« Back

Таълим тизимида 21.04.2020 14:13

Олий таълим муассасалари карантин шароитида таҳсилни сифатли ташкил этиш учун қандай йўл тутмоқда?

Ота-боболаримиз ҳаётга баҳо бера туриб, “синовли дунё” иборасини бежизга ишлатмаганини бугунги вазият тасдиқлаб турибди.

Инсоният ўтган йилларда қанчадан-қанча синовли кунларни бошдан ўтказди. Бугун дунёни қамраб олган коронавирус инфекцияси ҳам барча давлатлар олдига, инсонлар зиммасига катта масъулият юклади. Вируснинг хавф ва зарарларини ўз вақтида тўғри баҳолаган мамлакатимиз карантин даврида амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни белгилаб олди.

Хусусан, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларига масофадан таълим олиш жорий этилди. Бу эса соҳа мутахассислари олдига ишни қай тарзда давом эттириш масаласини қўйди. Ҳукумат доирасида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар туфайли Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан карантин даврида бажарилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Аввало, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарорлар ижросини таъминлаш, талабалар билан мунтазам мулоқотни ўрнатиш, карантиндаги таҳсилни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш борасида Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти жамоаси ҳам фаол ҳаракат қилмоқда. Карантин эълон қилинган дастлабки кунларданоқ институт раҳбарияти талабаларга виртуал мурожаатнома йўллаб, барчани аҳилликка, ваҳима қилмасликка, ўз уйларида қолиб илм излашни давом эттиришга чақирди.

Карантин эълон қилинган кундан бошлаб кундузги махсус сиртқи, кечки ва сиртқи бўлимда таҳсил олаётган барча йўналишлар талабалари учун дастлаб онлайн, кейинчалик масофавий таълим бериш йўлга қўйилди. Бунинг учун институтда аввалдан ташкил этилган электрон таълим порталидаги мавжуд ўқув материаллари базасидан фойдаланилди. Муҳими, тегишли масъуллар ва профессор-ўқитувчилар томонидан ўқув материаллари базаси тезликда янгиланди, бойитилди ва тизим янада такомиллаштирилди.

Институт талабаларининг барчасига карантин давомида ўз уйларида қолиши, қоидаларга қатъий амал қилишлари баробарида масофавий таълим жараёнларида фаол бўлиш, тақдим этилаётган ўқув материаллари билан танишиш ва ўзлаштириб бориш, берилаётган вазифаларни ўз вақтида бажаришлари бўйича тегишли кўрсатмалар бериб борилмоқда.

Қолаверса, хорижлик ва чин етим талабаларни турар жойлари бўйича доимий назоратга олиниб, уларнинг ҳолидан мунтазам хабар олиб турилибди. Ҳолат юзасидан институт штабига кунлик ахборот тақдим этилмоқда.

Институт профессор-ўқитувчилари бу давр мобайнида ўзларининг илмий-тадқиқот ишлари доирасида илмий мақолалар тайёрлаши белгилаб қўйилган. Нашр режаларида белгиланган ўқув адабиётлари, монографиялар ёзиш, тасдиқланган йиллик режа асосида илмий-тадқиқот ишларини давом эттириши институт ўқув-услубий ва илмий бўлимлари томонидан қатъий назоратга олинган.

Таъкидлаш жоизки, институт раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари талабалар билан шахсий мобил телефонларидан телеграмм орқали мунтазам алоқа олиб бормоқда. Ҳар бир йўналиш бўйича талабалар гуруҳлари шакллантирилган ва жамоатчилик асосида гуруҳ сардорлари сайланган.

