« Back

Таълим 12.08.2020 14:02

Мактаб – муваффақиятлар асоси

Шарқ донишмандлари айтганидек: Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илмдир, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир. Шу сабабли ҳаммамиз замонавий билимларни ўзлаштириб, илм-маърифат ва юксак маданият эгаси бўлмоқлик узлуксиз ҳаётимиз эҳтиёжига айланиши керак.

Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил “Илм – маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Демак, олий таълим, махсус ва умумий ўрта таълим муассасаларида илм-фанга эътиборни янада кучайтириш зарур. Бунинг учун эса умумий ўрта таълим тизимида ўқитиш, илм бериш усулларини янада мукаммаллаштириш лозим деб ўйлаймиз.

Мана янги 2020-2021 ўқув йили ҳам бошланди. Таълим жараёнини замонавий талабларга мослаштириш, ривожланган хорижий тажрибалар асосида модернизациялаш ва унинг самарадорлигини таъминлашда ўқувчиларнинг мустақил фаолиятини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўқувчиларнинг мустақил таълим олиши учун зарур шароитларни яратиш, ижодий фаолиятга йуллаш, касбий компетентлигини шакллантириш узлуксиз таълим тизимининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Аниқ фанлар тизимида математика фанини ўқитишга эътибор кучайтирилиши таъкидланди. Бу албатта бежис эмас, чунки юртбошимиз айтганларидек “Математика ҳамма аниқ фанларга асос. Бу фанни яхши биладиган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади”. Демак, бу фанни соддадан мураккабга, осондан қийинроққа ўтиш усулда мавзуларни тизимлаштириш кўпроқ самара бериши, билим ва кўникманинг чуқурроқ эгалланишига эришиш оддий ҳақиқатдир. Бунинг учун эса ўқитувчидан билим, маҳорат, тажриба ва изланиш талаб этилади. Зеро, бизнинг ёш, навқирон ва билимга чанқоқ болаларимиз келажаги ҳамда жонажон ватанимиз муваффақияти биз ўқитувчиларга боғлиқ. 

Бундай масъулиятли ва машаққатли ишда барча педагогларимизга куч, ғайрат ва матонат тилайман.

Н.Тўраева