« Back

Таълим 23.04.2020 13:41

ЎзМУ дунёдаги кучли 500 талик университетлар рўйхатида!

Дунё университетлари рейтингида Ўзбекистон Миллий университетининг шундай эътироф этилиши ва бу улкан муваффақият жамоамизни янада юксак марралар сари ундамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ 2019 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур концепцияда Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айлантириш энг устувор вазифалардан бири қилиб белгилаб қўйилган эди.

Шунингдек, республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Higher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш масаласи ҳам белгилаб берилган.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети мазкур концепция қабул қилган кундан бошлаб унда кўзда тутилган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. 2019 йил 3 декабрда UI GreenMetric World University Ranking халқаро университетлар рейтингида иштирок этиб, 85 та давлат орасидан Ўзбекистондан қатнашган илк университет сифатида 774 университетлар орасидан 374 ўринни эгаллади ва кучли 500 талик университетлар рўйхатига киритилди.

2020 йил январ ҳолатига кўра Webometrics халқаро рейтингида Ўзбекистон Миллий университети жаҳон рейтингида 3971 ўрин (2019 йилда 4071 ўринда бўлган) ҳамда республика олий таълим муассасалари орасида 1 ўринни эгаллади.

Куни кеча университетимиз жамоаси яна битта катта ютуқни қўлга киритди, яъни жорий йилнинг 22 апрелида Дунё университетлари рейтинги – Times Higher Education Агентлиги томонидан University Impact Rankingнатижалари тақдим этилди. Натижаларга кўра Ўзбекистон Миллий университети дунё университетлари умумий рейтингида 601+ ўринни эгаллади.

Рейтинг дунё университетларининг 2016 йил БМТ томонидан қабул қилинган барқарор ривожланиш мақсадлари нуқтаи назаридан ўз мамлакатларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган ҳиссасини баҳолаш учун яратилган. 2016 йилда дунё университетлари рейтингини аниқлаш учун қабул қилинган бўлиб адолатли, сифатли таълимни таъминлаш, гендер тенглигига эришиш ва инновацияларни ривожлантириш каби кўрсаткичлар мавжуд бўлган.

2019 йилда эса 11 та кўрсаткич бўйича университетлар рейтинги аниқланган. 2020 йилга келиб эса 17 та кўрсаткич бўйича олий таълим муассасалари иштирок этишлари белгиланган. Булар “Таълим сифати”, “Гендер тенглиги”, “Инфрастуктура ва инновация”, “Талаб ва эҳтиёж мутаносиблиги”, “Тоза энергия”, “Ижтимоий тенглик”, &Иқлим ўзгаришига қарши кураш&, “Барқарор ривожланиш учун глобал ҳамкорлик” , “Соғлиқни сақлаш”, “Сув ресурсларидан унумли фойдаланиш”, “Атроф муҳитни ҳимоя қилиш” кабилардир. Университетлар рейтингини аниқлаш учун Халқаро Агентлик университетлардан, шунингдек, Elsevier йирик илмий нашриётдан маълумотлар олади ва унинг натижаларига қараб университетларнинг рейтинг натижалари эълон қилади.

Ўзбекистон Миллий университети 5 та кўрсаткич бўйича қуйидаги натижаларга эришди:

“Таълим сифати” — 401+

“Иқлим ўзгаришига қарши кураш” — 101-200

“Гендер тенглиги” — 401+

“Барқарор ривожланиш учун глобал ҳамкорлик” — 601+

“Камбағалликни бартараф этиш” — 201-300

Университетимиз жамоаси Президентимиз томонидан алоҳида белгилаб берилган Ўзбекистон Миллий университетини флагмент университетга айлантириш вазифаси ижроси бўйича жуда кўп ишларни амалга оширишга бел боғлаган ва бу ишларнинг илк натижалари кўзга ташланмоқда.

2018 йилда профессор-ўқитувчилар томонидан Scopus халқаро илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи журналларда 84 та мақола нашр қилинган бўлса, 2019 йилда 178 та илмий мақола нашр этилди, бу эса илмий мақолалар нашри 2,1 баробарига ошишига эришилди. Шунингдек, бу кўрсаткич жорий йилининг март ойи ҳолатига кўра 67 та илмий мақола чоп этилди. Бу кўрсаткичлардан шу нарса кўринадики, университет профессор ўқитувчилари бугунги кунда олий таълим тизимида қабул қилинадиган ҳар бир фармон, ҳар бир қарорда илм аҳлига бўлган эътиборнинг юксаклиги уфуриб туради. Шундай экан Ўзбекистон Миллий университети – ўзбек миллатининг Бош олийгоҳи профессор-ўқитувчилари яқин келажакда халқаро аренада энг кучли университетлар рейтингида 500 ўринни эгаллашга бор куч ғайрати ва шижоатини сафарбар этади ва бунга эришишда ўз жамоаси салоҳиятига ишонади.

Раима ШИРИНОВА, 
ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректор, профессор