуси – бошпанасини одам яшайдиган ҳолга келтириш ва атрофини девор билан ўраш… Турмушга чиққанидан буён бирор марта ўзига тузукроқ оро бермаган, рўзғордан орттириб, бир йилда битта янги либос киймаган қишлоқ аёлининг ягона истаги бу. Аммо…

Шу маҳаллада яшовчи яна бир аёл бор – Дилдора Омонова. Тўртинчи синфда таҳсил олаётган фарзанди "оққон" хасталигига чалинган. Зах хонада шифтга термулиб ётган Жаҳонгирнинг соғлиғи учун шу бошпанани ҳам сотувга қўйган. Муҳими – ўғли тузалиб кетсин! Ахир, ота-бобомиздан қолган нақл бор: бош омон бўлса, дўппи топилади.

Уйма-уй юриб, муаммоларни ўрганиш натижасида Навбаҳор туманида 414 кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч хонадон, 198 уй-жойга муҳтож ва мавжуд уй-жойини таъмирлашга эҳтиёжманд оила аниқланди.

Баъзи муаммоларни жойида ҳал этиш мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, 24 аёлга даволаниш, дори-дармон, уй-жойларини таъмирлаш ҳамда турмуш тарзини яхшилаш учун ўртача моддий ёрдам кўрсатилди. 50 кам таъминланган, боқувчиси йўқ аёлнинг фарзандлари учун кийим-бош жамланмаси олиб берилди. 10 хотин-қизга соғлиғини тиклаш учун санаторийга йўлланма ажратилди. 30 хотин-қизга маиший техника воситалари берилди. 50 мактаб ўқувчисига кийим-бош ва ўқув қуроллари, 10 аёлга ногиронлик аравачалари топширилди.

Шу тумандаги Куҳрон маҳалласида чинни буюмлар ишлаб чиқариш цехи лойиҳасини йўлга қўйиш орқали 70 хотин-қиз иш билан таъминланадиган бўлди. Бундан ташқари, янгидан ташкил этилаётган Хатирчи туманидаги тўқимачилик фабрикасида 50 иш ўрни яратилмоқда.

Ишчи гуруҳ бошқа жойларда ҳам ўрганишларини давом эттириб, хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилмоқда. Айни кунларда бу саъй-ҳаракатлар пойтахтимизда давом этаётир.

Битта туманда 1 минг 193 боланинг тирик етимга айланганини тасаввур қила оласизми? Бир мактабда таҳсил олаётган болаларнинг барчаси сағир эканини-чи? Бундай аянчли ҳолатлар рўй бераётганига ҳайрон қолмасликнинг иложи йўқ.

Республика ишчи гуруҳи Тошкент шаҳридаги аёллар муаммоларини Олмазор тумани мисолида ўрганиш чоғида ана шундай ҳолатга дуч келди. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, пойтахтдаги аёлларнинг ижтимоий шарт-шароити ҳавас қилгулик эмас. Биргина Олмазор туманидаги 58 маҳаллада 443 хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшамоқда. Оилавий ажримлар сони 942 та, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони эса 98 та.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ажримларга оилавий келишмовчиликлар, бефарзандлик, хиёнат, узоқ муддат бир оила бўлиб яшамаслик, иқтисодий муаммолар ва ишсизлик сабаб бўлган.

"Ишонч телефони" ишончни оқлаяпти (ми)?

Жорий йил март ойидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида хотин-қизлар муаммолари бўйича "1211" қисқа рақамли "Ишонч телефони" иш бошлаган эди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Федерация раиси раҳбарлигида тузилган Ишчи гуруҳ томонидан айнан хотин-қизлар ҳаётини изчил ўрганиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни таҳлил қилиш, ечим топиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътиборга олинса, ушбу марказнинг Федерацияда ташкил этилгани айни муддао бўлганига шубҳа йўқ. Энг муҳими, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан опа-сингилларимиз ушбу телефон рақамига ўз дардлари билан мурожаат қила бошлади. Бу ҳам ишонч.

