« Back

Таълим-тарбия 09.06.2020 21:55

Оилада китобнинг ўрни

Юртимиз келажаги янада ёрқин бўлишида юксак, маънавиятли авлоднинг ўрни катта.  Ҳар бир ривожланган давлатнинг куч-қудрати фуқароларининг ақлу заковати билан белгиланади. Юксак маънавиятли авлодни вояга етказишда эса китобнинг ўрни беқиёс.

Замонавий  технология ва воситалар жуда кенг тарқалган замонда яшар эканмиз, ёшлар, болаларни китоб ўқишга қизиқтириш бироз мушкул вазифа бўлиб қолмоқда. 

 Юртбошимиз томонидан таълим-тарбия учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида амалиётга жорий этилган бешта ташаббуснинг тўртинчи йўналиши ҳам ёшларнинг маънавиятини юксалтиришга қаратилган.

 Бугун битта китоб ўқиган бола, эртага телевизор кўриб ўтирган ўнта болани бошқариши мумкин, дея таъкидлангани ҳам бежиз эмас.

Китоб ўқиган инсоннинг тафаккури бой, дунёқараши кенг бўлади. Ҳаёти давомида учрайдиган  турли машаққатларга қарши курашишда ўзида  куч топа олади.

Ён-атрофдаги инсонлар учун  муносиб ўрнак бўлади.

Шу ўринда савол туғилади болаларни ёшликдан китобга бўлган қизиқишини қандай ошириш мумкин? Бунинг учун аввало оила аъзолари ўз фарзандлари учун ўрнае бўлишлари муҳим. Бир сўз билан айтганда китобхонлик маданиятини шакллантиришлари лозим.

Зеро, болалар катталарга қулоқ солишмаса ҳам, улар катталарга тақлид қилишни, уларга ўхшашни исташади.

Китобга меҳр қўйган оилада китобхон бола вояга етади.  Бунда ота-оналар томонидан фарзандларнинг ёшига мос бўлган турли мавзудаги китоблардан ўқиб бериши мақсадга мувофиқ. Уларни ўқиган эртак ва ҳикояларидан тўғри хулоса чиқариши биз катталарнинг кўмаги билан амалга оширилади. Шундагина ўсиб бораётган бола ҳаёти давомида учрайдиган турли саволларга китобдан жавоб излашга одатланади, ахборотлар оқими орасидан ўзи учун керакли ва муҳим бўлган маълумотларни ола билади. 

Ҳозирги кунда фарзандларимиз таътилда. Бу эса, фарзандларимиз билан маданиятли карантинни ўтказиш, уларни таътил давомида китобхонликка қизиқишини оширишнинг айни вақти.

Сурайё ХУРБОЕВА,
Яшнобод туманидаги 255-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси