« Back

Таълим 16.05.2020 13:36

Юртимизда ўқишга имкон берувчи илк билим портали

Ахборот технологиялари асрида, билимли, салоҳиятли баркамол авлодни тарбиялаш асосий вазифалардан бирига айланган. Шу боис президентимиз “2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили“ деб эълон қилиб, Олий Мажлис аъзоларига мурожаатномасида мамлакатимиз иқтисодиётини барча тизимини, жумладан халқ тизимини ривожлантиришга қаратилган вазифаларни белгилаб берган эди.

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб Халқ таълими вазирлиги ҳам бир қатор дастурлар ишлаб чиқиб, ҳозирги кунда амалиётга татбиқ этмоқда.

Улардан бири “kitob.uz” веб-порталидир.

“kitob.uz“ Давлат болалар кутубхонасининг янги ва замонавий портали бўлиб, китобхонларга маънавий бойлиги, маданияти, миллат кўзгуси сифатида хизмат қилиб келаётган ўзбек тилидаги электрон ва аудио китобларни ўқишга имкон берувчи ягона билим портали ҳисобланади.

Унинг асосий вазифалари, мамлакатимиз аҳолиси, чет элдаги ватандошларимиз ва ўсиб келаётган ёш авлод орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда китобларни тинглаш ва мутолаа қилиш имкониятини яратиб беришдир.

Платформада, 1000 дан зиёд маданият ва санъат, таниқли инсонлар биографияси, дарсликлар, достон, тарих, психология, ахборот технологияларига оид китоблар, ҳамда ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Кутубхонадаги барча китоблар бепул бўлиб, уларнинг аксарияти аудио версиясига эга.

Бундан ташқари китобсеварлар “kitob.uz“ порталида мавжуд аудио ва электрон китобларни юклаб олиши, шунингдек офлайн бўлган вақтларида ҳам улардан фойдаланиши мумкин. Бунинг учун фақатгина телеграм қидирув сатрига “kitob_uzb_bot” номини киритиб, ботни фаоллаштиришнинг ўзи кифоя.

Мазкур бот “kitob.uz“ веб-порталининг барча имкониятларини ўзида мужассам этган.

Назокат РАЖАБОВА,
ЎзА