« Back

Таълим 26.08.2020 21:17

МАТЕМАТИКА ФАНИ ТАДҚИҚИ – ЎЗБЕК ВА МАЛАЙЗИЯ ОЛИМЛАРИ НИГОҲИДА

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Малайзиянинг Мара техонология университети билан ҳамкорликда “Ҳисоблаш моделлари ва технологиялари” Ўзбекистон-Малайзия халқаро онлайн конференцияси ўз ишини бошлади.

Тошкент вақти билан соат 8:00. Конференция ноанъанавий тарзда - видеоролик намойиши орқали иштирокчиларни ўз атрофига жамлади. Видеороликда малайзиялик олимларнинг самолётдан тушиб, Тошкент Халқаро аэропортида кутиб олиниши ва Тошкент бўйлаб саёҳати, шундан сўнг  Ўзбекистон Миллий университетига ташрифи виртуал тарзда акс эттирилган. Шундан сўнг икки давлатнинг илмий ҳамкорлик алоқаларига бағишланган ролик намойиш этилди. Бутун дунёда пандемия давом этаётган айни кунларда мазкур виртуал видео орқали малайзиялик меҳмонлар ўзларини худди Ўзбекистонга ташриф буюргандек ҳис этадилар.

Соат 9:00. Конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институти   Ҳисоблаш математикаси лабораторияси мудири Абдулла Ҳаётов, физика-математика фанлари доктори, академик Шавкат Аюпов, Мара технология университети профессори Хайрани Хайран ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий университети Илмий ишлар бўйича проректори Нозима Ҳакимова ректорнинг номидан конференция иштирокчиларига табрикни ўқиб берди.

Тадбир доирасида Мара технология университети профессори Доуд Муҳаммад, Ўзбекистон Миллий университети Ҳисоблаш математикаси ва ахборот  технологиялари кафедраси  мудири, конференция ташкилий қўмитаси раиси, физика-математика фанлари номзоди  Мирзаали Худойбергановлар ўз маърузалари билан иштирок этишди. 

Дунёнинг 10 дан ортиқ давлатидан 400 нафарга яқин иштирокчилар қатнашаётган мазкур конференциянинг асосий мақсади ҳам ҳисоблаш математикасининг назарий ва амалий жиҳатларини уйғунлаштириш, фанни бошқа йўналишлар билан ўзаро боғлаш, икки давлат ўртасидаги илмий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Конференция ўз ишини ҳисоблаш математикаси, ҳисоблаш технологиялари, ахборот хавфсизлиги, инженерлик технологиялари, ҳисоблаш алгебраси; функциялар назарияси, норавшан таҳлил, амалий математика, математик моделлаштириш, амалий статистика, суюқлик динамикаси, интервал анализ каби йўналишлар асосида  давом эттирди.

Дилшода ҲАМДАМОВА,
ЎзМУ докторанти