« Back

Таълим 16.04.2020 13:32

Устозлар меҳнатини қадрлайлик

Ўқитувчилик касбини нина билан қудуқ қазишга қиёслаётганлар қанчалик ҳақ эканини бугунги карантин шароитда уйда ўтирган ота-оналар ҳам ҳис қила бошладилар.

Маълумотларга кўра, пандемия шароитида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатларида биринчи бўлиб Ўзбекистонда барча синфлар учун 3 тилда (сурдо таржима билан) онлайн дарслар ташкил қилинди. Айни пайтда кунига ўртача юзга яқин видеодарслар ёзиб олиняпти. Бу жараёнга фидойи ўқитувчилар жалб этилиб, улар ҳеч қандай шарт ва тўловларсиз олти миллионлик аудиторияга дарс ўтмоқдалар.

Албатта, тезкор ташкил этилаётган “онлайн” дарслар давомида хато ҳам ўтиши табиий. Чунки, бунга ҳаммамиз ҳам тайёр эмас эдик, тажрибамиз ҳам йўқ эди. Аммо ана шундай бир пайтда хато ва камчиликларни ижтимоий тармоқларга тарқатиб, устозларни мазах қилиш, яъни, ўқитувчилар шаънига ҳақоратли сўзларни айтаётганлар ҳам учрамоқда. Наҳот шундай кишилар бундай хабарларни тарқатаётганда биринчи ўқитувчиси, фарзандларига таълим-тарбия бераётган устозларини ёдга олмасалар.

Бугун биргамиз, уйда ўтириб, “онлайн” дарсларни кузатяпмиз, телеграм каналлар орқали ўқувчиларимиз билан тинимсиз мулоқот қиляпмиз. Улар берилган вазифаларни тайёрлаб, бизга жўнатишяпти. Агар одатий кунларда маълум бир вақтгача ишлаган бўлсак, бугун баъзан ярим тунгача ҳам шуғулланишга тўғри келяпти.

Шу ўринда уйда ўтириб, фарзандларига устозлик қилаётган ва биз билан мунтазам мулоқотга киришган ота-оналарга раҳматлар айтгим келади. Зеро, қарс икки қўлдан чиқади.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида хато қилишдан эмас, хатони такрорлашдан қўрқишимиз, янги ташаббуслар кўрсатиб, фақат олдинга интилишимиз, шу халқ, шу Ватан учун жон фидо қилишимиз лозимлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Шу маънода, мен ушбу жараёнда иштирок этаётган барча ҳамкасбларимга таъзим қилиб, жамият маърифатпарварларини шифокорлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари қаторида кун қаҳрамонлари сафига қўшган бўлардим.

Наргиза МАҲМУДОВА,
Яшнобод туманидаги 231-мактаб ўқитувчиси