« Back

Таълим 04.07.2020 12:43

Мактабларда ечилган ва ечимини кутаётган муаммолар хусусида

Ҳеч кимга сир эмас-ки, сўнгги йилларда халқ таълими соҳасига катта эътибор қаратилди. Агар рақамларга эътибор қиладиган бўлсак, улкан ўзгаришларни кузатиш мумкин. Жумладан, охирги икки йилда 80 та мактаб қурилиб, 806 мактаб реконструкция қилинди, 1 минг 224 мактаб мукаммал таъмирланди. Икки ярим мингдан ортиқ мактаб қадимий яъни буржуйка печлардан халос бўлди, қарийб саккиз юз мактаб тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Шунга қарамай, соҳада қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Ижтимоий тармоқларда баъзи мактабларнинг ачинарли ҳолати ҳақида баҳс-мунозаралар кузатилаётгани ҳам шундан.

Қайд этиш керакки, айни вақтда муҳокамаларга сабаб бўлаётган объектлар бу - филиаллардир. Аксарият ҳолатларда уларни аҳоли ҳашар йўли билан қуриб, асосий мактаб ўрнига ўша ерда ўқиш ташкил этилган. Улардаги аҳвол ачинарлилиги билан биргаликда, ўқувчи сони жуда кам бўлганидан сифатли таълимни ҳам ташкил этиб бўлмайди. Одатда 1-2 синфхонадан иборат ва бир синфда 2-3 тадан 1-3-синф ўқувчилари ҳам ўқийдиганлари анчагина.

Шу боис ҳам охирги 2 йилда 149 мактаб филиали тугатилди, улардан 125 тасига мактаб мақоми берилди. Ҳозирда 1 минг 179 мактаб филиали фаолиятини давом эттирмоқда. Уларнинг ҳам босқичма-босқич тугатиш, аҳоли ўсадиган ҳудудларда тўлақонли мактабга айлантириш зарур.

Мактабга йўналтирилган сармоя энг муҳим сармоя ҳисобланади. Халқ таълими вазирлигининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, давлат бюджетини тасдиқловчи Олий Мажлисга, маҳаллий бюджетларни тасдиқловчи маҳаллий кенгашлар ва ҳокимиятларга ҳамда бошқа ҳомий ва битирувчиларга қилинган мурожаатлар эвазига охирги 2 йилдаги қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлашга ажратилган сармоялар миқдори сезиларли равишда ортди. Лекин, мактабларнинг аҳволини яхшилашни янада тезроқ амалга ошириш учун, албатта, қўшимча маблағлар зарур. Яъни мактабларга ёрдам учун марказлашган давлат инвестиция маблағлари, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлик маблағлари жалб этилишида жойлардаги мутасаддиларнинг ёрдами жуда муҳим.

Қайд этиш керакки, соҳада йиллар давомида йиғилиб келган, ўз ечимини кутаётган талайгина муаммолар мавжудлигини барчамиз биламиз. Уларни бартараф этишда биргаликда амалий ҳаракатлар билан ёндашсак, унинг ечими устида бош қотирсак, мактабларга кўмаклашиш масаласини умуммиллий ҳаракатга айлантирсак, албатта қўйилган мақсадга эришамиз.

ЎзА