« Back

Тадбирлар 26.06.2020 11:59

Профилактик тадбирлар қандай самара бермоқда?

Дунёда ва мамлакатимизда кузатилиб турган пандемия кўплаб соҳалар қатори, темир йўл транспортини ҳам четлаб ўтмади. Мамлакатимизга     COVID-19 инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида маълум вақт давомида маҳаллий йўловчи ташувчи поездлар фаолияти тўхтатиб қўйилди. Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқлангач жорий йил 18 май кунидан бошлаб, маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини амалга оширишга рухсат берилди. 

Маълум танаффусдан сўнг “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси инспекторлари ҳам ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш борасидаги кенг қамровли фаолиятларини давом эттиришяпти. Марказий аппарат ва филиаллар ходимлари айни пайтда асосий эътиборни профилактик тадбирларга қаратишган. Сабаби, йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликларни олдиндан бартараф этиш муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Профилактик ишларда айнан  эҳтимолий хавфни, нуқсонларни камайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 

Жорий йилнинг ортда қолган 5 ойи давомида инспекторлар томонидан 1372 та профилактик тадбирлар ташкил этилди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 17 тага кўпдир. Тадбирларда 9500 нафардан зиёд темир йўл транспорти ходимлари иштирок этиб, ўз билим ва малакаларини мустаҳкамлаб олишди. Шунингдек, аниқланган камчиликлар баратараф этилиш чоралари кўрилди ва бу орқали ҳаракат хавфсизлиги бузилиши олди олинди. Ҳар бир хўжалик бўйича норматив ҳужжатларнинг талаби ва  амалиётда қўлланиши бўйича тушунтиришлар  берлди. Темир йўл транспортига алоқадор ҳужжатлардаги ўзгариш ва қўшимчалар, янгиликлар бўйича маълумот берилди. 

Профилактик ишлар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарда ҳамда шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектларида ўтказилди. Олиб борилган ишлар натижасида шохобча темир йўлларида ҳаракат хавфсизлиги бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар 50 фоизга камайди. Бу ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг локомотив ва вагонларини турли талафотлар, кўзда тутилмаган харажатлардан сақлаб қолди. 

Фирдавс Хайриддинов,  
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг матбуот котиби - Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси