« Back

Таълим 17.06.2020 15:45

Олий таълимда рақамли технологиялар

XXI аср - ахборот технологиялари ниҳоятда ривожланаётган давр. Бу асрда компьютер технологиялари, интернет ўз тараққиётининг чўққиси сари интилмоқда. Ўзингизга маълумки, бугунги кунда ҳеч бир соҳани, айниқса илм-маърифат ва иқтисодиётни рақамли технологияларсиз тасаввур этиш қийин.

photo_2020-06-17_20-06-46 Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан республикамизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартда Фармони эълон қилинди. Давлат дастурида ҳар бир соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўлами белгилаб берилди.

Жумладан, олий таълим тизимида ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиш, масофавий ўқитиш шаклини амалга ошириш тартибини белгилаш, масофавий ўқитиш платформасини жорий этиш ва ўрнатилган тартибда зарур бўлган ускуналар билан жиҳозлашни таъминлаш кўзда тутилган эди. Бугунги кунда мамлакатимизнинг тараққиёти, авваламбор илм-фан ва олий таълимга асосланади. Илм-фан ва таълимга юқори технологиялар асосида янгича сифат билан ёндашмас эканмиз, бу соҳада юксак натижаларга эришиш даргумон.

COVID-19 пандемияси сабаб Ўзбекистонда ҳам карантин чекловлари ўрнатилди. Барча таълим муассасалари карантин сабаб ёпилди. Бу ўз ўрнида,  Давлат дастурида таълим тизими олдига қўйилган вазифаларнинг бажаралишини жадаллаштириб юборди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, олий таълим муассасаларининг масофавий таълим тизимига ўтишларини вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда эди.

photo_2020-06-17_20-06-58 Карантин эълон қилинган кунидан бошлаб, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ҳеч бир қийинчиликларсиз, масофавий таълим тизимига ўтилди. Филиалда олдиндан амалий дарсларнинг асосий қисми онлайн тарзда олиб борилган. Талабаларга Москва давлат университетининг  профессор-ўқитувчилари масофадан туриб маърузалар ўқишган, амалий дарслар ўтилган. Филиал профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг бу жараён билан танишлиги ва руҳан тайёрлиги масофавий таълимга тез мослашишда қўл келди. Ўқув жарёнларини олиндан белгиланган дарс жадвали асосида онлайн тарзда тўлиқ бажаришга эришилмоқда. 

Шуниси эътиборга сазоворки, филиал профессор-ўқитувчилари, талабалари ўқув жараёнларидан ташқари, ташкил этилаётган халқаро конференциялар, конгресслар ва танловларда ҳам масофадан туриб иштирок этиб, юксак натижаларга эришмоқдалар. Жумладан, жорий йилнинг 12-19 май кунлари Украина, Ўзбекистон, Латвия, Польша давлатлари ҳамкорлигида ўтказилган III Халқаро илмий конгрессда филиал прфессор-ўқитувчилари ва талабалар ўзларининг илмий маърузалари ва инновацион ғоялари билан муваффақиятли иштирок этдилар. Конгресснинг ялпи йиғилишида иқтисод фанлари номзоди, доцент, М.В.Ломоносов номидаги МДУнинг Тошкент шаҳридаги филиали проректори Aбдуҳаким Маманазаров – ёшларимизнинг илмий салоҳиятини очиб бериш ва ижодий қобилиятини ривожлантиришда ҳисса қўшадиган илмий платформани яратиш жуда муҳим эканлиги хусусида маъруза қилди. 

photo_2020-06-17_20-06-51 Халқаро Конгресс доирасида жорий йилнинг 12 майдан 19 майгача онлайн тарзда ZOOM платформаси орқали Халқаро талабалар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Украина, Латвия ва Польша каби мамлакатлардан 500 га яқин иштирокчилар қатнашди. Прагада нашр этилган Ёшлар форуми материаллари тўпламида 300 га яқин талабаларнинг илмий мақолалари эълон қилинди. 150 дан ортиқ талабалар ўзларининг илмий салоҳиятларини намойиш этиб, ёш авлодга намуна бўлиб хизмат қиладиган тақдимотлари ва маърузалари билан чиқиш қилдилар. Конгресс доирасида ёшлар бизнес ва стартап лойиҳалари Халқаро танлови ҳам бўлиб ўтди. Унда М.В.Ломоносов номидаги МДУнинг Тошкент шаҳридаги филиали талабаларидан иборат 3 та команда ўз инновацион лойиҳалари билан иштирок этишди. 

Филиал талабалари Aлексей Aбдалов ва Жумакулиева Дояна "Parking Stations" билан автоматлаштирилган велосипед ижараси тизимини яратиш" бизнес лойиҳасини тақдим этди. Ушбу лойиҳа кўплаб саволлар туғдирди ва шу билан конгресс иштирокчиларининг ушбу мавзуга бўлган қизиқиши ва лойиҳанинг долзарблигини кўрсатди. Aлексей Aбдалов ва Жумакулиева Дояна ушбу Халқаро мусобақада фахрли учинчи ўринни эгаллади. Улар тегишли диплом билан тақдирландилар. 

Шу тадбирда Aлександр Шабанов ва Елена Пономарёваларнинг Тошкент шаҳрида "Implementation of Automatic Toilet Module Networks in Tashkent"ни амалга ошириш бўйича стартап лойиҳаси “Ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги энг яхши бизнес-лойиҳа” номинациясига сазовор бўлди. Борис Сойфер ва Самандар Ёқубовлар тақдим этган "ЕXОС Теch" экзоскелет ишлаб чиқариш бизнес-стартап лойиҳаси "Ижтимоий инновациялар соҳасидаги энг яхши бизнес-лойиҳа" номинациясини қўлга киритди.

Пандемия ва карантин шароитларига қарамай, онлайн тарзда илмий-амалий мулоқотлар давом этмоқда. Бу, илм-фан ва таълим соҳалари учун ҳар қандай оғир шароитларда ҳам ҳеч нарса тўсиқ бўла олмаслигини яна бир бор исботлади.

Жорий  йилда университетнинг бакалавриат йўналишини 93 та ва магистратурасини 15 та, жами 108 та талаба битирмоқда. Ҳозирги кунда филиалда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда бакалавр  йўналиши битирувчилари давлат имтиҳонларини муваффақиятли топширишди. Магистрлар ўз диссертацияларини масофадан туриб ҳимоя қилишди ва уларга магистрлик даражалари берилди. Битирувчиларимизнинг ўз мутахассисликлари бўйича керакли билим ва малакага эга бўлишлари билан бир қаторда, рақамли технологиялардан фойдалана олиш кўникмалари, уларнинг келажакда юртимиз равнақига хизмат қилишларида қўл келади, деб умид билдирамиз.

Албатта, рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Келажакда бу соҳа янада такомиллашиб бориши табиий. Буни Президентимизнинг Парламентга навбатдаги Мурожаатномасида  ҳаётимизнинг кўпгина жабҳаларини рақамлаштириш бўйича айтиб ўтган қатор мақсадларидан ҳам англаш мумкин. Келгусида рақамли иқтисодиётга ўтиш – ҳар бир мамлакатнинг устувор мақсади бўлиши кераклигини ҳам даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Рақамли технологиялар эса, бевосита илм-маърифатни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир. М.В.Ломоносов номидаги МДУнинг Тошкент шаҳридаги филиали жамоаси ҳам келажакда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда ўз мақсад ва вазифаларини белгилаб, замон талабларига муносиб кадрларни тайёрлаш борасидаги  фаолиятини изчил давом эттиради.

Ихтиёр БОТИРОВ, 
М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали матбуот котиби