« Back

Таълим 16.10.2020 11:42

МАТЕМАТИКА ФАНИНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ ДУНЁ ОЛИМЛАРИ НИГОҲИДА

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Исроилнинг Ҳолон технология институти билан ҳамкорликда “Математика ва компьютер фанларининг долзарб масалалари” (“Frontier in mathematics and computer science”) номли халқаро онлайн конференция ўтказилди. Икки давлат математик олимлари ҳамкорлигида 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур конференция жорий йилда пандемия сабаб онлайн тарзда ташкил этилди. Конференцияда шунингдек, Россия, Греция, Англиянинг бир қатор университетларининг 200 нафарга яқин  олимлари ўз маърузалари билан қатнашди.

Тадбирни  Ўзбекистон Миллий университети ректори Аваз Мараҳимов ҳамда Ҳолон Технология институти президенти, профессор Эдгар Ёқубов очиб берди. Очилиш маросимида таъкидланганидек, математикани фан сифатида чуқурроқ ўрганишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва  эътибори билан жорий йили мамлакатимизда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти ташкил этилди. Мазкур илмий муассасанинг асосий вазифаси ҳам фанни чуқур татбиқ этиш, математикани тиббиёт, биология, химия, география, геология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳалар билан узвий боғлиқлигини илмий жиҳатдан ўрганиш ва амалиётда қўллашдан иборат. Конференция ҳам ана шу илмий ишларнинг бир тасдиғи деб айтиш мумкин. 

Конференция 6 та шўъбада иш олиб борди. Функциялар назарияси, алгебра ва операторлар назарияси, дифференциал тенгламалар ва математик физика, геометрия ва топология, амалий математика, интеллектуал технологиялар каби йўналишларда математиканинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, ўзбек олимларидан профессорлар Ўткир Розиқов ҳамда Равшан Ашуровларнинг илмий мақолалари бугунги кунда долзарб мавзу саналган коронавирус пандемиясига бағишланди. Профессор Равшан Ашуровнинг маърузасида пандемия ҳолатини статистика ёрдамида ўрганиш ва кейинги ҳолатларни аниқлаш билан боғлиқ математик таҳлиллар ҳақида сўз борса, профессор Ўткир Розиқовнинг маърузасида пандемиянинг  одам ДНК сига бевосита таъсирини ўрганиш масалалари тадқиқ этилган. Айни вақтда Американинг Калифорния университети олимлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган мазкур  изланишдан ижобий натижалар кутилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Исроилнинг Ҳолон технология институти ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда, технологик юқори салоҳиятга эга бўлиши билан бир қаторда,  амалий математика йўналишида ҳам катта тажриба мавжуд.    Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган ўзбек-исроил факультетини  ҳам икки давлат ўртасидаги  илмий ҳамкорликнинг амалий натижаси дейиш мумкин.  

Конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – математика фанида изланишлар олиб бораётган етакчи фан докторлари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши, уларнининг фандаги янгиликларидан хабардор бўлиш ва муҳокама қилиш, бевосита амалиётга татбиқ этишдан иборат.

ЎзМУ Ахборот хизмати