Бухоролик Назокат Нурова кам таъминланган оиладан. Боз устига, бу аёл муолажаси катта харажатни талаб қилувчи хасталикка чалинган.

Ўтган йили уни қийнаётган дардга шаҳардаги 2-сонли оилавий поликлиникаси "Сурункали тошли холецистит" ташхисини қўйиб, беморни назоратга олганди. Н.Нурова камхаржлиги боис, шу пайтгача даволана олмаётганди. Унинг бахтига, танишлари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида хотин-қизларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича узлуксиз ишлайдиган "Ишонч телефони" хизмати фаолият кўрсатаётганини айтиб қолди.

Ушбу фуқаронинг имтиёзли даволаниш учун мазкур хизматга ёрдам сўраб қилган мурожаати Бухоро вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси вакиллари, маҳаллий ҳокимлик ва бошқа тегишли мутасаддилар ҳамкорлигида ўрганилди. Шундан сўнг Н.Нурова тиббий кўрикдан ўтказилиб, унга имтиёзли даволаниши учун ордер ажратилди.

Таъкидлаш жоизки, бухоролик эҳтиёжманд хотин-қизлар оғирини енгил қилишда, муаммоларини ҳал этишда "Ишонч телефони" хизматининг ўрни катта бўляпти. Ғиждувонлик Гулбаҳор Бобомуродова ҳам шу орқали мушкули осон бўлган фуқаролардан бири. Тумандаги Шарқ маҳалласида яшайдиган бу аёлнинг хонадонида карантин шароити сабаб иқтисодий қийинчилик юзага келган эди.

Ёрдам сўраб мурожаат қилган Г.Бобомуродованинг илтимоси қондирилди. Яна бир мурожаатчи – Когон туманининг Мустақиллик маҳалласида яшовчи Зарина Дўстназарова ва унинг оиласи ҳам зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Самарқанд вилоятидаги мурожаатларнинг аксарияти ижтимоий масалаларга дахлдор. Уй-жой, иш, карантин кунларидаги моддий қийинчилик, ҳатто, алимент ундиришдаги муаммоларга дуч келаётганлар ҳам ўз дардини айтган. Ҳудудлар бўйича таҳлил энг кўп мурожаат Самарқанд шаҳри, Пастдарғом ва Пахтачи туманлари ҳиссасига тўғри келаётганини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мурожаатларни белгиланган фурсатларда ижрога йўналтириш бўйича вилоят ҳокимлигида штаб ташкил этилган. Хотин-қизлар кундалик турмушда дуч келаётган муаммолар дахлдор ташкилотлар жалб этилган ҳолда ҳал этилмоқда. Мурожаатлар орасида бир мунча вақт талаб этадиганлари ҳам бор. Бундай ҳолатлар қатъий назорат остига олинмоқда. Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож фуқароларга эса мутахассислар тезлик билан амалий кўмак кўрсатмоқда.

Ургут туманидаги Жайратепа маҳалласида яшовчи Мунаввара Раупова "Ишонч телефони"га қўнғироқ қилиб, лойсувоқ уй томини шиферлашга ёрдам сўраган. Мурожаатчи хонадони аҳволи ўрганилиб, қурилиш ашёлари етказиб берилди.

– Гулдай ҳунарим бор-у, қўлим калталик қилиб, ундан фойдалана олмаяпман, – дея ўз дардини баён этган Пастдарғом туманидаги Янги қишлоқ маҳалласида яшовчи Дилафрўз Эргашева. – Боз устига, турмуш ўртоғим ҳам ҳозирча бекор. Ейман-ичаман, деган 4 фарзандимиз бор. Бизга озиқ-овқат эмас, кейинчалик ҳам рўзғоримизга асқотадиган восита керак. Битта тикув машинаси бўлса, рўзғорга уч-тўрт сўм ишлаб топиш имкони пайдо бўларди…

Мурожаатчининг муаммоси касаба уюшмалари кўмагида ҳал этилди. Замонавий тикув машинасига эга бўлган чеварнинг қувончи чексиз.

