« Back

Табиат 06.06.2020 12:55

Ботаника институти – табиий флора билан шуғулланадиган ягона илмий даргоҳ

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ташкил топганига 80 йил, Ўзбекистон Миллий гербарийси ташкил топганига эса 100 йил тўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, институтнинг ноёб илмий объекти – "Марказий гербарий”ни миллий аҳамиятга эга гербарий, деб тан олиш ва унга “Ўзбекистон миллий гербарийси” мақомини бериш вазифаси белгиланди. Бу бежизга эмас, албатта.

Ботаника фани ҳам ўз тарихига эга. Шарқнинг буюк алломалари бўлган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Қошғарий, Ал Розий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби юртдошларимиз ўсимликлар оламини ўрганишга илк бор асос солганлар. Мазкур фанда ўз мактабини яратган машҳур олимларимиз, академиклар Е.П.Корвин, К.Закиров, А.Музаффаров, Ж.Саидов ўсимликларни ўрганишда турли йўналишлар бўйича тадқиқотларга раҳбарлик қилиб, ривожлантирган.

Ботаника институти Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли илмий тадқиқот институти бўлиб, МДҲ, шунингдек, хориж мамлакатларида ҳам тан олинган. Республикамиздаги энг нуфузли даргоҳлардан саналувчи мазкур институт Ўзбекистонда табиий тарзда ўсувчи ёввойи ўсимлик олами билан шуғулланадиган ягона илмий муассасадир.

Ботаника институти 1940 йилда ташкил топган. 1941 йилда Ботаника ва тупроқшунослик институти, деб номланган. 1950 йилдан эса мустақил Ботаника институти бўлган. 1998 йилда институтга Ботаника боғи қўшилгач, Ботаника институти ва Ботаника боғи, деб атала бошлади. 2001 йилда институт ва Ботаника боғи қошида “Ботаника” илмий (текшириш) ишлаб чиқариш маркази ташкил қилинди.

1940-2000 йиллар мобайнида институтда 17 та лаборатория илмий фаолият олиб борган. Ботаника институти томонидан 1940-1962 йилларда 6 жилдли “Ўзбекистон флораси”, 1968-1993 йиллар давомида 10 жилдли “Ўрта Осиё ўсимликлари аниқлагичи” номли ҳамда Ўзбекистон “Қизил китоби” (1984-1998 йил), 4 жилдли “Ўзбекистон ўсимликлар қоплами ва ундан омилкорлик билан фойдаланиш йўллари” (1971-1984 йил), “Ўзбекистон палеоботаникаси” (1968-1981 йил, 3 жилд), “Ўрта Осиё чўллари ўсимликларининг экологик анатомияси” (2 жилд), “Экология”, “Лолалар” ва бошқа юзлаб монографиялар олимларимизнинг кўп йиллик илмий-ижодий изланишлари натижасида яратилган. Шунингдек, олий ва ўрта махсус, умумтаълим муассасалари учун “Ботаника” дарсликлари яратилди.

Ҳозирги кунда Ботаника институтида 1 нафар академик, 8 нафар фан доктори, профессор, 20 нафардан зиёд фан номзодлари илмий фаолият олиб бормоқда. Ботаника институти флора, ўсимликлар систематикаси, геоботаника, морфология ва анатомия, микология, алгология, захирашунослик, камёб ва йўқолиб бораётган ўсимликлар кадастри ва давлат кадастрини юритиш бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказишга ихтисослаштирилмоқда.

Мустақиллик йилларида институтда Ўрта Осиё флорасининг замонавий таркиби тузилган, маҳаллий флорани яратиш бўйича янги тадқиқотлар бошланган. Ботаник географик районлаштиришнинг янги схемаси ва Ўзбекистон маҳаллий флорасининг янги электрон маълумотлар базаси ишлаб чиқилган. Бу вақт мобайнида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан фан учун 33 дан ортиқ янги тур топилган. Миллий “Қизил китоб”нинг 3 та нашри тайёрланган. Китобнинг янги чоп этилган нашрлари аввалги чоп этилганларидан тубдан фарқ қилади. Жумладан, китобда ҳар бир йўқолиб бораётган ўсимликларнинг табиий шароитда ўсиб турган рангли сурати, уларнинг экологияси, тарқалиш хариталари берилган.

Академик Комилжон Тожибаевнинг бевосита раҳбарлиги остида институт олимлари томонидан 2016-2017 йилларда Ўзбекистон Миллий флорасининг янги – 1- ва 2-жилди, 2019 йилда эса 3-жилди нашрдан чиқди.

Марҳамат МАТВАФЕВА,
Биология фанлари номзоди