Институтда таҳсил олаётган талабалар орасида доимий анъана сифатида шаклланган устоз-шогирд тизими ҳам ижобий натижалар бермоқда. Жумладан, мураббийлар, етакчилар ҳамда гуруҳ сардорлари учун алоҳида телеграмм гуруҳлари ва каналлари ташкил этилган бўлиб, улар орқали талабаларнинг ҳар кунги аҳволи ва саломатлиги бўйича институт мураббийлар кенгашига кунлик ҳисоботлар тақдим этилмоқда. Телеграмм гуруҳларида, асосан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Чирчиқ давлат педагогика институти маълумотлари жойлаштириб борилмоқда. Талабалар учун телеграм мессенжерида 170 та масофавий таълим гуруҳлари тузилиб, мазкур гуруҳлар орқали профессор-ўқитувчи ва талабалар билан кундалик мулоқот йўлга қўйилган.

Ҳозирги кунга қадар, институтдаги ҳар бир таълим шакли (кундузги, сиртқи, сменали (кечки) ва махсус сиртқи) 21 та таълим йўналиши бўйича масофавий таълим платформаси йўлга қўйилди.

Масофавий таълим платформасига дастлаб, институтда фаолият олиб бораётган 250 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ҳақида маълумотлар киритилди. Худди шунингдек, барча таълим шакллари ва йўналишларида таҳсил олаётган 9 минг нафардан кўпроқ талабаларга шахсий логин ва пароллар орқали фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Ҳар бир курс топшириқлари мазмунан тўлдирилиб, улар бўйича маъруза, амалий машғулот, лаборатория машғулоти ва семинарлар, шунингдек, мустақил таълим бўйича топшириқлар масофавий таълим платформасига жойлаштириб борилмоқда.

Таълим тури кундузги бўлган 21 та таълим йўналишида таҳсил оладиган талабалар учун режага мувофиқ ўзбек гуруҳлари учун ўқув курслари платформага жойлаштирилди.

Таълимнинг сиртқи турида таҳсил оладиган 12 та таълим йўналиши талабалари учун ўзбек, рус тилларида ўқув режаларига мувофиқ барча фанлар бўйича курслар яратилди.

Бу каби амалга оширилаётган ишлар талабаларга ҳар бир фан ва мавзу билан танишиш, машғулот турига қараб дарсга олдиндан тайёргарлик кўриш, мавзу юзасидан туғилажак саволларни олдиндан тайёрлаш ҳамда мустақил ўқиш кўникмасини шакллантириш имконини яратмоқда.

Талабалар олий таълим муассасалари ва мазкур институтда жорий қилинган танлов, лойиҳа, акцияларда ҳам фаол иштирок этишмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 11 апрелида Москва шаҳрида талабалар ўртасида ўтказилган онлайн интернет халқаро олимпиадасида 2-босқич талабаси Жумабоева Чаросхон биология фани бўйича биринчи ва кимё фани бўйича иккинчи ўринларни эгаллади.

Институтда тегишли бўлимлар ва Матбуот хизмати томонидан талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил, китоб мутолаасини тарғиб қилиш мақсадида бир нечта лойиҳалар ташкил этилди.

“Бир ойда 10 китоб билан, бир йилда 100 китоб билан дўстлашаман” лойиҳаси доирасида институтнинг телеграмм каналларида #kitob_bilan_uyda_qol челленжи ташкил этилди. Қатор лойиҳа ва челленжларда фаол иштирок этаётган ва қизиқиш билдирган ёшлар сони 12 минг нафардан ошди.

Шунингдек, таниқли адибларнинг асарларини ўзида жамлаган https://audiobook.edu.uz портали, @audiokitoblaruz телеграм канали орқали кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг март ойидан 20 апрелга қадар 126 та илмий иш нашрдан чиқарилди, жумладан Scopus ва Web of Science халқаро базаларига киритилган журналларда, юқори импакт факторга эга бўлган халқаро журналларда, Ўзбекистон Республикаси олий аттестация комиссияси рўйхатига киритилган журналларда нашр қилинди.

Халқаро ва республикамизда бўлиб ўтган илмий конференцияларда илмий тезислар нашрдан чиқарилди. Бундан ташқари, монография, ахборот-коммуникация технологияларига оид дастурлар ва электрон маълумотлар базалари учун гувоҳнома, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган турли материаллар бўйича гувоҳномалар ҳам олинди.

ЎзА