Аммо мурожаатлар ечими билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилганда, барча мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат идоралари ҳам бу муаммоларга сидқидилдан ва фидойилик билан ёндашяпти, дейиш муболаға бўлар эди. Келинг, таҳлилларга эътибор берайлик.

“Ишонч телефони” маълумотларига кўра, марказга жорий йилнинг 19 июнигача жами бўлиб 23 минг 81 мурожаат келиб тушди. Уларнинг 7711 таси ижтимоий, 4427 таси уй-жой билан боғлиқ, 2612 таси карантин муносабати билан ёрдам кўрсатиш, 2373 таси бандлик, қолганлари алимент ундириш, кредит, тадбиркорлик, коммунал хизмат, ер ажратиш ва бошқа йўналишларга тааллуқли экани аниқланди.

Ушбу мурожаатларнинг барчаси ўрганилиб, тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга ҳал этиш учун юборилмоқда ва уларнинг ижроси изчил назорат қилиб борилмоқда.

Кўтарилган муаммоларнинг 8 минг 197 таси, яъни 35,5 фоизи вазирлик ва идораларга, 14 минг 884 таси, яъни 64,5 фоизи ҳудудий ҳокимликлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига тегишли деб топилди ва уларга кўтарилган масалаларни ҳал этиш учун юборилди.

Маълумки, фуқароларнинг мурожаатлари бўйича ишлаш ҳам қонун билан тартибга солинади. Демак, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишнинг аниқ муддатлари ҳам белгилаб берилган. Масаланинг энг муҳим жиҳати ҳам шу ерда.

Қонун бўйича ижро муддати етиб келган 20 минг 075 мурожаатнинг 15 минг 980 таси ҳал этилган, 747 таси муддатли назоратга олинган, 1 минг 436 тасининг ижро муддати узайтирилган, 1 минг 912 тасининг эса ижро муддати ўтиб кетган.

Афсуски, бир неча бор бу масалада огоҳлантиришлар, оммавий ахборот воситалари орқали билдиришларга қарамай, ҳалигача Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги – 259 та, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги – 215 та, Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 221 та, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ – 28 та, Тошкент вилояти ҳокимлиги – 375 та, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги – 290 та, Тошкент шаҳар ҳокимлиги – 357 та, Бухоро вилояти ҳокимлиги – 167 та мурожаатга нисбатан лоқайдларча муносабатини ўзгартиргани йўқ. Баъзида эса келиб тушаётган жавоблар назорат тартибида ўрганилганда сохта ва ёлғон маълумотлар ҳам юборилаётгани, бир сўз билан айтганда, ишларни қоғозда “бор” қилиш амалиётидан воз кеча олмаётган мутасаддилар ҳали бисёр экани кўриниб қолмоқда.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор. Яна денг, бизнинг андишали, ориятли опа-сингилларимиз не бир истиҳола билан қилган мурожаатининг орқасида жуда жиддий сабаб бўй кўрсатиб турганини тушуниш, ҳис қилиш наҳот шунчалар қийин? Федерациядан бизга маълум қилишларича, ҳар бир мурожаат изчил назоратга олинган. Қилинган ижобий ишлар билан бирга ёлғон маълумот юбориб масъулиятни зиммасига олмаётганларга муроса қилиш йўқ. Шу боис "O‘zbekiston-24" телеканали орқали “Аёл рози бўлса...” деб номланган махсус дастур тайёрланиб, бу борадаги ишлар ҳақида кенг жамоатчиликка маълумотлар етказиб борилмоқда ҳам.

Амалий натижа билан мустаҳкамланган, ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳот одамларнинг қалбига, юрагига тез кириб боради. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак. Бунинг учун барча бўғиндаги раҳбарлар, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш учун меҳнат қилиши шарт.

Республика ишчи гуруҳи ўрганишлари давом этади. Энди ўрганишлар давомида белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси, уларнинг ночор оилалар, айниқса, аёлларнинг тақдирига самараси назорат тартибида ўрганилади.

Нурилло НАСРИЕВ,
ЎзА