« Back

Таълим 21.07.2020 13:23

ХТВ 50 минг ходимнинг бепул таълим олиши учун имконият яратмоқда

Халқ таълими вазирлиги томонидан Coursera платформасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари ва ташкилотларининг 430 йўналиш бўйича 3800 турдаги ўқув курсида халқ таълими тизимидаги 50 минг ходим, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари учун бепул таълим олиш имконияти яратилди.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Coursera ташкилоти (АҚШ) ҳамкорлигида “Coursera Workforce Recovery” дастури доирасида таълим тизимида фаолият кўрсатиб келаётган ходимлар, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва юқори синф ўқувчилари учун бепул онлайн ўқув курслари ташкил этилмоқда.

Аксарият курслар ва мутахассисликларда таълим олиш одатда обуна асосида ойига 39-79 АҚШ долларини ташкил этади. Онлайн курслар инглиз ёки рус тилларида олиб борилади.

Дастур доирасида мактаб битирувчилари ва юқори синф (10-11-синфлар) ўқувчиларини келажакда касбга тайёрлашда қўшимча зарур билимларни эгаллаши учун Coursera платформасида мавжуд фойдали курслар рўйхати шакллантирилади ҳамда улар бўйича онлайн таълим олиши таъминланади.

Турли мутахассисликлар бўйича халқаро сертификатни қўлга киритган тингловчилар нафақат касбий ривожланиш йўлида илғор қадам қўйган бўлади, балки онлайн freelancing платформалардан фойдаланган ҳолда ўз даромадларини ошириш имкониятига ҳам эга бўлиши мумкин. Халқаро сертификатлар билан Preply, Fiver, Upwork ва шу каби freelancing платформаларида қўшимча даромад топиш имкони бор.

Мазкур курсларда таълим олиш учун тингловчилардан инглиз ёки рус тилини билиш даражаси камида B1 бўлиши талаб этилади.

ЎзА