« Back

Тадбир 23.09.2020 14:21

ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Бугун курраи заминни биргина истак чулғаб олган. Соғлик ва осойишталик кўнгилларга яна қўним топиб, бутун инсоният дунёни ўргимчак тўри сингари ўраб олган коронавирус пандемиясидан халос бўлишни тилайди. Бевосита ушбу балога қарши курашишда метин иродаси, жасорати, тинимсиз меҳнати билан керак бўлса, жон фидо этаётган шифокорлар олдида эса ҳар қанча таъзим бажо айласак кам. Зеро, уларнинг қадри бугун ҳар қачонгидан-да юксалган. Кўринмас ёвга қарши илк дақиқаларданоқ жангга отланган, юрти, халқи учун мардларча кўксини тута олган шифокорлар бунга арзийди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонасида «Шифокорлар – замонамиз қахрамонлари» мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда муассаса шифокорлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – коронавирус пандемиясига қарши курашиб, юксак билими, салоҳияти ва профессионал маҳорати билан халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатаётган ҳамда беморлар ҳаётини сақлаш мақсадида ўз ҳаёти, соғлигини хавф остига қўяётган шифокорлар меҳнатини эътироф этиш ва рағбатлантиришдан иборатдир.

Таъкидланганидек, пандемия вақтида берилган қатъий топшириқлар ижроси таъминланиши натижасида тезкорлик билан қатор масалалар ечилди. Жумладан, касалланганлар учун қўшимча равишда қарийб 50 мингта ўринлар ташкил этилди. Тез ёрдам хизматига янги 400 та хизмат машинаси харид қилинди ва чақирув қўнғироқларига 10 сония ичида жавоб берадиган тизим ишга туширилди.

Асосий электорати сафига тиббиёт ходимларини киритган Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси депутатлари коронавирус пандемияси пайти шифокорлар маошини ошириш таклифи билан чиққан эди. Ғоялар ўз тасдиғини топиб, «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган» тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори имзоланди. Унга кўра коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга қиришадиган, зарарланган  беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда лабораторияларда фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун солиқлардан ташқари махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди. Коронавирусга қарши курашишга жалб этилган 5,5 минг нафар тиббиёт ходимининг ойлик маошига қўшимча 120 фоиз устама тўлаш мазкур соҳа вакилларига эътибор давлат даражасида эканини англатади.

Шу билан бирга, қисқа вақт ичида Зангиота туманида 2000 ўринли кўп тармоқли махсус шифохонаси қуриб битказилди. Шифохона комплекси енгил конструкцияли, изоляция қилинган сендвич панелларни қўллаган ҳолда энергия тежамкор технологиялар асосида қисқа муддатда қурилди. Энг сўнгги замонавий тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланди. Аҳамиятлиси, шифохона қоғозбозлик амалиётидан воз кечган. Барча ишлар «Электрон соғлиқни сақлаш» тизими орқали амалга оширилади. Муассасанинг 72 ўринли реанимация бўлимида ҳар бир койка ўпканинг сунъий вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланди. Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонасида уюштирилган тадбир олдидан партия вакиллари ушбу жойни синчковлик билан кўздан кечирар экан, шифокор ва беморларга яратилган шарт-шароитлар тўкис адо этилганлигига гувоҳ бўлишди. Шифохона девор ва ромларини тўлдирган тузалиб чиққан беморларнинг миннатдорлик битилган хатлари эса қалбларни янада тўлқинлантириб юборди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров очиб берар экан, ҳар қачонгидан-да юқори ҳаяжоннинг сабабкорлари, эҳтиром эгалари 150 нафар қаҳрамонлар қаршисида турганлигидан бағоятда мамнун эканлигини эътироф этди:

– Коронавирус пандемиясига қарши курашиб, юксак билими, салоҳияти ва профессионал маҳорати билан халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишда жонбозлик кўрсатаётган ҳамда беморлар ҳаётини сақлаш мақсадида ўз ҳаёти, соғлигини хавф остига қўяётган шифокорлар меҳнатини ҳар қанча эътироф этса, шунча кам. Бу борада партиямиз коронавирус пандемияси пайти шифокорлар маошини ошириш таклифини ишлаб чиққан эди. Ғояларимиз амалий ҳаётга татбиқ этилиб, «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президент Қарори имзоланди. Бундан ташқари, Президентимиз томонидан қисқа вақт ичида 2 та фармон имзоланиб, унга кўринмас ёвга қарши курашаётган 400га яқин замонамиз қаҳрамонларига давлат мукофотлари берилгани соҳа фидойиларининг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшгани ҳам бор гап. Бугунги тадбирда иштирок этаётганлар орасидаги тақдирланганларни ҳам ўзим ва партиямиз номидан чин қалбимдан табриклайман. Алоҳида таъкидлашим керакки, шифокорлар бизнинг асосий электоратимиз, ўз навбатида тиббиёт соҳаси ҳам бизнинг бирламчи дастурий вазифамиздир. Шу боисдан бу соҳа фракциямизни, ҳам маҳаллий Кенгаш депутатларимизнинг ҳам диққат марказида туради. Мисол учун ўтган давр мобайнида депутатларимиз ташаббуси ва масъуллигида Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисидаги, Фарзандларни кўкрак сути билан озиқлантириш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинган бўлса, Инсон органлари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисидаги ҳамда Шифокорларни тазйиқлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аҳоли соғлигини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Елена Борисова, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Ташпўлат Матибаевлар ҳам шифокорларга ўз миннатдорчиликларини изҳор этиб, илиқ фикрларни келтириб ўтишди.

Партия ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда  шифокорларнинг фидокорона меҳнати яна бир бор эътироф этилди. Шифокорларга мамлакатимиз аҳолисининг миннатдорчилигини, улар билан елкама-елка эканлиги етказилди. Тадбирда сўзга чиққан шифокорлар ҳукуматимизга, тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, ўзлари учун ҳам, беморлар учун ҳам барча шароитлар яратилганини таъкидлашди. Шундай бўлса ҳам фуқароларимиздан ҳали хавф чекинмагани учун огоҳликни бир дақиқа ҳам йўқотмаслик, беэътибор бўлмаслик лозимлигини таъкидлашди. Аҳолимизнинг белгиланган қонун-қоидаларга амал қилиши уларнинг давлатга ва шифокорларга берган энг катта ёрдами эканлиги қайд этилди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби