« Back

Тадбир 04.06.2020 13:27

Адиблар хиёбони - маънавият манзили

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия Ҳарбий техник институти билан ҳамкорликда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, жаҳон адабиётида ўз ўрнига эга улуғ аллома –Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишлаб «Адиблар хиёбони – маънавият маскани» мавзусида маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходимлари, ”Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия Ҳарбий техник институти ходимлари ва курсантлари,Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Абдулҳай Собиров,оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов кириш сўзи билан очиб берди.

Бугунки кунда адабиётга ,маънавиятга берилаётган эътибор туфайли адиблар хиёбони чин маънода маънавият масканига айланмоқда. Улуғ алломаларни, шоирларни эслаш, ёд этиш тарихимизга бўлган юксак эҳтиромни билдиради.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлар доктори Абдулхай Собиров «Бобур - буюк шоир, моҳир саркарда ва давлат арбоби» мавзусида маъруза қилди. А.Собиров ўз маърузасида Бобур шахсининг ҳали ўрганилмаган қирралари ҳақида сўз юритиб, Бобур нафақат шоир,балки улуғ саркарда, меъмор, инсонпарварлиги, иродаси бақувват, очиқ юзли инсон эканлигини илмий асосда, ҳаётий воқеалар орқали очиб берди.

Примқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асари асосида суратга олинган видеоспектаклида Бобур образини талқин этган Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ёшларга спектални олиш жараёни ҳақида, Бобур образининг орадан 30 йил ўтса-да ҳали ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани, уни ҳар кўрганда Бобур шахсининг янги қирралари очилаётганини айтиб ўтди.Шунингдек, ёшларга ҳар қандай улуғ мақсадга эришиш учун илм кераклигини таъкидлади. М. Абдуқундузовнинг Бобур образидаги бадиий чиқиши иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Дунё таниган алломалар орасида Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳнинг алоҳида ўрни бор. У yлуғ миллатпарвар адиб, буюк салтанатнинг асосчиси, ҳам оламий тафаккур соҳиби бўлган аллома, ҳам шавкатли баҳодир, шу билан бирга ўз оиласини жаҳоннинг йирик сулолаларидан бирига айлантира олган меҳрибон ота сифатида қадрланади.

Тўртта нарса инсонда яхши ном қолишига сабабчи бўлар экан. Яхши китоб, яхши бино, яхши боғ, яхши фарзанд. Бобуршоҳдан ҳам мана шуларнинг барчаси қолган.

Тадбирда курсантлар томонидан ижро этилган саҳна кўринишлари, улуғ мутафаккир қаламига мансуб ғазаллар ва шеърлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Ҳилола Иброҳимова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси