« Back

Тадбир 05.06.2020 13:23

Адабиёт – халқнинг юраги...

Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Таълим муассасасида ўтказилган китоб ярмаркасида адибнинг мустақиллик йиллари нашр қилинган асарлари, ҳикоя ва шеърий тўпламлари тақдим қилинди. Унда профессор-ўқитувчилар ва курсантлар фаол иштирок этди.

Ярмаркада Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи энг кўп харид қилинган асарлар қаторидан жой олди. Шунингдек, ёшлар томонидан «Кўклам руҳи», «Қор қўйнидаги лола» китобларига ҳам катта қизиқиш билдирилди.

Шу куни ўқув даргоҳининг Ахборот-ресурс марказида «Чўлпонни англаш» мавзуида адабий кеча бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар ватандошимиз ҳам шоир, ҳам ношир ва драматург сифатида баракали ижод қилгани, халқни маърифатли бўлишга чорлаганини таъкидлаб ўтди. Замонасининг илғор фикрли кишилари қатори туҳмату дашномлар билан қатағонга учраган Чўлпон асарларини ўрганиш ва тадқиқ қилиш, том маънода, мустақилликка эришганимиздан сўнг янгидан жонланди.

– Таълим муассасамизда «Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавияти кўзгуси» тамойили асосида ёшларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш, бу борада аждодларимиз мероси, хусусан, Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳаёт йўли ва ижодини ўрганиш, асарларини тингловчи-курсантлар онгу шуурига сингдириш ва тарғиб қилиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг 26-28 май кунлари профессор-ўқитувчиларимиздан иборат гуруҳ ижодий сафар билан адиб туғилиб вояга етган Андижон вилоятида бўлдик. Сафар давомида Чўлпон хотирасига атаб бунёд этилган ёдгорлик музейи, Андижон давлат университети қошидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейида учрашувлар ташкил этилди, – дейди ИИВ Академиясининг биринчи ўринбосари, полковник Ўткирбек Муҳамедов.

Албатта, маърифатпарвар шоир ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш ёшларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Жамшид ХОЛОВ,
катта лейтенант